Телеграмнинг https://t.me/Talimgaoid_perevod каналида эълон қилинган “Samarqand davlat universiteti: viloyat hokimining gapi o'tmay qolganmi yoki hammasi piarmi?” сарлавҳали маълумот юзасидан Самарқанд давлат университети маъмурияти қуйидагиларни маълум қилади:

    Жозибадор сарлавҳага ўч одамлар аслида нимани кўзлашини биласизми? Мўмай даромад “исини олгач”, обуначилари сонини ошириш илинжида ҳаловати йўқолган кимсаларнинг бундай ҳаракати замирида қийналган одамларга ёрдам бериш ётибди, деб ўйлайсизми?!

    Адашасиз!

    Қанийди, мазлумлар ҳимоясига отланган шахслар буни ҳеч қандай таъмасиз қилса, бир қўли билан жабрланганлар бошини силаб, иккинчиси билан (https://t.me/Perevod_reklama) реклама туширишдан даромад қилишга кўз тикмаса!

    Аслида бундай кимсаларга бирор бир фуқаронинг иши битишининг аҳамияти ҳам йўқ. Ягона мақсади – обуначилари сонини ошириш орқали мўмайгина даромад топиш.

    Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларини қўпол тарзда бузаётган (республика ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган, туширилган реклама даромадидан солиқ тўламайдиган) бундай канал эгаларига нисбатан кескин чоралар қўллаш вақти етиб келган.

    Ваколатли органларга кўра, ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бораётган бунақа “ҳожатбарорлар” ҳақиқатда мавжуд муаммони ҳал этиш ёки вазиятни юмшатиш ҳақидаги конструктив таклифлар ўрнига бошқаларнинг қимматли вақтини ўғирлашга,   корхона ва ташкилот раҳбарларининг ишчанлик обрўсига путур етказишга қаратилган маълумотларни ижтимоий тармоқда эълон қилиб, “очко” йиғишга интилмоқда.

    Кредит-модул тизимига ўтган дунёнинг аксарият ОТМ каби, СамДУда ҳам академик қарздор талаба мазкур фанлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 8-боб, 41-бандига кўра,  таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида ташкил қилинган қўшимча дарс машғулотлари учун уларга ажратилган кредитлар миқдорига мос равишда тўловни амалга оширади.

    Мазкур тартибни Самарқанд давлат университети ўйлаб топмаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-боби, 25-бандида “Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади”, деб белгилаб қўйилган. Нима, СамДУ шу тутуриқсиз ёзишмалардан чўчиб, талабанинг баҳосини шундай қўйиб берсинми?! Балки, ижтимоий тармоқда шов-шув кўтарар экан деб, қолганларига ҳам намунадаги дипломни бериб юборсак-чи?!

    Йўқ! Ҳар қандай ўзбошимчаликнинг чегараси бор. Сувни лойқалатиб иш битиришга уринувчи шахсларга шуни эслатиб қўймоқчимиз: аниқ ва конкрет муаммо юзасидан юборилган мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ўз ечимини топади. Қолган вазиятлар фақат ўзингизга қарши ишлаши мумкин.

    Кредит-модул тизимининг хорижий давлатларда ҳам ўзини оқлаган энг муҳим шарти – талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқини ошириш, яхши ўқимайдиган талабаларни курсдан қолдириш “жазоси” эвазига тартибга чақиришдир. Нега яхши ёки аъло ўқийдиган талабанинг ёнида фанларни ўзлаштирмаган талаба ҳам курсдан курсга ўтиб кетавериши керак, деган ўринли саволга адолатли жавобдир.

    Талабалар ва уларнинг мурожаатини дастаклаётган шахслар бир нарсани яхши тушуниб олишларини истардик: СамДУ юқоридаги қоидадан чекина олмайди. Ҳукумат чиқарган ушбу Низом талабларини бажармаслик қоидабузарликка олиб келади. Талаба ўқув режасида белгиланган фанларни белгиланган тартиб асосида ўзлаштириши шарт.

 

Шароф Рашидов номидаги

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати