Йирик шаҳарларда урбанизация жараёнларининг жадаллашуви табиий ресурсни, жумладан сув ресурсларининг сезиларли таъсирга учраётгани, бу эса ўз навбатида сувдаги биогеоценозларнинг салбий ўзгаришларига сабаб бўлмоқда. Бу ўзгаришлар биохилма-хилликка ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

    Кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида аҳоли сони 1 миллиондан ошгани, саноат, ишлаб чиқариш ва урбанизация жараёнларининг жадаллашгани шаҳардан оқиб ўтувчи каналларнинг экологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётганлиги кўп таъкидланмоқда. Сиёб, Қорасув ва Оби-Раҳмат каби қадимий каналларининг реал экологик ҳолатини аниқлаш, ифлосланиш даражаси баҳолаш ҳамда мониторингини олиб бориш муҳим илмий ва амалий аҳамиятга эга. Бу борада мазкур каналлар алгофлорасини тадқиқ этиш, уларнинг мавсумий ва экологик хусусиятлари изоҳлаш орқали сувнинг экологик ҳолатини баҳолаш имконияти беради.

    Ҳозирги кунда дунёда сув ресурсларини турли техноген таъсирлардан муҳофаза қилиш, табиий сув ҳавзалари барқарорлигини таъминлаш, айниқса ундаги флоранинг биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш катта аҳамиятга эга. Айниқса, йирик шаҳарлардаги каналлар қуруқлик сув ҳавзалари сувўтларининг шаклланиши ва тақсимланишида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг 46% хилма-хиллиги йирик шаҳарлардаги каналлар улушига тўғри келади. Бу ўринда, табиий сув ҳавзаларининг сувўтларини ҳар томонлама ўрганиш, экология-санитария ҳолатини баҳолаш ва ҳамда унинг келажакдаги ҳолатини башорат қилиш имкониятларини амалиётига жорий этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

    Жаҳондаги ҳозирги замонда техноген омиллар таъсири кучли бўлган йирик шаҳарлардаги каналлар алгофлора яъни сувўтлар ҳолатини аниқлаш ҳамда дарёларнинг турли моддалар билан ифлосланиш даражасини баҳолашни талаб этмоқда. Бу ўринда катта стратегик аҳамиятга эга йирик шаҳарлардаги каналлар ўзининг алгофлора турларига бойлиги, ундаги алоҳида аҳамиятга эга бўлган экологик компонентларининг мавжудлиги билан муҳим ҳисобланади. Ушбу вазифани амалга ошириш орқали Самарқанд шаҳридаги Сиёб, Қорасув ва Оби-Раҳмат каналлари алгофлорасини ўрганиш, индикатор-сапроб турларини таҳлил қилиш орқали сувнинг экологик ҳолатини баҳолаш ҳамда ушбу каналлар алгофлораси турлар таркибини аниқлаш каби муҳим вазифаларни бажариш мумкин. Сувўтлари сув ҳавзалари сувини тозалаш ва экологик ҳолатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Гавҳар Умрзоқова

Самарқанд давлат университети

Биология факультети магистри