Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультетида “Samarkand invest garden” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Одил Раҳмонов иштирокида талабалар учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Маҳоратли тадбиркор, қишлоқ хўжалиги соҳасида бир неча йиллик тажрибага эга, ўз йўналиши бўйича дунёнинг бир неча давлатларида тажриба алмашиб қайтган Одил Раҳмонов факультет талабалари билан қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашди. Жумладан, Ўзбекистон шароитида экиладиган дарахтларнинг янги навларини яратиш, табиий маҳсулотлардан шакар олишнинг янгича усуллари ҳақида маълумот берди.

    Хусусан, тадбиркор ёшларга қарата аграр соҳада янги инновацион ғоялар ва таклифлар билан ишлаб чиқариш соҳаларига мурожаат қилишга чақирди. Бунинг учун талабаларда етарли билим ва кўникмалар мавжудлигини алоҳида эътироф этди. 

    - Мамлакатимизга шакар асосан Россия, Украина, Ҳиндистон давлатларидан келтирилади. Табиий маҳсулотлардан фақатгина қанд лавлагидан шакар олиш технологияси жорий қилинган. Ҳолбуки, бизда етиштириладиган қовун, тарвуз, тут каби маҳсулотлардан ҳам шакар олиш мумкин. - деди Одил Раҳмонов - Бу орқали озиқ-овқат саноатига жуда катта фойда келади. Бугунги кунда мамлакатимизда етиштирилаётган қовун ва тарвуз маҳсулотларининг катта қисми хорижга экспорт қилинади. Чет элликлар улардан турли усулларда шакар, чорва моллари учун ем каби бир неча хил маҳсулот олади. Ушбу технология ва тажрибаларни юртимизда жорий этсак, иқтисодиётимизга ҳам, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам катта ҳисса қўшган бўламиз.

    Шунингдек, табиий органик моддалардан биогаз олиш технологияси, бу борада хорижда жорий этилган технологиялар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Тадбиркорнинг айтишича, АҚШ, Хитой каби ривожланган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан биогаз олинади. Кундалик турмушда биогаздан бемалол фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга биогаз олиш жараёнида бугунги кунда кўпчиликни қийнаётган маҳаллий ўғитларни тозалаш муаммоси ҳам  ўз-ўзидан ечилади.

    Таъкидлаш жоизки, бугун дунё аҳолисининг аксарият қисмида кузатиладиган юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари бевосита нотўғри овқатланиш ҳамда экологик тоза бўлмаган озиқ-овқатлар истеъмолидан юзага келади. Шу боисдан, табиий маҳсулотлар хавфсизлиги, улардан кундалик турмуш учун зарур моддалар усулларини ишлаб чиқиш долзарб вазифадир. Одил Раҳмонов табиий маҳсулотлардан инсон саломатлиги учун зарур йод моддаси, шунингдек, балиқчилик ва паррандачилик учун самарали протеин моддаси олиш усуллари ҳақида ҳам тўхталди. 

    Семинар якунида талабаларнинг Ўзбекистон шароитида доривор ўсимликлар етиштириш, боғдорчиликда зараркунанда ҳашаротларга қарши хавфсиз ва самарали усулларни ишлаб чиқиш каби мавзуларда савол ва таклифлари тингланиб, кенг муҳокама қилинди.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Филология факультети талабаси.

Шавкат Акрамов олган суратлар.