Қизил китобга киритилган ўсимликлар ҳимоясида яна бир қадам: Чаканда плантатсияларини қандай сақлаб қолиш мумкин?

Самарқанд давлат университети биология факультети магистранти Шаҳло Толибова “Чаканда ўсимлигининг сув алмашинув хусусиятлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Шаҳло Толибованинг мазкур мавзу бўйича 5 дан ортиқ мақолалари халқаро ва республика нашрларида чоп этилган. Илмий раҳбари ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси доценти Флора Кабулова.
– Чаканда тўқайзорларда тарқалган ёввойи ўсимлик бўлиб, асосан, нам жойларда, дарё бўйларида ўсади - дейди Шаҳло Толибова, - Айни пайтда Қизил Китобга киритилган ноёб ўсимлик сифатида миллий қўриқхона муҳофазасига олинган. Бу ўсимлик Марказий Осиёда, Қирғизистон ва Тожикистонда кенг тарқалган. Самарқанд вилоятида табиий чакандазорлар, асосан, Зарафшон дарёси бўйида мавжуд. Ўсимликнинг фойдали томонлари кўплигини ҳисобга олиб, охирги йилларда чаканда плантатсияларини кўпайтиришга катта эътибор қаратилиб келинмоқда.
Чаканда таркибида кўплаб фойдали витаминлар ва биологик фаол моддалар топилган. Жумладан ундаги А провитамини болаларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Чаканда юқумли инфекцион касалликларга қарши дори воситалари ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилади. Шунингдек, унинг таркибида одам қаришини секинлаштирувчи, юрак фаолиятини фаоллаштирувчи моддалар ҳам аниқланган. Чаканда мевасидан чаканда ёғи олинади, барглари антибактериал хусусиятга эга, поя пўстлоғида серотонин моддаси бўлиб, саратон касаллигига қарши препаратлар ишлаб чиқаришда қўлланилади. Чаканда илдизида азот ўзлаштирувчи туганак бактериялар мавжуд бўлиб, улар тупроқни азотга бойитади.
Дарё сувидан нотўғри фойдаланиш натижасида грунт сувларининг камайиши тупроқ таркибида намликнинг камайишига олиб келади. Намлик етишмаслиги, юқори ҳарорат ва ҳавонинг қуруқлиги чаканда плантатсияларининг ривожланишига тўсқинлик қилади. Бу эса чаканданинг йўқолиб боришига сабаб бўлмоқда. Уни асраб қолиш учун ўсимликнинг сув алмашинув хусусиятларини ўрганиб, уни жорий муҳитга мослаштириш чораларини кўриш лозим. Шунинг учун бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири чаканданинг ўсиш, ривожланишини ўрганиш ва асосий эътибор сув етишмаслигига сабаб бўлаётган сув алмашинув кўрсаткичларини ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Мазкур тадқиқот иши чаканда плантатсияларини сақлаб қолиш, ўсимликнинг йўқолиб кетишининг олдини олишда муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.