Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси соҳиби Мухлиса Жалилова Аъзам Ўктам ижодининг тил хусусиятлари мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.

    - Инсоний дард билан йўғрилган шеърият юқумли ва таъсирчан бўлади, - дейди Мухлиса Жалилова. - Чунки инсоннинг қалби кулгидан эмас, дард ва изтиробдан покланади. Ўзбек шеъриятида ўзининг оҳангига эга шоирлар ва ёзувчилар бисёрдир. Шулар қаторида, назм саройида ўз тахти ва ўрнига эга, халқимизнинг севимли шоирларидан бири Аъзам Ўктамдир. Шоир шеърларида дардчиллик, соддалик ва шоирнинг ўзига хос қиёфаси  бор. Қуйидаги шеърлари ўзига хос таъсирчанлиги билан ажралиб туради.

Йўл аниқ, қайтиш йўқ.

Мен кетдим энди.

Кечган нарсам-жонни ўйламам ҳечам.

Битта майдон керак-курашгим келди:

Тўшакда ётгулик қилмасин ўлим!

    Ҳақиқатан  ҳам, шоирнинг “Тараддуд” номли  ушбу шеърида, биз юқорида таъкидланган мантиқни, лирик қаҳрамон руҳиятидаги дардчилликни чуқур ҳис қиламиз. Ижодкор поетик дунёсини дунёқарашидан айро ҳолда тасаввур қилиш қийин. Сабаби ҳар бир ижод аҳлининг ўй-хаёллари, умуман қарашлари унинг поетик дунёси билан чамбарчас боғлиқ. Ва бу ҳолат шоир ёки ёзувчининг асарларига бевосита таъсир қилади. Аъзам Ўктам табиатига хос ростгўйлик, қатъият, шижоат, иймон-эътиқодлилик, инсонийлик каби хусусиятлар унинг шеърларида ҳам ўз аксини топмай қолмаган.

Тоғлар сомеъ бўлиб ўтиришар жим,

Такбир айтган чоғи гулдураб само.

У янглиғ муножот қила олур ким,

Ёмғир бу пичирлаб қилинган дуо.

    Ибодат турларидан бири дуо саналади. Инсон ҳаётдаги ҳодисалар   қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шоир ўзининг “Ибодат” номли шеърида ёмғирни пичирлаб қилинган дуога қиёс этади. Оддий табиат ҳодисаси билан шоир гўзал ўхшатишни қўллайди. Шоир  шеърда сомеъ, такбир, муножот, дуо, каби бир уяга мансуб сўзлардан фойдаланганлиги шеърнинг оҳангдорлиги ва жозибадорлигини таъминлаган. Маълумки, инсонни ёмон иллатлардан фориғ бўлишига даъват этиш инсоний йўлга йўллашдир. Ижодкорнинг “Сўроқ” номли шеърида лирик қаҳрамон бевосита инсонлардан сўрайди:

Талпиндинг, йиғладинг - елдинг дунёга,

Сўйлагил, сен нечун келдинг дунёга,

Бузилди, айт, нима қилдинг дунёга,

Ўзингни ким дея билдинг дунёга?

    Маълумки, исломда инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари йўлловчи таълимот бу - тасаввуф, суфийлик. Тасаввуф йўлида ижод қилган аждодларимиз ўз асарларида кўпинча, бу дунёнинг бебақолигига, ҳеч кимга вафо қилмаганлиги ва ўткинчилигига кўп урғу берган.

    Аъзам Ўктам ҳам инсонлардан бу дунёга нима учун келганликлари, дунё учун нима қилганликлари, дунёда ўзларини ким деб билиб, қандай ўринда эканликлари  ҳақида савол қўяр экан, инсонларнинг тутган ишидан ҳайрон бўлади. Сўраш асносида, ўзи бунга жавоб ҳам келтиради:

Тилингни тиймайсан-бешарм сўйлар,

Кўзингни тиймайсан-бузуқка бўйлар,

Ўзингни  тиймайсан-неларни ўйлар,

Ҳеч жазо йўқмикан бундай зинога?

    Маълумки, Қуръонда бу дунё ҳаёти кишиларнинг имтиҳон жойи, деб таърифланади. Яъни бу дунё ҳаёти охират саодатига эришиш учун воситадир.Тилни, кўзни, ўзни тиймай туриб саодатга эришиш мумкин эмас. Зинога йўл қўядиган даражадаги нопок ишларнинг, албатта бу дунёда ҳам у дунёда ҳам жавоби муқаррардир. Шоир  буни риторик сўроқ гап орқали яна бир бор таъкидлаб ўтган ва жавобга ўрин ҳам қолдирмаган.

    Шоирнинг “Қаноат” номли шеърида  азалий ва абадий мавзу - муҳаббат мавзуси етакчилик қилади. Умуман шоир  аксарият шеърларида, инсонни маърифатга, яхшиликка, ёмонликдан қайтаришга, сабр, чидам ва бардошга даъват этади.

Танладим сал оғирроқ йўлни,

Сал енгилроқ жон берайин деб.

Ёки:

Олға қараб юрганим сайин

Йил йиқилар йилнинг устига.

    Мазкур шеърда  бу дунё ўткинчилиги, оғир ва машаққатли, ҳалол йўлни танлаб, у дунёда саодатга эришиш мумкинлиги ҳақида файласуфона фикрларни келтириб, бу дунёда фақат инсондан яхшилик ва қилган савобли амалларигина қолишини гўзал сатрлар орқали ифода этган. Бундан ташқари шоир ўзига хос шеърий услубга эга ва унинг ижодида ҳеч кимникига ўхшамаган ташбеҳ-у истиоралар бисёр. Масалан, тандирни ювош дуогўй кампирга, теракларни саф тортган йигитларга, маккажўхорини бир майдон аёлларга ёки полизни саждадан бош кўтармайдиган ҳолатда қиёсланиши, шоир шеърларининг мусиқийлиги ва халқоналигини, равонлигини таъминлаган.

Тунд ел эсар,барглар сариқ,

Ёз ўтмайин келмоқда куз.

Оʻтди қурмоқ даври, энди

Қалбдин кибр қасрини буз.

    Шеърда тазод санъатидан унумли фойдаланган. Биринчи мисрада ёз-куз, иккинчи мисрада  қурмоқ-бузмоқ феъллари тазоднинг ёрқин намунасидир. Ушбу шеърий санъатдан фойдаланиш орқали ижодкор тингловчига бермоқчи бўлган фикрни тез ва осон етказган.

    Аъзам Ўктам бу йил олтмиш икки ёшга  тўлади. Ҳали у узоқ умрларни кўражак. Ўзи айтганидек, “ўйнаб, кулиб юзга ”, ундан ҳам кўпга, қўйингки, мингга тўлажак!

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.