Самарқанд азал-азалдан миллионлаб халқларнинг меҳри ва ҳурматини ўзига жалб қила олган кўҳна шаҳар. Бу меҳр ва ҳурмат бир неча асрлар силсиласида сайқал топиб, юксалиб бормоқда. Университет хиёбонида ташкил этилган ШҲТга аъзо мамлакатлар халқлари миллий маданияти акс этган “ШҲТга нигоҳ” маданий-маърифий дастурлари халқларни бирлаштириб турган дўстлик ришталарининг ўзига хос ифодаси бўлди. Рус, хитой, қозоқ, қирғиз, ҳинд, покистон ва тожик каби халқларнинг миллий маданият намуналари, куй ва рақслари намойиши Самарқанддан туриб янграр экан, бу халқларнинг абадий дўстлиги, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик алоқалари санъат воситасида янада гўзал кўринишда намоён бўлди.

    - Мана неча кундирки, халқларни ўзаро дўстлик ва баҳамжиҳатлик руҳида бирлаштирадиган тарихий лаҳзаларга гувоҳ бўлиб турибмиз, - дейди Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гуландон Субҳанова. - Кўргазмаларда акс этган соф миллий анъаналар, самимий меҳмондўстлик намуналари бугунги муҳим кунларда одамларга ўзига хос байрамона кайфият бахш этмоқда. Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатлар азал-азалдан мавжуд. Бу алоқалар маданият ва анъаналар уйғунлиги, қон-қариндошлик муносабатлари асосида турмушимизга сингиб кетган. Биз ана шу дўстликни ўзига хос тарзда акс эттириб бераётганимиздан мамнунмиз.

  - Бугунги тадбирларда биз халқларимиз ўртасидаги яқин дўстлик алоқалари, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга бағишланган чиқишлар, миллий маданият, санъат ҳамда бадиий ҳунармандчилигимизни акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этиб, турли жанрлардаги театрлаштирилган бадиий саҳна кўринишлари ҳамда концерт дастурлари билан иштирок этяпмиз - дейди Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбой Усенов. – Бу каби тадбирлар, ўз навбатида, нафақат ШҲТ га аъзо давлатлар халқларининг, балки бутун Шарқ ва Ғарб халқлари ўртасидаги анъанавий давом этиб келаётган абадий дўстлик ва ҳамкорликнинг янги бир саҳифаси бўлиб қолишига аминмиз.

Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган сурат