Баҳор фасли яқинлашиши билан барча хонадонларда, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида кўчат экиш ишлари бошланиб кетади.

    Кўчатнинг нави, турига қараб, уни экиш муддатлари белгиланади. Уруғлик кўчатларни баҳор ва куз фаслида ҳам экиш мумкин. Данакли кўчатларни эса баҳорда экиш мақсадга мувофиқ.

    Боғ барпо этиш учун аввало, яхши ер майдони танлаб олинади. Ернинг ҳолатидан келиб чиқиб, қандай кўчат экиш кераклиги ҳал этилади. Дастлаб, экиладиган ер майдонида ҳар битта кўчат учун ер ковланади. Албатта, бунинг ҳам ўз технологияси бор. Бунда ернинг дастлабки 30 сантиметр қатлами алоҳида олинса, кейинги 30 сантиметр қатлами алоҳида ковланади. Бундай қилинишининг сабаби, ернинг устки унумдор қатлами кўчат экилаётганда энг пастки қаватга ташланади. Кўчат экиладиган жой 50-60 сантиметр чуқурликда ковланиши керак.

    Кўчатда асосий, ён ва сўрувчи илдизлар бўлади. Сўрувчи илдиз ердаги озуқаларни ўзига тортиш, ўзлаштиришга хизмат қилади. Шу боис ҳам, ернинг устки қатламидаги озуқага бой тупроқ чуқурнинг пастки қисмига ташланади.

    Айтайлик, кўчат экишда ярим пакана пайвандтагга уланган олма нави танлаб олинди. Уни экишдан олдин энг аввал илдизнинг зарарли қисмлари кесиб олинди. Бу эса илдиз озуқани яхши ўзлаштиришини таъминлайди.

    Кўчатни экаётганда унинг пайвантаг уланган жойи тупроқнинг устида қолиши керак. Агар пайвантаг уланган жой тупроқдан пастда қолса, унда пайвантагнинг кучи йўқолиб, фақатгина кўчат навининг ўзи ўсади.

    Пайванд қилинган жой шамол эсадиган тарафга қаратилиб экилади. Агар у шамолга қарши тарафга қўйиб экилса, кўчатнинг синиш эҳтимоли юқори бўлади.

    Экаётганда кўчатни ковланган чуқурнинг ўртасига тўғри қўйиш керак. Шунда илдизлар яхши ва озуқа олишга мос ҳолда бўлади. Кўчат экилиб, устига тупроқ тортилганидан кейин уни эҳтиёткорлик билан тепага сал тортиб қўйилади.

    Шундан сўнг ҳаво кирмаслиги учун чуқурга ташланган тупроқлар эҳтиёткорлик билан оёқда босиб чиқилади.

    Кўчат қайси мавсумда экилишидан қатъий назар, унинг устига 10 литр миқдорида сув қуйилиши керак. Бу жараён тупроқдаги намликни сақлаб туришга хизмат қилади. Қуйилган сув сингиб кетганидан кейин унинг устига тупроқ тортиш керак. Шунда тупроқ ёрилишининг олди олинади.

    Кўчат экиш жараёнида унга ўғит бериш мумкин эмас. Чунки кўчатнинг илдизини кимёвий ўғитлардаги азот куйдириб қўйиши мумкин. Ўғитларни кўчатнинг вегетация даврида бериш мақсадга мувофиқ.

    Кўчат экилганидан 2-3 кун ўтиб, у кесилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Агар олдинроқ кесилса, кўчат тагидаги намлик чиқиб кетади ва қуриб қолади. Кўчатни кесишдан мақсад эса илдиз тизими яхши ривожланиши ва у ўзини озуқа билан таъминлаб бера олиши кўзда тутилади. Кўчатни 40 - 70 сантиметргача кесиш тавсия этилади.

Рустам Раҳимов

Самарқанд давлат университети

Мева-сабзавотчилик ва узумчилик кафедраси катта ўқитувчиси,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.