Асл жавоҳир

Флешбек
Жон Стейнбекнинг “Жавоҳир” асарини 2 йил олдин “Ёш китобхон” китоблари рўйхатида берилгани учун ўқиган эдим. Ҳақиқатан ҳам, бу қисса ўқиса арзигулик асар экан. Қиссадаги шиддатли воқеалар, ота-онанинг фарзандга муҳаббати, камбағал одамларнинг аянчли аҳволи асар ҳақида ажойиб таасурот қолдирган эди. Асарни ўқиган ҳар қандай китобхон тасвирланган ноҳақликларни кўриб мушоҳадага қилиши шубҳасиз. Мана 3 кун бўлдики, мен уни қайта ўқиб чиқиб, ҳали-ҳануз унинг таъсири, олами билан юрибман.
Асар ҳақида
“Жавоҳир” асари америкалик Нобел мукофоти соҳиби Жон Стенбек қаламига мансуб бўлиб, илк марта 1947-йилда нашр этилган. Қисса марварид изловчи Кино, унинг аёли Хуана ва фарзанди Коётито ҳақида ҳикоя қилади. Муаллиф асарни 1940-йилда Мексиканинг Ла пас шаҳрига ташрифи пайтида эшитган ҳикояси асосида ёзган.
“Жавоҳир” муаллифга катта шуҳрат келтирган асарлардан бири ҳисобланади. Асар асосида Канада ҳамда Мексида “Жавоҳиръъ номли филм ҳам суратга олинган.
Сюжет
Ла пас номли мўжаз шаҳарда Кино исмли марварид изловчи ва унинг садоқатли аёли Хуана кун кечиришар эди. Бир куни уларнинг жажжи фарзанди Коётитони чаён чақиб олади. Чаён чақиши катталар учун оғир касаллик, болалар учун эса муқаррар ўлим эди. Фарзандидан айрилишдан қўрққан Хуана доктор чақиришга қарор қилади, бу маҳаллий камбағал оила учун катта жасорат эди. Албатта, доктор уларникига боришдан бош тортади.
Коётитони даволатиш учун пул керак эди, шунинг учун Кино марварид излашга денгизга чиқади. Бахтига, денгиздан энг катта марваридни топиб олади. Марвариднинг қиймати шунчалар катта эдики, бу билан Кино оиласини бемалол камбағалликдан олиб чиқа олар эди.
Кичкина қишлоқда Кино исмли марварид изловчининг йирик марварид топгани ҳақидаги хабар тез тарқалади. Буни эшитган доктор ҳам марвариддан умидвор бўлиб болани кўриб қўйгани келади ва Коётитони даволайди.
Кино марваридни сотгани бозорга боради. Унга кўп пул таклиф қилишади, бироқ у кутгани анча кўпроқ эди. Шу сабабли марваридни шаҳарга чиқиб пулламоқчи бўлади. Ўша тунда Кинонинг уйига ўғри тушади, лекин марваридни ўғрилаб кета олишмайди. Шунда Хуана марвариднинг уларга бахт эмас, фалокат олиб келишини Кинога айтади.
Кейинги тунда Хуана марваридни денгизга отиб юбормоқчи бўлади, аммо Кино бунга йўл қўймайди. Бу пайтда Кинонинг уйига бир гуруҳ ўғрилар тушиб тинтув қилади. Марваридни Кинодан олиб қўймоқчи бўлишади, бироқ Кино ўғрининг бирини ўлдириб қўяди. Кино ўзини ҳимоя қилиш учун одам ўлдирган бўлса ҳам, уни барибир ҳеч ким тингламаслигини билгани учун шаҳарга кетишдан олдин бир кеча акаси Хуан Томаснинг уйида тунашади.
Тонг отгач оила тоғ бўйлаб йўлга чиқишади, лекин уларнинг орқасидан овчилар гуруҳи қидираётган эди. Бир куни тунда овчилар оилани Коётитонинг йиғисидан пайқаб қолишади ва беҳосдан болани отиб қўйишади. Боласининг ўлгани учун қаттиқ изтироб чеккан Кино охирида марваридни денгизга улоқтиради ва асл марварид нима эканлигини тушуниб етади.
Таҳлил
Асардаги бош ғоя Мексикадаги камбағалларга қилинган ноҳақликларни очиб бериш орқали ифодаланган. Доктор Кино ва Хуананинг фарзандига қарашдан бош тортади, негаки уларнинг пуллари ҳам, берадиган нарсаси ҳам йўқ. Шу билан бирга, шундай оддий марварид изловчининг уйига ёрдам сўраб келишини ўзига ҳақорат деб билади. Воқеалар давомида Кино уйига тушган ўғрилардан бирини ўлдириб қўяди. Аслида, қонун бўйича ўзини ҳимоя қилиш учун беҳосдан одам ўлдириб қўйган одамга ёмон жазо кўрилмайди, бироқ Кино каби фақир марварид изловчига ҳеч ҳам ишонишмайди. Мана шу ўринларда инсон қадрининг қанчалар ерга урилганини кўришимиз мумкин.
Кино асардаги асосий қаҳрамон. У оддийгина марварид изловчи ва оиласини шу орқали боқади. Аёли ва фарзандини жондан ортиқ яхши кўради. Унинг ҳаёти ўша йирик марваридни топиб олгач, бутунлай ўзгариб кетади. Оиланинг тинчлиги бузилади. Шунда энг оғир вазиятларда ҳам Кино оиласини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Кино марваридни сотиб, Хуана билан черковда тўй қилмоқчи (Ўша пайтларда Мексикада фақатгина ўзига тўқ оилаларгина черковдан никоҳдан ўтиб тўй қила олар эди.), Коётитони чўқинтириб, энг яхши мактабларга бермоқчи бўлади, афсуски, бу орзулари сароб бўлиб чиқади. Асарда бойлик тўкин-сочинликда эмас, оддий ва тинч ҳаётда экани англашилади.
Жон Стейнбек Хуана образига алоҳида ёндашган. У садоқатли рафиқа ва кучли аёл сифатида гавдаланади. Камбағал бўлишига қарамай, доктор чақиришга журъат этади. Фарзандини ва оиласини ҳар қандай нарсадан устун қўяди. Кино уни ўзи билан кетишдан қайтармоқчи бўлса ҳам, Хуана ҳар қандай вазиятда оиласи Кино билан боришини айтиб, Кинога таянч бўлишга ҳаракат қилади. Ўша вазиятда Кино унинг кўзида заррача қўрқув кўрмайди, фақат эрига бўлган садоқат порлаб туради.
Хулоса
Жон Стейнбекнинг “Жавоҳир” қиссаси ҳар қандай одамга ибрат бўла олади. Асардаги Кино, Хуана образлари орқали оила муқаддас эканини ўқувчига англатади. Ҳозирги кунда арзимаган сабаб билан бузилиб кетаётган оилалар, асардаги Кинонинг оиласини кўриб, улардан ўрнак олса арзийди.
Наздимда, асарни барча ўқиб чиқиши лозим. Зеро, асар барчага оила улуғ неъматлигини, ҳозирги тўкин-сочин замонимизга шукр қилишга ўргатади.
Қизиқарли фактлар
- Жон Стейнбекнинг “Жавоҳир” қиссаси асар тилининг тушунарли ва ғоясининг аҳамиятли бўлгани учун кўпгина мамлакатларда ўқувчиларга ўқитилади.
- Кўпгина нашрлар романни "катта бадиий ғалаба" сифатида мақташди ва Стейнбек "ҳаётнинг умумбашарий аҳамиятини" қандай тушунишини та'кидлайди.
- Америкалик бастакор Эндрю Бойсен “Жавоҳир” қиссасидан илҳомланиб, “Тромбон ва шамол симфонияси” асарини ёзган.
Машҳура Камолова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.