Суғд конфедерацияси тарихига бевосита алоқадор манбаларни аниқлаш ва маълумотларнинг ишончлилик даражасини белгилашда уларнинг қандай муҳитда яратилганлиги ҳам муҳимдир. Суғд конфедерацияси тарихига оид нисбатан кенг маълумот келтирилган суғдий, хитой, араб-форс, қадимги туркий тилидаги манбалар таҳлилига бағишланган бир қатор тадқиқотлар амалга оширилган. Бошқа тиллар, хусусан, бақтрий (“Бақтрия” ибораси географик маънони ифодалаш учун ишлатилган. Географик маънодан фарқли бўлиши учун ёзув ва тилни ифодалаш мақсадида “бақтрий” атамасини ишлатиш маъқул деб топилди) тилидаги манбалар таҳлили тадқиқотчилар назаридан бирмунча четда қолган. Ушбу манбаларни тадқиқ этиш Суғд конфедерацияси тарихининг баъзи хусусиятларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки шу асосда Суғд тарихининг бирламчи ва ёрдамчи манбалари аниқланади ҳамда маълумотларнинг реал тарихий жараёнларга боғлиқлиги қай даражада эканлиги ўз аксини топади. Қолаверса‚ турли тиллардаги манбалар муаллифларнинг у ёки бу жиҳатдан (масалан, этник ёки сиёсий жиҳатдан) мансублиги тарихий жараёнларни қанчалик даражада холис акс эттирилганлигини аниқлашда муҳим омил саналади. Суғд конфедерацияси тарихининг баъзи қирралари акс эттирилган бақтрий тиллардаги манбаларнинг рус тилидаги нашрлари асосида муаммони тадқиқ этишга ҳаракат қилиш ҳам муҳим ҳисобланиб, ушбу манбаларда Суғд конфедерацияси тарихига махсус боб ёки бўлим ажратилмаган бўлса-да, улардан муаммонинг баъзи қирраларини ёритишда унумли фойдаланиш мумкин. Бақтрий тили ва ушбу тил асосидаги юнон ёзуви (кейинчалик мил. авв. II-I асрларда юнон алифбоси асосида бақтрияликлар ўз ёзувларини ишлаб чиққанлар), суғдий тил тарқалган ҳудудга қўшни бўлган минтақалардан бири ҳисобланади. Географик жойлашувига кўра, Суғднинг жанубий ҳудудлари илк ўрта асрларда Тохаристон (тарихий Бақтрия) билан чегарадош бўлиб, ушбу минтақалар тарихи бир-бири билан боғлиқ. Аммо Суғд тарихи билан боғлиқ маълумотлар кўпгина бақтрий манбаларда учрамайди. Масалан, 1905 йил А. фон Ле Кок томонидан Туйок дарёси (Турфон / Шарқий Туркистон) воҳасидан топилган “Берлин эфталит парчалари” деб номланувчи бақтрийча ҳужжатлар, Андрэ Марик томонидан 1957 – 1959 йилларда Сурх-Коталдан топилган кушонлар даврига оид бақтрийча диний ҳужжатлар, 1962 йил Эски Термизнинг Қоратепа ибодатхонаси харобаларидан топилган диний мазмундаги ҳужжатлар, совет-афғон экспедицияси томонидан 1973 – 1974 йилда Шимолий Афғонистондаги Дилбержин шаҳар харобасидан топилган бақтрийча ёзув машқи намуналарида Суғд конфедерацияси хусусидаги маълумотлар учрамайди. Уларнинг аксарияти диний мазмунда. Тарихий Тохаристон ҳудудидан XX асрнинг 90 йиллари давомида топилган бақтрий тилидаги, мутахассислар томонидан асосан милодий III-VII асрларга оид деб тахмин қилинган ҳужжатларнинг топилиши муҳим воқеа бўлди. Эроншунос Н. СимсВилльямс томонидан ўрганилган мазкур манбалар‚ асосан инглиз, қисман рус тилларига таржима қилинган бақтрий ҳужжатлари бошқа тилларга тўлиқ таржима қилинмаган. Бақтрий тилли ҳужжатларнинг инглиз тили таржималарининг айримлари ўзбек тилида ҳам эълон қилинди. Мутахассислар мазкур бақтрий ҳужжатлар 639, 678, 681, 702 йилларда тузилганлигини келтириб ўтишади. Ҳужжатлар олди-сотди, ижарага бериш, мажбурият, кафолат хати каби ҳуқуқий масалаларни қамраб олган. Бақтрий тилли ҳужжатларнинг тузулиши ҳам Муғ тоғи суғдий ҳужжатларига ўхшашлиги билан диққатни тортади. Уларда ҳам ҳужжатнинг кириш формуласи, мақсади, ҳужжат тузилганда гувоҳлик қилганлар, тузилган санаси каби таркибий қисмлари мавжуд. Балки, хоқонлик тасарруфидаги девон ва маҳкама ишларининг бир хилда юритилиши марказий ҳокимият томонидан назорат қилинганидир. Бақтрия ҳужжатларидан Суғд конфедерацияси ҳукмдорлари унвони билан алоқадор баъзи маълумотлар келтирилган. Масалан, ҳужжатларда келтирилган хар ёки хāр унвони қадимги эроний тилдаги xšāθriya – “ҳукмдор” маъносини бериб, суғдий тилда [әxšēθ] деб талаффуз этиладиган “ихшид” сўзига ўхшаш. Бу икки атама ёзилишига қарамай, бир хил маъно англатиш учун ишлатилганлиги тарихий ҳақиқатга тўғри келади. Ушбу масалада олимларнинг ҳам фикри бир жойдан чиққан. Масалан, М.Исҳоқовнинг фикрига кўра, илк ўрта асрларда Тохаристон ҳукмдорлари унвони сифатида ихрид деб тушуниб келинган унвон палеографик жиҳатдан манбаларда чиндан ҳам шундай ўқилади. Бироқ, бу унвоннинг таркибидаги -р- ҳарфи Жанубий Суғд минтақасида -ш- деб ўқилиши лозим. Бундай ноёб палеографик ҳодиса Жанубий Суғдга қўшни Тохаристон (Бақтрия)да амал қилган юнон-бақтрий ёзувидаги меъёр таъсирида юзага келган. Бақтрий юнон ёзувида реш ҳарфи шин учун ишлатилган. Бунинг фонологик маъноси ушбу товушларнинг ўзгариши ўрни бирлиги, талаффузда эса, бири тор оралиқ шовқинли, иккинчисининг талаффузи титроқлиги билан белгиланади. Бақтрий юнон ёзувида эса шин учун реш дан фойдаланиш каби қабул қилинган палеографик усул бир муддат “миллий” суғдий ёзувнинг жанубий минтақа амалиётига таъсир қилган кўринади. Бироқ, бу амалиёт кенг тарқалмаган. Шу сабабли, ихрид атамаси тарихан ихшид атамасининг маҳаллий варианти деб ҳисобланиши лозим. Бақтрия ҳужжатларида бир неча маҳаллий ҳукмдорларга Турк хоқонлари томонидан унвонлар тақдим қилиниши билан боғлиқ маълумотлар ўрин олган. Ушбу ҳужжатларда Турк хоқонлари томонидан хоқонлик тасарруфида бўлган ҳукмдорларга тақдим қилинган элтабар унвони‚ бундан ташқари, хоқонликнинг жойлардаги назоратчи ноиблари бўлган тудун каби, хоқон, тархон ва бошқа ўнлаб қадимги туркийча унвонлар акс этган. Манбада ушбу унвонларнинг хоқонлик бошқарувида ишлатилганлиги тилга олинади. Бу эса мазкур унвонларнинг Суғд конфедерацияси тарихи билан боғлиқлиги масаласини кучайтиради. Бақтрий тилида ёзилган бир неча ҳужжатлар Суғднинг ўзидан ҳам топилган. Хусусан, Панжикент харобаларидан ёрлиқ ва бир қанча сопол парчаларда битилган сўзлар, Афросиёб деворий суратларидаги бақтрийча ёзув намуналари топиб ўрганилган. Мазкур бақтрийча манбаларнинг аксарият қисми хўжалик ва олди-сотди мазмунида бўлиб, уларда фақат конфедерация тарихини ёритишда ёрдамчи маълумот сифатида фойдаланиш мумкин. Хуллас, Суғд тарихи алоқадор бақтрий тилидаги ёзма ёдгорликларнинг манбашуносликдаги аҳамияти юқори. Уларнинг муаллифлари воқеалар жараёнини ёритиш асносида Эфталийлар, Турк хоқонлиги каби давлатларнинг тасарруфида бўлган халқлар ва мамлакатларни санаш асносида Суғд тарихига тўхталишган. Уларда конфедерациянинг шаклланиши, ундаги танга зарби, давлат рамзлари каби асослар хусусида сўз юритилмайди. Бақтрий тилида бирор тарихий асар етиб келмаган. Бақтрия ҳужжатлари ҳали илмий жамоатчиликка кам таниш бўлиб, уларнинг рус, инглиз ва бошқа дунёвий тилларга тўлиқ таржима қилиниши натижасидагина ўрганилаётган муаммонинг баъзи хусусиятларини тадқиқ этиш мумкин.

 

Довудхон Аҳмадов,

Самарқанд давлат университети магистри.