Вақт ҳамма нарсани даволайди, дейдилар. Бир одам оламдан ўтар экан, ортида қолган яқинларининг қалбидаги айрилиқ дарди ҳам йиллар ўтиб, енгиллашади. Баъзилар эса бир неча йиллардан сўнг бутунлай унут бўлиб кетади. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг вафотидан кейинги соғинч вақт ўтиши билан унутилмайди, балки кун сайин кучайиб, борган сари чуқурлашиб боради. Орамизда у инсоннинг йўқлиги ҳар дам билиниб, сезилиб туради. Ана шундай устозлардан бири тилшунослик соҳасининг етук билимдони, филология фанлари доктори, профессор Бекмурод Йўлдошевдир.

    Одатда, таълим ва тарбия ҳақида сўз кетса, бевосита унинг сифати ва самараси ҳақида баҳс бошланади. Бу табиий ҳол. Чунки таълимнинг моҳияти баркамол авлодни, эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларни ватанимиз тараққиёти, халқимиз манфаати йўлида кенгқамровли билим ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлишини таъминлашдир. Тарбияланган инсон тарбиялайди, таълим олгангина таълим бера олади. Бу ҳам айни ҳақиқат. Ўқувчи, талабалар билимга қизиқмайди, улар ялқов бўлиб кетган, аксарияти фанларни ўзлаштира олмайди, лоқайд деган саволлар билан ўзимизни алдаймиз, холос. Гап илм олувчи талабадами, ё билим берувчи муаллимдами.

    Ҳақиқий муаллим фанига, Ватанига, шогирдларига меҳр оқибатли бўлади. Шулар ҳақида ўйласак, ярим аср муддат мобайнида ўз умрини она тили фанига бағишлаган устоз Бекмурод Йўлдошев кўз олдимизга kelaveradi...

    Тўғрисўз, фидойи, жонкуяр устоз 70 ёшида фоний дунёни тарк этди. Бу тилшунослик соҳасида чинакам йўқотиш бўлди. “Тилшуносликни соҳасининг бир устуни қулади” деган эди совуқ хабарни эшитган бир домламиз. У киши ҳақ эди. Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин устозни. Улар билан боғлиқ бир воқеани эслаб ўтмасам бўлмас. Ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган она тили ва адабиёт фанидан олимпиаданинг туман ғолиби сифатида вилоят босқичида 9-10-11 синфларда кетма-кет уч йил иштирок этдим. 11-синфда яна иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келдик. Вилоят олимпиадасига ўтган йиллардагидек она тили ва адабиёт фанидан профессор Бекмурод Йўлдошев раислик қиларди. Икки кун ўтказилган олимпиада якунига етгач, мен фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим. Тақдирлаш маросимида устоз фахрий ёрлиқ бера туриб, “Қизим, бу йил ўқиш учун албатта, Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига келинг” дедилар. Мен хурсандлигимдан «хўп» дедим. Устоз эса “Хўп эмас, менга ваъда беринг” дедилар. Мен устозга ваъда бердим. Гарчанд орзум пойтахт Тошкентда ўқиш бўлсада, устозга берган ваъдамни бузолмадим. Ҳужжатимни Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига топширдим ва шукурки, талабалик бахтига муяссар бўлдим. Қани энди, ўша кунги қувончларимни таърифлай олсам. Дарслар бошланиб, тезроқ устозни кўрсам дер эдим. Ва ниҳоят, устоз дарсга кирдилар. Менга тезроқ кўзлари тушишини хоҳлардим, сўзимнинг устидан чиққанимни кўрсатгим келарди. Аммо устоз гапни узоқдан бошладилар, яъни бизниталабалик бахтига муяссар бўлганимизни табриклашни эшитиш ҳаммамиз учун чексиз бахт эди. Ҳар бир сўзларини жон қулоғим билан тинглар эканман, шунча талабалар орасида мени кўришлари амри маҳол экан деб ўйладим. Лекин тўсатдан, “Биласизларми, сизларнинг орангизда олимпиада ғолиблари, «машҳур» (устозим шу сўзни кўп ишлатар эдилар) ўқувчилар бор” дедилар. Ҳамма бир-бирига қараб гап ким ҳақида кетаётганини билишни истарди. Устоз менинг исм ва шарифимни бехато айтиб ёнларига чорладилар (Устозда ҳар бир талабанинг исм-шарифи эсда турарди, бу камдан кам учрайдиган ноёб хотира). Устоз мен ҳақимда шундай илиқ сўзлар айтдиларки, беихтиёр уларга меҳрим тушди. Ўша кундан эътиборан устозимнинг этакларидан маҳкам тутишга қарор қилдим.

    Олимнинг ҳар бир дарслари ўзгача ўтар, бири-бирига ўхшамас, энг асосийси, дарс вақтида пашша учса эшитиладиган даражада жимжитлик ҳукм сурарди. Бу даражада дарс мобайнида талабаларнинг қимир эттирмасдан диққатини ушлаб туришига сабаб нима деб ўйлайсиз? Албатта, катта билим заҳираси, актёрлик маҳорати, муҳими, она тилимиз, унинг ўтмиши, бугуни ва эртаси ҳақидаги ҳақиқатларни эшитиш ҳар бир талаба ва магистрантнинг эътиборини торта оларди. Педагоглик масъулияти ва матонати ҳам, аслида, шунда. Худди шундай фидойи ўқитувчилар кўп бўлганда эди, фан-таълим янада ривож топган бўларди. Профессор Бекмурод Йўлдошевнинг ҳар бир ўтган мазмунли дарси талаба, магистрант ва профессор-ўқитувчиларнинг ёдида бир умрга муҳрланиб қолгани аниқ. Ҳанузгача устоздан таълим олган шогирдлари у кишидан олган таассуротларини, билимларини ҳалигача бир-бирига айтиб юришади.

    Устозимнинг оиласи ҳам намунали, маҳаллада эътиборли хонадонлардан эканини айтишим жоиз. Ҳар гал олимни йўқлаб борар эканман, ҳовлининг ажиб чиройи, ундаги озодалик, анвойи гуллар ҳиди ва устозимнинг мамнун табассум ила қарши олишлари кишига ҳузур бағишлайди. У киши оилада меҳрибон ота, набиларининг севимли бобожони эканига кўп бора гувоҳ бўлганман. Ҳатто менинг фарзандларимни ҳам эркалаб, тиззаларига ўтқазиб суйишлари ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Устоз, охиратингиз обод бўлсин, сиздаги меҳрибонлик, олийжаноблик менинг фарзандларимга ҳам кўчсин, илоҳим.

    Устозимни ногоҳ йўқотган кунни эслагим келмайди. Эслар эканман, аяжонимизнинг сўзлари эсимга тушади, - “Умидажон, устозимнинг руҳлари шод бўлсин десангиз, маслаҳатим уларнинг ишини давом эттиринг”. Мен маъқул ишорасини қилиб, бош ирғаб тасдиқладим. Дарҳақиқат, устознинг барча ҳаракатлари, ният ва амаллари она тилимизнинг равнақига, ўзбек тилшунослигига ҳисса қўшиш эди. Бир кун, бир соатлари ҳам бу эзгу ишга ҳиссаларини қўшмай ўтмас эди. Ўқитувчининг аудитория диққатини тортмасдан айтган сўзи кўзни юмиб туриб кўкка ўқ узаётган овчининг ҳолатини эслатади. Овчининг мақсади ўқдонни бўшатиш эмас, балки ўлжани мўлжалга, нишонга олишдир. Бунинг учун айтилган сўз нишонга отилган ўқдек бўлиши зарур. Бу эса сўзларнинг маʼноларини билиш асносида тўғри қўллашни тақозо қилади. Умрининг охирларида устоз биз шогирдларни тинимсиз изланишга мажбурлар, худди қаергадир шошаётгандек эдилар назаримда. Сиртдан қараганда, қаттиққўл бўлиб кўринсалар ҳам, улар ҳақиқат ва адолатни барча нарсадан устун қўярдилар. Бетга айтишнинг заҳри йўқ қабилида иш тутиб киши юзига дангал айтишни хуш кўрардилар. Кимгадир яхши, ё ёмон кўриниш учун эмас, балки фанга ўта фидойи бўлганларидан шундай қилардилар.

    Шу ўринда университетда “Компьютер лингвистикаси” фанидан сабоқ бериб юрган пайтлари ёдга келади. Устоз қалби қайноқ шогирдларининг ҳеч бирига бефарқ бўлмаган эдилар. “Қалб ҳарорати билан суғорилмаган эҳтироссиз нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир” - деган буюк Рим нотиғи Марк Туллий Сисеронннинг фикри устоз фаолиятига асос бўла олади. Мавзуни очиш, талаба онгига сингдириш билан боғлиқ жараёнда уларнинг олдига тушадиганлар кам топилади. Дилида олови, қўлида қалови бор бўлган яловбардор муаллим эдилар, раҳматлик.

    Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ўз тўртликларидан бирида шундай ёзганди.

    Шоирдан сўрашди сиз бахтли инсон,

    Халқингиз ардоқлар ҳамма танийди.

    Шоир жавоб берди, менда бир армон –

    Муаллим дейишса мени қанийди.

    Бекмурод Йўлдошев муаллимлик касбини жону дилидан севарди, муаллим эканидан ғурурланарди, ҳар бир дарсида ўзи кашф этган жараёнлардан завқланиб бизга илм бераётганликлари шундоқ кўриниб турарди. Талабалик пайтларимизни эслайман. Устоз дарс ўтишни бошлаганида ҳамманинг диққат эътибори дарсда эди. Уларнинг ҳар бир дарси адабий сценарийга ўхшарди. Айниқса, 2004-2005 йилларда тилшуносликка янгидан кириб келган “Компьютер лингвистикаси” фанидаги асосли таҳлилларга бағишланган дарсларда биз устоз ижросида гўё бир актёр театрини томоша қилгандек бўлардик. «Ёлғон-чин» аксиомасини шундай мисоллар ёрдамида изоҳлар эдиларки, овозларини ҳар хил усулда жилолантира олишига, овоз тембрларига маҳлиё бўлардик. Мавзуни онгу шууримизга жойлашнинг ўзига хос усулларини обдон эгаллаган эди. Коммуникатив компетенцияни обдон ўзлаштирган ва уни амалда тўла қўллай оладиган устоз сифатида эътиборга молик эдилар.

    Шундай ўқитувчилар борки, улар дарс ўтганларида бир соат худди бир кундек чўзилиб кетаётгандек таассурот уйғотса, шундай ўқитувчилар борки, уларнинг маърузасини қанча тингласанг ҳам ёхуд вақтни қандай ўтганини ҳам билмай қоласан. Бекмурод Йўлдошев педагог эмас, балки дарсда муолажага киришаётган табиб эди гўё. Ўз фанини севган, касбига меҳр қўйган фидойи ўқитувчиларга хос бу фазилат.

    Педагогнинг билим ва кўникмаси, малака ва компетенцияси келажак авлод ­– ёшларимизнинг онги ва тафаккурига, мамлакатимизнинг истиқболига дахлдорлигини устоз унутмадилар. Ўз устида ишлаш, сўз устида ишлашдан бошланишини, бу эса нотиқлик санъати, воизлик маданияти, бир сўз билан айтганда, ўқитувчи маҳоратини белгилайдиган мезон. Дарҳақиқат, профессор Бекмурод Йўлдошев ана шундай барча ҳавас қилган, илмпарвар устоз  ва қомусий олим сифатида хотирамизга абадий муҳрланиб қолади.

    Аллоҳ таоло барча ўтган улуғ устозларимизни раҳматига олиб, охиратларини обод айласин!

Умида РАШИДОВА,

Самарқанд давлат университети

мактабгача  таълим кафедраси мудири, доцент.