Самарқанд давлат университети тарих факультети магистри Шодиёр Холиқулов мустақиллик йилларида Қашқадарё вилоятида демографик жараёнларнинг таҳлили мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда.

    - Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг алоҳида вилоятларида кечган демографик жараёнларни тарихий таҳлил қилиш муҳим илмий аҳамиятга эга, - дейди Шодиёр Холиқулов. - Зеро, бу минтақаларнинг тарихий ривожланиши, ўзига хос табиий-географик шароити, ижтимоий-иқтисодий ва демографик салоҳияти, худудий таркиби, аҳоли жойлашувидаги турли шаклларнинг мавжудлиги каби хусусиятларини аниқлашга имкон беради. Шундай худудлардан бири Қашқадарё вилояти ҳисобланади.

    1990-2020 йиллар оралиғида Қашқадарё вилоятидаги демографик жараёнларни қисқача таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, вилоятда кечган маълум ўзгаришларда ижтимоий-иқтисодий, демографик омиллар муҳим ўрин эгаллайди. Хусусан, кўздан кечирилаётган даврда воҳа демографияси республиканинг бошқа  ҳудудларидан аҳолининг ўсиш суръати, туғилиш ва ўлимнинг камайиши, фарзанд кўриш кетма-кетлигини қисқариши, аҳоли зичлиги ва жойлашувидаги ўзгаришлар, ўртача умр кўриш даражасининг ортиши, шаҳар аҳолисининг ўсиши қишлоқ аҳолисига нисбатан секинлашуви, миграциянинг фаоллашуви билан изоҳланади.

    Масалани аҳолининг миллий таркиби таҳлилидан бошлайдиган бўлсак, 1989 йилда вилоятда аҳолининг 85 фоизини ўзбеклар ташкил қилган бўлса, 1995 йилга келиб бу кўрсаткич 91 фоизни ташкил этди. 2013 йилдаги маълумотга кўра, вилоят аҳолиси миллий таркибида ўзбеклар кескин ажралиб 92,3 фоизни ташкил этди. Иккинчи ўринда, тожиклар 4,3 фоизга эга. Қолган миллат вакилларидан туркман ва руслар кўпроқ. Бу ўзгариш мустақилликнинг дастлабки йилларида миграция жараёнлари билан боғланади.

    Таъкидлаш жоизки, аҳоли табиий ўсиш кўрсаткичлари шаҳар ва қишлоқ жойларда фарқ қилади ҳамда қишлоқ жойларда туғилиш шаҳарларга нисбатан бирмунча юқори. Бунинг баъзи объектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Жумладан, қишлоқларда аёлларнинг ижтимоий ҳаётида бандлигини паст даражада бўлиши, қўл меҳнати кўп талаб қилинадиган қишлоқ хўжалигида ишчи кучига бўлган эҳтиёжнинг мавжудлиги, миллий анъаналар даврлар давомида туғилишнинг юқори бўлишига олиб келган. Шаҳар аҳолиси таркибида эса турли миллат вакилларининг аёлларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллиги, иқтисодий-ижтимоий омилларга боғлиқ ҳолда уй-жой муаммоси ва бошқа сабаблари туғилиш даражасининг бироз паст бўлишига олиб келади.

    Кейинги йиллар мабойнида, яъни 1989-2014 йиллар оралиғида аҳоли сони анча тез кўпайиб боради. Масалан, Муборак туманида ўртача йиллик кўпайиш 5,70 фоиз, Косонда 4,75 фоиз, Китоб ва Нишон туманларида 4,10 фоизни ташкил қилган. Нисбатан пастроқ демографик ўсиш Деҳқонободда 2,40 фоиз, Қаршида 2,50 фоиз ва Касби туманларида 2,50 фоиз кузатилади. Шу ўринда эътироф этиш лозимки, мазкур кўрсаткичлар бўйича Муборак тумани республикамизда энг олдинги ўринларни эгаллайди. Туман аҳолисининг бундай тез ўсиши нафақат табиий кўпайиш, балки аҳоли миграцияси билан ҳам боғлиқ бўлиб, табиий ресурсларни ўзлаштириш натижасида аҳоли бу ерга кўплаб оилалар кўчиб келган.

    Юқори минтақа Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Китоб туманлари кўп жиҳатдан республикамизнинг аҳолиси зич, хўжалиги интенсив ривож топган воҳа ва водийларига ўхшаб кетади. Шу билан бирга, аҳоли зичлик кўрсаткичлари қуйи минтақанинг айрим туманлари, жумладан, Касби, Қаршида ҳам анча юқори. Аҳолининг табиий ҳаракат кўрсаткичлари бошқа ҳудудлар, хусусан, Сурхондарё вилоятидан ташқари сезиларли даражада фарқ қилади. Чунончи, бу ерда туғилиш коэффициенти ҳар 1000 киши аҳолига 25,1 кишини ташкил этади. Энг юқори даража 2000 йилда Чироқчи туманида бўлиб, у бу ерда яқин 34 кишига баробар. Яккабоғ туманида ҳам туғилиш анча юқори – 26,7 фоиз. Айни вақтда умумий туғилиш коэффициенти Миришкор, Қарши шаҳри ва туманида пастроқ. 2013 йилда ҳам Чироқчи тумани туғилиш коэффициенти бўйича ажралиб туради (30,0 фоиз). Қолган қишлоқ туманлари орасида катта фарқ кузатилмайди, вилоят маркази Қарши шаҳрида туғилиш 21,5 промиллени ташкил этади...

    Меҳнат ресурслари туманлар кесимида таҳлил қилинганда, юқори кўрсаткичларда Чироқчи, Косон, Қамаши ва Шахрисабз туманлари, энг кўп иқтисодий фаол аҳоли сони Чироқчи туманида (146,0 минг киши) ва Қарши шаҳрида (130,6 минг киши) га кузатилди. Иқтисодий фаол аҳоли сонининг энг кам кўрсаткичлари Миришкор (54,7 минг киши) ва Муборак (46,2 минг киши) туманларига тўғри келди.

    Хулоса қилиб айтганда, истиқлол йилларида Қашқадарё вилоятидаги  демографик ўзгаришлар бевосита ижтимоий-иқтисодий соҳаларга боғлиқ ҳолда кечди. Бунда, кишиларнинг шаҳарларга интилиши натижасида шаҳар аҳолиси салмоғининг кўпайиши, шунингдек, аҳолининг миллий таркибида туб жой миллат вакилларининг салмоғининг ошишига асосий сабаб, туб жой аҳолиси бўлмаган миллат вакилларининг ўз ватанларига қайтиши ва қишлоқ жойларида туғилишнинг кўпайиши билан изоҳлаш мумкин. Аҳоли бандлиги муаммосини ҳал қилишнинг энг асосий йўллари, асосан, туманлар миқёсида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни фаоллаштириш, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши билан мос равишда маҳаллий эҳтиёж асосида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма тармоқларини жадал ривожлантириш билан боғлиқ кечган.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.