Мерос очилганидан кейин мерос объектини қабул қилувчи вориснинг ҳам вафот этиши натижасида унга васият ёки қонун бўйича тегишли бўлган улуш тақдири нима бўлади деган масала ҳар бир меросхўрни қизиқтириши табиий албатта? Қонунчиликда бу масалада қуйидагича ечим мавжудлигини айтиш ўринли. Маълумки, ворисликнинг вужудга келиши асослари ё васият ёки қонун бўйича амалга оширилади. Ўз навбатида қонун бўйича ворисликнинг бир тури мерос трансмиссияси ҳисобланади. Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда қўлланилади. Масалан, Аҳмад васият бўйича меросхўр ҳисобланади. Унинг отаси Ғанишердан васият бўйича олиши керак бўлган меросни қабул қилмасдан Аҳмад вафот этган тақдирда мерос транмиссияси вужудга келади, яъни мерос мулкининг Аҳмаднинг қонуний меросхўрларига ўтиши  вазияти туғилади.

    Бундай ҳолларда Аҳмадга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар Аҳмадга тегишли барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.

    Мерос трансмиссияси қуйидаги шартларда вужудга келади:

    - мерос очилган пайтда ворислик ҳуқуқига эга бўлган васият ёки қонун бўйича меросхўрнинг борлиги;

    - васият ёки қонун бўйича меросхўр меросни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этганлиги сабабли унинг меросдаги улуши тақдирини ҳал қилиш зарурати пайдо бўлганлиги;

    - вафот этган меросхўр унинг меросхўрлари билан алмаштирилиши мумкинлиги.

    Хулоса қилганда, мерос трансмиссияси - васият ёки қонун бўйича потенциал меросхўрнинг вафот этиши натижасида унга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқининг унинг меросхўрларига ўтишини таъминлайдиган фуқаролик ҳуқуқининг институтидир.

 

Акмалжон Ғуломов

Самарқанд давлат университети

ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ таълими кафедраси доценти