“- Юртимизга жавдар асосан хориждан олиб келинади. Ҳолбуки, уни юртимизда ҳам бемалол етиштирса бўлади. Қолаверса, бу ташқи импортдан анчайин арзонга тушади”...

    “- Тиббиётда жавдар ўсимлигидан ҳар хил онкологик касалликлар, артрит, артероз, суяк яллиғланиши, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, бронхиал астма, тери касалликлари, қалқонсимон без касалликларига қарши препаратлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Қолаверса, жавдар унидан тайёрланган маҳсулотлар ортиқча вазн муаммоси билан азият чекаётган беморлар учун фойдали...”

    Самарқанд давлат университети биология факультети магистранти Марҳабо Махрамова “Бир йиллик жавдарнинг айрим физиологик кўрсаткичлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Шу кунгача унинг мазкур мавзу юзасидан 10 га яқин мақолалари халқаро ва республика нашрларида чоп этилган. Марҳабо табиий фанлар йўналиши бўйича республика олимпиадаси совриндори. Унинг асосий илмий фаолияти жавдар ўсимлигининг физиологик хусусиятларини ўрганишга қаратилган.

    – Жавдарнинг ватани Кичик Осиё, Марказий Америка, Эрон, Кавказ, Жанубий Африка мамлакатлари ҳисобланса-да, асосан Европа мамлакатларида кўп экилмоқда, - дейди Марҳабо Махрамова, - Ғарб мамлакатлар жавдар донини экспорт қилиш бўйича жаҳонда етакчи мамлакатлар қаторида туради. Айни вақтда жавдарнинг ялпи ҳосилдорлигини ошириш ва унинг янги навларини яратиш бўйича қилинаётган изланишларга илмий жамоатчилик томонидан катта эътибор берилмоқда. Ҳозирда илмий раҳбарим, ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси доценти Сирожиддин Ўроқов билан биргаликда Жомбой тумани “Улуғ барака” фермер хўжалиги ҳудудида 20 сотих ер майдонида жавдарнинг Вахш-116 ва Шалола навларини экиб, тажриба олиб бормоқдамиз. Тажрибаларда жавдар уруғларининг унувчанлиги, ўсиш давомийлиги, сув алмашинуви хусусиятлари, фотосинтетик фаолияти, транспиратсия жадаллиги, сув сақлаш қобилияти ҳамда маҳсулдорлик кўрсаткичлари ривожланиш фазалари бўйича ўрганиляпти. Шунингдек, жавдарнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамли, сифатли ҳамда серҳосил навларини яратиш ҳам тадқиқот мақсадларидан биридир.

    Ҳаммага маълум, ўзбек халқи “нонсевар” миллат. Бизнинг бозорларда буғдой нони билан бир қаторда бошқа турдаги нон маҳсулотларига талаб ҳамиша юқори бўлиб келган. Юртимизга жавдар асосан хориждан олиб келинади. Ҳолбуки, уни юртимизда ҳам бемалол етиштирса бўлади. Қолаверса, бу ташқи импортдан анчайин арзонга тушади.

    Жавдар буғдойдан кейин иккинчи ўринда турадиган қишлоқ хўжалиги экини бўлиб, озиқ-овқат саноатида ва чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Шунингдек, унинг шифобахшлик хусусиятлари ҳам юқори. Жавдар дони таркибида қон айланишини яхшиловчи А ва ПП витаминлари, макро ва микроелементлар, аминокислоталар, оқсиллар, углеводлар, органик кислоталар ва минерал тузлар учрайди. Бу моддалар одам организмида тўқималар ўсиши ва қайта тикланишини таъминлайди. Тиббиётда жавдар ўсимлигидан ҳар хил онкологик касалликлар, артрит, артероз, суяк яллиғланиши, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, бронхиал астма, тери касалликлари, қалқонсимон без касалликларига қарши препаратлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Қолаверса, жавдар унидан тайёрланган маҳсулотлар ортиқча вазн муаммоси билан азият чекаётган беморлар учун фойдали. Сабаби, жавдар уни таркибида буғдой унига қараганда липидлар кам учрайди. У калсийга бой, суяк тўқималарининг мустаҳкамланиши ҳамда асаб тизимининг нормал ишлашини таъминлайди. Маҳсулот таркибида темир ва магнийнинг мавжудлиги қон таркибини нормаллаштиради. Жавдарнинг таркибида кўп учровчи тиамин моддаси озиқ-овқатларнинг фаол парчаланишига ёрдам беради, овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди. Қондаги холестерин миқдорини мўтадиллаштиради. Бу эса ўз-ўзидан ортиқча вазн муаммосини бартараф этишга ёрдам беради.

    Жаҳон қишлоқ хўжалиги тажрибасида тупроқ унумдорлигини ошириш учун жавдар ўсимлигидан сидерат яъни “яшил ўғит” сифатида фойдаланилади. Деҳқончиликда тупроқ ҳосилдорлигини ошириш учун экиладиган экма ўсимликларга нисбатан “яшил ўғит” термини қўлланилади. Агрономияда жавдардан “яшил ўғит” сифатида кенг фойдаланилади. Бунда аввалига, ҳосили йиғиб олинган экин далаларига жавдар экилади. Кейин эса баҳорда асосий экин экилишидан олдин тупроққа қўшиб ҳайдаб юборилади. Ўсиб келаётган ёш жавдар поялари тупроқ таркибига сингиб, унинг физик хоссаларини яхшилайди, таркибини органик модда ва азотга бойитади ҳамда тупроқ унумдорлигини оширади. Бу шубҳасиз, ҳосил миқдорининг кескин ортишига ёрдам беради. Кўринадики, жавдар ўсимлиги самарадорлик жиҳатдан озиқ-овқат саноати ва тиббиёт соҳалари билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги учун ҳам “кони фойда” ўсимликдир.

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.