Том устидаги тадқиқот: 9 қаватли бинода жойлашган шамол тезлигини ўлчовчи анеморумбометр ҳақида биласизми?

Самарқанд давлат университети гидрометеорология кафедраси олимлари ташаббуси билан ўрнатилган ушбу ускуна шамол йўналиши ва тезлигини баҳолаш учун мўлжалланган. Ушбу ускуна ёрдамида об-ҳаво маълумотини олдиндан билиш мумкин.
Анеморумбометр ҳозирги вақтда 45 метр баландликка ўрнатилган бўлиб, у шамолнинг йўналиши ва тезлигини баҳолайди. Мазкур ускунадан Иқтисодий зоналар барпо этиш, фабрика заводлар қуриш, деҳқончилик, янги иншоотлар барпо этиш, об-ҳаво маълумотларини аниқлашда фойдаланилади.
Самарқанд давлат университети гидрометеорология кафедраси ўқитувчиси Одилбек Мирзаевнинг маълумот беришича, ушбу анеморумбометр олинган барча кўрсаткичларни мавжуд усуллар билан индикатор қурилмасига юборади. Индикатор маълумотларни рўйхатга олиш учун ўзида акс эттиради. Ана шундай тарзда жараён давом эттирилади.
Мазкур техника ёрдамида бугунги кунга қадар бир қатор тадқиқотлар олиб борилди. Хусусан, Самарқанд давлат университети олимлари томонидан “Самарқанд вилоятининг шамол энергия ресурслари ва уларни карталаштириш” номли монография нашр эттирилиб, илмий жамоатчиликка ҳавола этилди.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.