Қадимги номи - Кеш билан кўпрок машҳур бўлган Шаҳрисабз археологик қазишмаларда аниқланишича, мусулмон ўрта асрларидан аввал вужудга келган, сўнгра неча бор юксалиб, неча бор завол топган. Ушбу шаҳар Амир Темур оиласига отамерос бўлган. Бу ернинг Шаҳрисабз деб аталиши бежиз эмас: шаҳар, ҳақиқатан, ям-яшил, серсув, баҳаво жаннатмакон ерда жойлашган. Илгари унинг номи Кеш (Каш) бўлган. Исломият даврида илмлар маркази сифатида «Қуббатул-илм ва-л-адаб», яъни «Илм ва адаб гумбази» деган шарафли мақом билан машҳур бўлган. Соҳибқирон Амир Темурнинг киндик қони тўкилган маконга келган Испания элчилари (1404 йил, август ойи) уни «катта шаҳар» сифатида таърифлайдилар. Қалъа деворлари, бурж-у дарвозалари Амир Темурнинг амри билан ва шахсан унинг раҳбарлигида қурилган. Деворнинг узунлиги тахминан, 5 километр бўлиб, тарди 770 х 1730 метр масофадаги тўғри тўртбурчак қалъа эди: ҳар тарафида қўшминора, пештоқли дарвозахона орқали ичкарига кириш мумкин бўлган. Испаниялик элчилар Амир Темурнинг бунёдкорлик фаолияти билан боғлик иморатларни диққат билан кўздан кечиришган. Ўша вақт иморатлари бизгача дастлабки қиёфасини қисман йўқотган ва вайрон ҳолда етиб келган, баъзилари бутунлай бузилиб кетган. Шунинг учун ҳам уларни ўз кузи билан кўрган Клавихонинг воқеий маълумотлари ҳозирги меъморлик тарихи ва амалиёти учун алоҳида қимматга эга.

    Шаҳрисабзда бунёд этилган меъморий обидалалар ичида Оқсарой алоҳида аҳамият касб этади. Оқсарой бунёд этилиши тўғрисида тарихий манбаларда ўзига ҳос маълумотлар учрайди. Хофизи Абру «География» асарида берилган маълумотларига кўра, қалъа девори қурилиши ҳижрий 780 (милодий 1378) йили бошланган ва бир йилда тугаган. Туғри тўртбурчак шаклдаги деворнинг тўрт томонида дарвозаси бўлган. Хофиз Абру ўз асарида шундай ёзади:

    “Уни “Шаҳрисабз” дейдилар, йилнинг аксари фаслида унинг ери кўм-кўк (майсазордир), айниқса баҳор фаслида, унинг ҳовли, том ва кўчалари ям-яшил бўлади. Кешнинг қадимий шаҳрбанди бўлган, лекин у бузилиб кетган эди. Ҳазрат Амир Соҳибқирон, - Аллох унинг шухратини ёрқин этсин, — етти юз саксонинчи (1378— 1379) йили унинг шаҳрбандини қайта тиклади ва ўша йилнинг ўзидаёқ ниҳоясига етказди. Орадан уч йил ўтиб Ҳирот шаҳрини эгаллаганда, Ҳиротнинг шаҳрбандини буздирди ва унинг устига темир қопланган дарвозаларни Мовароуннаҳрга жўнатди, уларни Кеш шаҳрининг дарвозалари ўрнига қўндирдилар. Соҳибқирон (Амир Темур) давлати айёмийда (Кеш шаҳри) жуда обод бўлди, у ерда тошдан бинолар қурдилар. Шу жумладан, Дор-ус-Саодат, муҳташам бино; унга обод ерлар, қишлоқлар ва маъмур мулкларни вақф қилди. Шахсан онҳазратнинг ўзи учун баланд кўшк қурдилар ва у Оқсарой деб аталади, тошдан қурилган иморатдир; унинг айвони бир неча фарсанг (масофадан) кўзга ташланадн. Булардан ташқари, шаҳарда ва Кеш шаҳрига қарашли атрофларида бир қисми онҳазратнинг ўзига, баъзилари амирлар ва аркони давлатга тегишли бўлган мадрасалар, хонақоҳлар, работлар, ҳовузлар ҳам бунёд этилган».

    Яна бир маълумотга қараганда, Амир Темур Ҳиротни олганида шаҳарнинг темир қопланган дарвозалари Шаҳрисабзга келтириб ўрнатилган. Дарвозалардан бошланган иккита асосий йўл марказда кесишган. Йўл ёқасида жойлашган дўконлар марказга томон кўпайиб борган ва марказда асосий бозор бўлган. Бозор ўртасида гумбазли Чорсу бўлгани эҳтимол, ҳозиргача сақланиб қолган Чорсу эса анча кейинроқ қурилган ва марказдан четроқда жойлашган. Ҳисорнинг жанубий-ғарбда Амир Темурнинг ҳукумат саройи бўлган Оқсарой бунёд этилиб, унинг қаршисида эса аслзодалар ва руҳонийларнинг маҳаллалари жойлашган. Шаҳарнинг жануби-ғарбий қисми ҳунармандлар ва шаҳар фуқароларининг маҳаллаларидан иборат эди. Ҳисор атрофидаги работлар эса каналлар бўйлаб ястанган боғ-роғлар, узумзорларга туташиб кетган, кўзларни қувнатувчи бу ям-яшиллик эса Кешнинг иккинчи - Шаҳрисабз номи беҳуда берилмаганини кўрсатади. Низомиддин Шомий  “Зафарнома”сида “Оқсарой” қурилишини қўйидагича маълумотлар учрайди:

    “Жаноби Сарой Мулк хоним, оғолар ва амирзод Шоҳрух (амир Соҳибқироннингкенжа ўғли) истиқболига чиқиб  палос ўпиш шарафига етдилар ва бир-бирларининг  дийдорларини кўриб шодмон бўлдилар. (Онҳазрат) бир неча кун Кеш вилоятида Оқсаройда турди, тўйлар қилдилар, шодлик ва хурсандчилик билан кун ўтказдилар. Кошин қопламаларда тасвирий мавзу ниҳоятда кам учрайди. Темурнинг Шахрисабздаги саройи Оқсарой пештоқларида шер билан куёшнинг жуфт тасвирлари учрайдики, бу соф рамзий мавзудир. Пештоқ безакларида кошин теришдан ташқари тош, одатда мармар уймакорлигидан ҳам фойдаланилган”.

    Шарофиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома”сида шундай ёзади:

    “Эрта баҳор фасли эди.  Ўз қуввати билан (табиатни) гуллатиб яшнатувчи, меъмор ва майсазорлар шаҳрини обод қилишга киришган, атиргул буталаридан қасрлар яратиб, лаългун шохчалар учини баланд кўтарган ва уларни феруза ранг нақшли барглар билан безаган бир вақтда... олий ҳазрат Соҳибқирон... гулларидан мушку анбар бўйи таралувчи, сувидан гулоб таъми келувчи Кешнинг хушҳаво ва ром этгувчи заминида шодлик нашъасини суриб, ором олмоқ азми билан бу ерда салтанат тахтини ўрнаттирди. Сўнг Шаҳрисабз қўрғонини қуриш ҳақида фармон берди ва (ишларни) амирлар-у лашкар аҳли ўртасида тақсимлади. ...Қўрғон қурилиши учун муносиб келувчи саодатли соатда унинг пойдеворини қурдилар. Шаҳар ичида эса қазою қадардек бажарилиши сўзсиз бўлган фармонга биноан бир қаср бунёдига асос солдилар. Сичен (қадимги туркчада маймун) йилида, торих етти юз сексан бирида (милодий 1380 йил, март) ул шаҳарға қалъа солдурди ва жаҳдлаб тамом қилдурди. Ва андоқ шаҳри бўлдиким, гардун Муҳандиси мунча ёши билан олами кезиб, ҳеч  бир ерда мундоқ шаҳар ва кўшк кўрмаган турур”.

    Иморат шу қадар баланд ва фавқулодда жозибали эдики... ҳатто кекса муҳандис бўлмиш гардун шунча йиллар жаҳон атрофида айланган бўлишига қарамай, бундай гўзал бинони ҳали кўрмаган эди.  Ердан самога бош кўтарган (бу саройнинг)  номи шарифи «Оқсарой», деб аталди. Меъморий мўъжиза ҳисобланган муҳташам Оқсарой мажмуи қурилиши 1380 йилда бошланган бўлса, 1404 йил кузида ҳам бу афсонавор ва беқиёс саройда пардоз ишлари давом этар эди. Таърифи тилларда достон бўлган Оқсарой бинолари замонлар ўтиши билан бузилиб кетган. Шунинг учун Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо синчковлик билан ёзиб қолдирган таассуротлар меъморлик тарихи учун ўзига хос аҳамият касб этган гувоҳ - хужжат бўлиб қолмокда:

    «Саройга кириш жойи жуда узун ва ҳарвозаси жуда баланд, шу ернинг ўзида, кираверишдаги ўнг ва чап томонларда кошинкор безатилган ғиштин равоқлар жойлашган. Бу равоқлар ичида эшиксиз кичик хоналар, кошинкор саҳнли супалар бор. Дарвозадан ўтганда бошқаси кўзга ташланади, унинг ортида эса оқ тоштахталар тўшалган катта ҳовли, атрофи ҳашаматли безатилган айвонлар билан қуршалган, ҳовли ўртасида катта ҳовуз бор. Ховлининг кенглиги чамаси уч юз қадам».

    Пештокдан ўтгач, туғри тўртбурчак кенг ҳовлининг бош учида икки тоқи равоқли айвон бўлган. Гумбазли катта хоналарда кўринишхона, девонхона хизматчиларининг йиғинлари ўтказилган. Пештоқ-айвонлар орасида унча катта бўлмаган қўшқават хужралар қатори бўлган. Соҳибқирон саройида кўринишхона асосий ўринни эгаллаб, дабдабали, серҳашам кўриниши билан ажралиб турарди. Кўркам, маҳобатли пештоқ тепасида Амир Темурнинг уч халқадан иборат туғроси Арслон ва Қуёш шаклларида берилган.

    Элчи сарой ичкарисидаги зеб-у зийнатли безаклар  ҳақида ҳайрат билан ёзади: «Бу эшик орқали чорсу кўринишхонага кирамиз: деворлари олтин ва ложувард кошинлар билан безатилган, шифти бутунлай зарҳалланган. Бу ердан элчилар юқори қаватга олиб чиқилган. Ҳонақоҳнинг ҳамма тарафи зархал бўлгани учун, уларнинг бири ҳакида муфассал сўзлаб бериш кифоя».

    Оқсаройнинг ўтмишдаги беқиёс улуғворлиги далили сифатида бош пештоқнинг икки рукни вайроналари ҳозиргача сақланиб қолган. 22 метр кенгликдаги  пештоқ  равоқи, икки томондан  минорасимон  буржлар ва даханаси билан диққатни жалб этади. Пештоқнинг тепа қисми сақланмаган. Худди шу ерда уч доира — Қуёш ва Арслон тасвири билан кошинкор безаклар ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган.

    Пештоқнинг маҳобатига махлиё бўлган Заҳириддин Бобур «Мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким, Кисро тоқидин бу буюкроқдир», - деган эди. Чиндан ҳам, Марказий Осиё меъморчилигида бундай буюк бино бўлмаган. Оқсарой Марказий Осиё  меъморчилигида  халқ меъморлари ижодининг энг юксак  чўққиси сифатида сўнмас истеъдод ва меъморий  изланишлар  намунаси  бўлиб  қолади.

    Турар жойлар меъморчилигига оид тасвирларда бой хонадонлар уйи эркаклар ва аёллар қисмига бўлингани куриниб турибди. Саройлар тасвири эса қурилиш кўлами ва безакларнинг хашамдорлиги билан ажралиб туради. Саройлар шунчаки ҳукмрон хонадон аъзолари ёки олийнасаб зотлар яшайдиган жойгина эмас, балки улуғвор қабул маросимлари ўтказиладиган жой ҳам бўлган. Ўзининг ҳашаматию дабдабаси билан ҳукмдорнинг мавқеини акс эттирган. Буларнинг бари эса меъморлар олдига ҳатто бой-бадавлат хонадонлар учун бўлса ҳам, ҳар қалай, оддий уй-жой қуришга нисбатан мутлақо бошқача вазифалар қўярди.

    Саройлар ҳам икки хил бўлган. Биринчиси - асосан маъмурий-сиёсий вазифаларни бажаришга мўлжалланган бўлиб, қалъа ёки девор ичига қурилган. Иккинчиси - шаҳар ташқарисидаги қароргоҳлар бўлиб, боғ-роғлар бағрида эди. Бу ерда ҳам қабул маросимлари базм билан ўтган, лекин кўпинча оддий базм-мажлислар ўтказилиб, хукмдор давлат юмушларидан бўш вақтларида хордиқ чиқарган, тириклик қувончларидан баҳра олган.

    Биринчи хил саройни Темур Шаҳрисабзда қурдирди ва у Оқсарой номи билан шуҳрат топди.Унинг расмий вазифаси туғрисида тарихий манбаларда қисқача таърифлаб, Темурбек Кешда улуғвор бино қурди, девонининг мажлислари учун улкан пештоқ, девон тожибеклари билан девон бекларнинг мажлиси учун ўнг ва сўл томонларда иккита кичик пештоқ барпо қилди, арзга келувчилар учун бинонинг бир томонида кичикроқ токчалар қолдирди деб ёзади. Халқ ўртасида Оқсаройнинг курилиш тарихига оид афсоналар яратилди. Шулардан бирида пештоқ гумбазини қурган меъмор туғрисида хикоя қилинади. Темур уни шошириб турганига қарамай, уста бир куни пештоқаа узун занжирни осилтириб қўйганича ғойиб булди. Темур ғазабланиб кетган, аммо қидиртириб устани топа олмаган, бошқа усталар эса бу мураккаб вазифани бўйинларига олишга журъат қилолмаганлар. Шу алфозда икки йил ўтган ва тўсатдан устанинг ўзи дарғазаб  Темур ҳузурида пайдо булиб, шундай деган: "Қаранг, олампанох: мен кетганимда занжирнинг учи бошимга тегиб турарди, энди эса елкамдан ҳам пастга тушибди. Демак пешток пойдевори чўккан ва энди мен гумбазни тиклай оламан, акс холда у ёрилган ва кейин бузилиб кетган бўларди". Темур ғазабини марҳаматга алмаштирган, қурилиш поёнига етиб, уста мукофотланган. Шуни таъкидлаш керакки, бу афсона ва бунда ҳеч бир тарихий асос йўқ, яъни бирор бир ўша даврдаги асарда бу воқеа тўғрисида маълумот учрамайди.

    Вақт ўтиши билан саройнинг пештоқ пойдеворидан бошқа қисмлари вайрон килинган. Айрим асарларда XVI асрда Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II Темурнинг ишларини халқ хотирасидан ўчириб ташлаш мақсадида саройни бузишга фармон бериши тўғрисида фактлар учрайди. Бизнингча, бу қарашларда ҳам ноаниқлик мавжуд. Фикримизча Абдуллахон II Амир Темурнинг амалга оширган ишларни халқ хотирасидан ўчириб ташлаш учун эмас, балки ўзи тушиб қолган вазиятга бошқа ҳеч ким тушиб қолишини истамаганлиги учун бу ишни қилган бўлса керак. Чунки Оқсарой жуда гўзал бўлиб, гўзалликка ошно бўлган Абдуллахоннинг душманга асир тушишига бир баҳя қолади. Бироқ шу фактки, Оқсаройнинг икки қисмини туташтириб турган қисми бузилиб кетган. Кейинги вақтларда пештоқнинг орқа томонида ўтказилган қазишмаларда девор безакларининг колдиқлари, ховлининг ғишт терилган ва олтин балиқчалар учун саккиз қиррали муъжазгина ховузи булган бир қисми очилди.

    Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Шаҳрисабз (Кеш) шаҳри нафақат Ўрта Осиё балки, инсоният тамаддунида алоҳида ўрин тутадиган қадимий ва навқирон шаҳардир. Бу шаҳарнинг тарихий тараққиётида Амир Темур ва Темурийлар даври ўзига хос ўрин эгаллайди.

 

Ҳазратқул Абруев,

Самарқанд давлат университети докторанти.