Чапақайлар ҳаётда учраб туради. Ер юзида улар кўп эмас. Аммо бундай одамлардан ҳар жабҳада истеъдодли инсон етишиб чиқади, деб қаралади. Ушбу назария ҳар доим ҳам ўзини оқламаса-да, ҳаётда бунинг исботи кўп учрайди.

    Чапақайликнинг ўзига хос хусусиятлари халқаро илмий ҳамжамиятни узоқ йиллардан буён қизиқтириб келади. Бу борада олимларнинг изланишлари, тарихий ва адабий манбалари мўл. Қуйида уларнинг айримларини саралаб, чапақай одамлар ҳақида энг қизиқарли далилларни тўпладик. 

    Чапақайлар асосан ижодий фикрлашга, ўнақайлар эса мантиқий фикрлашга мойил бўлишади. Бунга сабаб бош миянинг чап ярим шарларида асосан мантиқ марказлари, ўнг томонида эса ижод марказлари жойлашган.

    Марказларни аъзолар билан боғловчи нервлар эса бош миянинг пастки асос қисмида Х кўринишида кесишади. Шундай қилиб, чап яримшарлар ўнг томондаги аъзоларни, ўнг яримшарлар эса чап томондаги аъзоларни бошқаради.

    Ўз-ўзидан чапақайлар кўпроқ ўнг миясидан, ўнақайлар чап миясидан фойдаланади. Чапақайлар яратувчанликни ҳуш кўрадилар, ўнақайлар аниқлик ва кетма-кетликни ёқтиришади.

    Сайёрамизнинг 10-12 фоиз аҳолиси чапақайдир.   

    Асосий иш қуроли чап қўл бўлган таниқли кишилар. Ушбу рўйхатдан Наполеон Бонапарт (ҳукмдор), Леонардо да Винчи (рассом), Микеланжело Буонарроти (ҳайкалтарош), Исаак Ньютон, Альберт Эйнштейн (физик олимлар), Билл Гейтс (ишбилармон-миллиардер), Барак Обама (давлат арбоби) ва Жими Хендрикс (қўшиқчи ва бастакор) жой эгаллаган.

    Руҳий хасталикка мойиллиги. Дунё аҳолисининг 10 фоизинигина ташкил этса-да, шизофрения (руҳий касалликнинг бир тури)дан азият чекадиганларнинг 40 фоизи айнан чапақайлардир. 

    Алоҳида эҳтиёж сезадиган жиҳатлари. Қайчи, ручка, компьютер сичқончаси ва бошқа бир қатор матоҳлар чапақайга мослаштирилмай ишлаб чиқарилган. Улар ноқулай ва ҳатто жиддий хавф туғдириши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили 2,5 минг нафар чапақай ўнг қўлда ишлатилиши керак бўлган асбоб-ускуналардан фойдаланиш жараёнида жиддий жароҳат олади.     

    Заковатлилик даражаси (IQ). Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бир хил миқдордаги одамлар ўртасидаги IQ даража солиштирилганда, чапақайлар 140 тага кўп.

    Яна бир ўзига хослик. Бу турли давлатларда ўтказилган таҳлиллар натижасида аниқланди: муддатидан аввал (чала) туғилган бола келгусида чапақайликка кўпроқ мойил бўлади. 

    Хижолатга қўйиш осон. Шотландияда ўтказилган кузатувлардан маълум бўлишича, чапақай йўл қўйиши мумкин бўлган хатолардан хижолат чекади ва танқидни кўнглига жуда яқин олади.   

    Бор хислатини ташқарига чиқаради. Чапақайлар ўта таъсирчан ва ўзининг ғазаб ҳамда норозилигини намойиш этишдан чўчимайди. Айрим олимлар буни инсоннинг ўнг ва чап мия яримшарлари ўзига хослиги билан изоҳлайди.       

    Ижодга хайрихоҳлиги. Улар бу соҳада муваффақиятли фаолият юритади. Тафаккури юқори. Икки минг чапақай иштирокидаги сўровномада шу нарса аён бўлди: аксарият чапақайлар касб танлашда санъат ёки мусиқага мойиллик билдиради.

    Спортдаги ўрни. Катта спортда чапақайлар афсонага айланган. Уларнинг бир нечтасини санаб ўтиш мумкин. Масалан, футбол қироли Пеле, боксчи Мэнни Пакьяо, теннисчи Мартина Навратилова чапақай бўлган. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.    

    Олимлар ва тиббиётчилар кузатуви. Агар аёл 40 ёшдан кейин фарзанд кўрса, бола чапақай бўлиб туғилиши эҳтимоли жуда юқори экан. Агар бундай аёл эгизак туғса, чақалоқлардан бири чапақай бўлиши деярли аниқ экан.       

    Ақлий устунлик. Асосий «қуроли» ўнг қўл бўлганларга нисбатан, чапақайлар тезроқ фикрлайди. 

    Ўқишдан кейинги йўлда. Чапақай талабалар олий ўқув юртини тамомлагандан кейин қолган курсдошларига қараганда 26 фоиздан ортиқ муваффақиятга эришади.     

    Мерос бўлиб қолиши. Чапақайлик шу йўсинда ҳам ўтган бўлиши мумкин. Мисол тариқасида, Британия Қироллик оиласида бутун бошли чапақайлар йиғилган: қиролича она, қиролича Елизавета II, шаҳзодалар Чарльз ва Уильям.

    Агар болада чапақайлик кузатилса ўнг қўлда ёзишга мажбурлаш боланинг стресс (руҳий зўриқиш) ҳолатга тушиб қолишига олиб келади. Бунинг натижасида унда невроз хасталиги кузатилади. Ота-оналар шуни унутмаслиги керакки, чапақайлик боланинг мия функциясининг тузилиши билан боғланган бўлади. Шунинг учун уларни ўнгда ёзишга мажбурлаш ёки жазолаш асло мумкин эмас. Бундайлар жуда таъсирчан ҳисобланади. Кўпинча улар аразчи, хавотирланувчан, тез чарчайдиган, ишчанлик қобилияти суст бўлиши мумкин. Бу каби ҳолларда уларни ўнг қўлда ёзишга мажбурлаш акс таъсир этади. Чапақайлар билан машғулотлар олиб борилганида уларнинг индивидуал хусусиятини инобатга олиш зарур. Агар устозлар чапақай ўқувчилар билан тўғри иш олиб борса, келажакда улардан иқтидорли ва қобилиятли инсонлар етишиб чиқади.

Мухтасам Сулаймонов

Самарқанд давлат университети

психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси