Руҳий таъсир қилиш

    Муносабатлар гўё оқ қоғоз. Бир марта буксангиз, қанчалик уринманг, у қайтиб ўз ҳолига келмайди. Шунинг учун оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзимизга жиддий эътибор қаратиш лозим. Балки сиз учун гапираётган гапингиз ранжитмайдигандай туюлиши мумкин, аммо у кимга аталган бўлса, унинг кўнглига тегиши мумкин.

БУ МЕНИНГ МАЖБУРИЯТИМГА КИРМАЙДИ, БУНИНГ УЧУН МЕНГА ПУЛ ТЎЛАШМАЙДИ

    Ишхоналарда энг кенг тарқалган иборалар. 99% ҳолатда бу гап раҳбарингизни жаҳлини чиқариб, сизнинг ишга қанчалик совуққонлик билан қарашингизни кўрсатади. Шунинг учун бу вазиятда: “Бугунга топшириқларим жуда кўп. Қайси бирини биринчи бажарай?”, деб сўраганингиз маъқул.

СИЗ БИЛАН ГАПЛАШИШГА ВАҚТИМ ЙЎҚ “МЕН БАНДМАН”

    Бундай жавоблар – ёмон тарбиянинг белгиларидир. Мана бундай дейиш одобдан бўлади: “Мени кечиринг-у, ҳозир мени муҳим мажлисим бор, мен боришим керак. Келинг, қўнғироқлашиб, муаммонгизни кейинги сафар ҳал қиламиз” ёки “Келинг, буни бир соатдан сўнг маслаҳатлашамиз. Айни вақтда, бир муҳим ишни тугатаётгандим”.

БАЛКИ БУ ГАПИМ АХМОКОНА ЭШИТИЛАР, АММО...

    Бундай “чиқиш” гапирмоқчи бўлган нарсангизни бошиданоқ асосланганлигини шубҳа остига қўяди. Бу иборани айтишни ўзингизга қатъиян ман қилинг.

ХАФА БЎЛМАНГУ, ЛЕКИН...

    Бу ибора ундан сўнг қандайдир ёқимсиз гап келишига огоҳлантиришдек эшитилади. Шу йўл билан суҳбатдошингизни сизнинг гапингизни хафа бўлиб тинглашига мослаштириб қўясиз. Шунинг учун бу ибора оғзингиздан мана-мана чиқай деганда, дарҳол мавзуни бошқасига ўзгартиринг.

ВОЙ СЕМИРИБСИЗМИ ЁКИ ОЗИБСИЗМИ?

    Вазн – кўпчиликнинг оғриқли нуқтаси. Инсонлар қоматида бўладиган ўзгаришларни қийинчилик билан қабул қилади. Шундай экан бу тўғрисидаги изоҳлар унинг кайфиятини бузиши мумкин. Бунинг ўрнига “Кўринишинг ажойиб!”, деганингиз яхши.

ЁШИНГИЗГА НИСБАТАН АНЧА ЯХШИ КЎРИНАР ЭКАНСИЗ

    Бу ибора гўё ёшингизни эслатиб қўйгандек эшитилади ва қуйидаги маънога тенг: “Бошқа кексалар билан таққослаганда сиз анча-мунча тетик кўринасиз”. Шунчаки: “Кўринишингиз яхши”, деб қўйсангиз бўлгани.

ЎЗИНГНИ КЎРСАТЯПСАНМИ?

    Жанжал кўтарманг. Низо чиқариш ўрнига:  “Мен” олмошини ишлатиб, урғуни суҳбатдошингизнинг ёмонлигига эмас, балки ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизга берасиз. Бундай ёндашув у учун сизни безовта қилаётган муаммони ҳал қилишга туртки бўлади.

АГАР ҲАҚИҚАТДАН МЕНИ СЕВГАНИНГДА, СЕН...

    Бу иборани айтар экансиз, нафақат жуфнингиз устидан ҳукмронлик қилишга уринган, балки унинг муносабати сизни қониқтирмаётганини очиқ намойиш қиласиз. Мазкур сўз ўртангиздаги алоқани мустаҳкамлаши амри маҳол. Ундан кўра: “Агар сиз … қилганингизда, ўзимни яхшироқ ҳис қилган бўлардим”, деганингиз маъқул. Самарали муносабатларни сақлаб қолишнинг энг яхши йўли – нега хафа эканлигингизни тушунтириш ва шундан сўнг ечимини таклиф этиш.

“У СЕНГА АРЗИМАСДИ”, “УНДАН ҚУТИЛГАНИНГГА ХУРСАНДМАН”

    Жуфти билан ажрашган дўстингиз ёки дугонангизни тинчлантиришга уринаётган бўлсангиз ҳам у буни дидига нисбатан ҳақорат ёки инсонларни ажрата олмаслик белгиси сифатида қабул қилиши мумкин. Бу ибора ўрнига: “У ўз бахтини йўқотди”, денг. Яқинингиз бу сўзни тўғри тушунади ва далдангизни ҳис қилади.

 Мухтасам Сулаймонов

 Самарқанд давлат университети

 психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси