Халқ сайлларию, тўй-томошалар ҳам албатта тош кўтарадиган полвонларсиз ўтмасди. Иккала қўли билан оғир тошларни кўтариб, айлантириб ерга улоқтириб ташлайдиган, тишлари билан тошларни кўтариб, чир-чир айлантирадиган полвонларни кўрган одамлар «Э, отангга раҳмат», дейишарди.

    Авваллари спортнинг тош кўтариш турига қизиқиб юрган қора кўз ўзбек болаларининг аксарияти кейинчалик замонавий спорт тури – оғир атлетикага меҳр қўйди. Астойдил шуғулланишди. Халқ олдида томоша кўрсатиб юрган полвонлар ўз кучларини майдонда намойиш қиладиган бўлишди. 1967-1968 йилларда ўзбекнинг номини дунёга машҳур қилган спортчилардан бири оғир атлетика бўйича жаҳон рекордчиси, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган спорт устози фахрий унвони ҳамда I даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби Эркин Каримов халқимизнинг ана шундай фарзандларидан бири. Дастлаб оддий тош кўтариш машқлари билан машғул бўлган қаҳрамонимиз кейинчалик оғир атлетикада мураккаб бир даврда, миллатимиз ёшларига катта спорт майдонларида ўзлигини намойиш қилиш учун у қадар имконият берилмаган бир фурсатда ўзбек йигитларининг нималарга қодирлигини намойиш этди. Собиқ иттифоқ оғир атлетикасида ўз «дастхати»ни қолдира билди.

    Не-не талотуп даврларни бошидан кечирган Эркин ака яқин кунларда 80 ёшни қаршилайди. Оғир атлетика спортида тўплаган тажрибалари ва бугунги кунда спортга бўлган муносабатларини билиш мақсадида у киши билан суҳбатлашдик.

    — Аввало сизни 80 ёшлик юбилейингиз билан табриклаймиз. Айтинг-чи, бундан олдинги давр оғир атлетикаси билан бугунги оғир атлетика спорти ўртасида қандай фарқ бор?

    — Авваламбор, шу ёшга етганлигимга чексиз шукроналар қиламан. Бугунги куннинг энг бахтли одамларидан бириман, десам, янглишмаган бўламан. Тинч Ўзбекистонда туғилиб яшаётганлигим, икки қиз, бир ўғилнинг отаси ва тўрт набиранинг севикли бобоси ҳамда оғир атлетикачиларимизнинг устози бўлганимдан бағоят хурсандман. Рости, ўзим баъзида ажабланаман, Ўзбекистон оғир атлетикасининг учта даврини кўрдим. Собиқ иттифоқ, ундан кейин Мустақилликнинг дастлабки даври ва бугун. Нима дейишим мумкин? Осмон билан ерча фарқ бор. Биз спортчи бўлган кезлари селекция, деган нарса йўқ эди. Ўзимиз отилиб чиққанмиз. Кейин спортчига яратилган шарт-шароитларни айтмайсизми? Давлатимиз томонидан беқиёс эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, бугунги Ўзбекистон оғир атлетикаси ишончли қўлларда. Авваллари халқаро майдонда қатнашадиган битта ёки иккита спортчи бўлган бўлса, ҳозирда ёшлар, ўсмирлар, катталар ўртасида ўнлаб ўзбекистонлик жаҳон чемпионлари, совриндорлари етишиб чиқди. Бундан ташқари, юртимизнинг беш нафарга яқин мутахассислари Халқаро ва қитъа оғир атлетикасининг турли комиссияларига аъзо. Айниқса, федерация раисининг биринчи ўринбосари Шахрилло Маҳмудов халқаро оғир атлетика федерациясининг ижроия қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритаётганлиги Ўзбекистон оғир атлетикасининг халқаро майдондаги ҳурматига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Яна бир нарсани айтишим лозим. Кетма-кет икки олимпиадада бир вазнда олимпия олтин медалини бир мамлакатдан икки спортчи олиш ҳолати камдан-кам учрайди. Бунга Ўзбекистон эришди. 2016 йили Руслан Нуриддинов дунёни лол этганди. Орадан беш йил ўтиб Токиода айнан Русланни вазнида Акбар Жўраев олтин медалга сазовор бўлди. Шу жиҳатдан, ҳозирги спортчиларимиз олдингиларга нисбатан жуда кучли ва шижоатлидирлар. – Бунга қандай эришилмоқда? – Давлатимиз томонидан алоҳида эътибор, мураббий ва мутахассисларнинг тинимсиз меҳнати ва энг асосийси, ёшларимизда ватанпарварлик туйғуларининг юқорилиги сабаб бўлмоқда. Оғир атлетикачиларимизни жисмоний жиҳатдан шуғуллантиришдан ташқари уларни маънавий, маърифий ва маданий томондан камол топишларига ҳам катта эътибор берилмоқда.

    – Бугун Ўзбекистон оғир атлетикачилари жаҳонда етакчи. Шу мавқени сақлаб қолиш учун нималарга эътибор бериш керак?

    – Ҳақиқатан, мамлакатимиз оғир атлетикачилари кейинги 4-5 йил оралиғида дунёнинг етакчи мамлакатларидан бирига айланди. Ҳозир ўсмирлар, ёшлар, катталар ўртасида Ўзбекистон терма жамоалари кучли ўринларни эгаллаб турибди. Ўзим собиқ спортчи бўлганим учун баъзида ўйлаб қоламан. Бугунги кунда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Тоштемиров, Достон Ёқубов, Турсуной Жабборова, ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Қурбонмурод Намозов каби ўнлаб истеъдодларимиз Руслан Нуриддинов ва Акбар Жўраевлар «сояси»да қолиб кетмаяптими, деб. Шу маънода Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Халқаро оғир атлетика федерацияси билан ҳар жиҳатдан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаши лозим, деб ҳисоблайман. Терма жамоа маслаҳатчи мураббийи сифатида мамлакатимиз оғир атлетикачиларининг жаҳондаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича биз машғулот майдонида, маслаҳат йиғилишларида иш олиб бормоқдамиз. Лекин катта ғалабалар фақат тайёргарлик билангина эмас, балки халқаро даражадаги муносабатлар орқали ҳам қўлга киритилишини унутмаслик керак.
 

    – Сиз мураккаб бир даврда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлгансиз, рекорд ўрнатгансиз. Ҳозир ўша кунларни қандай хотирлайсиз?

    – Ўзбек спортчиларидан биринчи бўлиб собиқ СССР халқларининг IV-спартакиадаси чемпиони, 1967-1972 йиллардаги СССР кубоги ва айрим машқлар бўйича СССР чемпионати ғолиби, кўп бора мамлакат рекордини ўрнатганман. Шунга қарамасдан мени олимпиада ўйинлари ва Жаҳон чемпионатларига олиб чиқишмаган. Чунки собиқ тузум спорт раҳбарлари иттифоқдош республикалардан жаҳон ва олимпиада ўйинларининг чемпионлари ва рекордчилари етишиб чиқишларини у қадар истамас эдилар. Юртимиздаги мураббийлар ҳам юқоридагиларнинг кўрсатмалари билан ишлашарди. 1987 йил собиқ иттифоқ спартакиадаси чемпиони ҳамюртимиз Исроил Исоқовни ҳам олимпиада ва жаҳон чемпионатларидан маҳрум қилганлар. Аллоҳга шукроналар бўлсинки, мустақиллигимиз туфайли спортчиларимизнинг кўкрагига шамол тегди. Бир пайтлар халқимиз Руфат Рисқиев, Биродар Абдураимовлар билан фахрланган бўлса, бугун спортнинг йигирмадан ошиқ турлари бўйича жаҳон чемпионлари, олимпиада совриндорлари, рекордчиларимиз бор. Олимпия ғолибларининг ўзи ўндан, спорт турлари бўйича жаҳон чемпионлари юз нафардан ошиб кетди. Бир пайтлар, «бу халқнинг боласи нимжон, улардан чемпионлар чиқмайди», дегувчиларга Ўзбекистон Мустақиллигининг ҳақиқий фарзандлари Муҳаммадқодир Абдуллаев, Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Руслан Нуриддинов, Акбар Жўраев, Улуғбек Рашидов, Баҳодир Жалолов, яқинда тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионлигига эришган Нодирбек Абдусатторов каби юзлаб ёшларимиз ўзбекнинг боласи қандай қудратга эга эканлигини кўрсатиб келмоқда. Ёши бир жойга борган инсон сифатида айтишим керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий этилган Янги Ўзбекистон ғояси ва унинг теграсида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳали бу чемпионлар сафини янада кенгайтириши шубҳасиз. Асосийси, юртимизда қилинаётган ҳар бир ишга тўғри ва адолатли ёндашув, инсон қадрини улуғлаш тизими жорий қилинганлиги биз кексалар ҳаётида ҳам акс этмоқда.

    – Эшитишимизча, Шароф Рашидовнинг эътирофига сазовор бўлган экансиз?

    – Шароф ота ўта зийрак инсон эдилар. Бирон бир расмий спорт мусобақаларига бориб қолсалар, кўз қорачиғи билан ўзларига ўхшаган «қора мағиз»ларни излардилар. Собиқ иттифоқ мусобақаларида иштирокимизни доимо қўллардилар. Айниқса, маҳаллий спортчиларга меҳри бўлакча эди. Сафимиз кенг бўлишини хоҳлардилар. Кўпинча мусобақалардан олдин Шароф ота мени чақириб: «Эркин бўш келма, сен албатта ғолиб бўлишинг керак», деб далда берарди. Албатта раҳбарнинг бир оғиз далдаси, ишончи ҳар қандай инсонга ўзига нисбатан янаям талабчан, изланувчан бўлишга туртки беради.

    – Инсон ёши улғайгани сайин болалигини соғиниб яшайди. Ўзингиз туғилиб ўсган Каттақўрғонга, ўқиган мактабингизга ҳам бориб, ёшлар билан учрашиб турасизми?

    – Ҳозир ҳам тош кўтариб турасизми?

    – Бунга кучингиз етадими, чарчаб қолмайсизми, демоқчисизда (кулади). Футболчини кунига оёғига тўп тегиб турмаса, уйқуси келмаганидек, бир кун тош кўтармасам, кечалари уйқум қочиб кетади. Шукур ҳалиям тетикман. Унча-мунча полвонлар билан баҳслашишга кучим етади. Ҳозир Ўзбекистон оғир атлетика федерациясида маслаҳатчи мураббий бўлиб ишлаяпман.Тажрибаларимни шогирдларимга, ёш спорт мураббийларига ўргатиб келяпман. Шу ўринда нокамтарлик бўлса-да, айтмасам бўлмас, Ўзбекистон оғир атлетикачиларининг сўнгги 4 та Жаҳон чемпионати ва 2 та ёзги олимпиадада қайд этган юқори натижаларида озми-кўпми ҳиссам борлигидан жуда бахтиёрман. Бундай шарт-шароитни яратиб берган, биз фахрийларни машғулот майдонига чорлаб турган Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутасаддиларига раҳмат. Кўринмай қолсам, дарров қўнғироқ қилишади. Телефонни олмасам мураббийлардан биронтаси, ҳаттоки фахрли спортчимиз Руслан Нуриддинов уйга келиб олиб кетади. Бундай эътибор, тергаб туришдан кейин ишламай ҳам кўрингчи? Мана шундай шижоатли ёшлар билан ҳамнафас бўлиш кишини қаритмайди. Янги-янги марраларни забт этишга чоғлайди.

 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги