Жамиятда ҳуқуқшунос аёлларга эҳтиёж катта…

Самарқанд давлат университети юридик факультети фалсафа ва миллий-ғоя кафедраси доценти Гулноза Султанова АҚШ, Испания, Ҳиндистон, Россия, Чехия, Болгария, Буюк Британия, Германия каби давлатларнинг халқаро журнал ва конференцияларида бир қатор мақолалари билан иштирок этган.
2018 йилда “Постноклассик илмий тафаккур тарзида ғоявий ворислик ва инновация муаммолари” мавзусида фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини профессор Шуҳрат Қўшоқов раҳбарлигида муваффақиятли ҳимоя қилган.
Айнан шу йилда Самара университетида (Россия) бўлиб ўтган “Фан ва таълим замонавий амалиётда гуманитар билим халқаро интеграцияси: Самара ва Самарканд” мавзусидаги халқаро лойиҳада иштирок этган.
2019 йил Циан Жиатонг университетининг (Хитой) таклифига кўра “University Alliance of the Silk Road” мавзусидаги халқаро форумида “Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари”, “Самарқанд Шарқ гавҳари”, “Самарқанд давлат университети: ислоҳотлар ва йўналишлар” мавзусидаги маърузалар билан Хитой давлатида бўлган.
Гулноза Султанова 4 нафар фалсафа фанлари доктори (PhD) ёш олимларга илмий раҳбарлик қилмоқда. Унинг шогирди СамДУ 2019-2020 ўқув йили битирувчиси Ойбек Шавқиев Навоий номли давлат стипендиясини қўлга киритган. Шунингдек, олима инглиз, рус ва турк тилларида эркин мулоқот қила олади.
Олиманинг “Постноклассик илмий тафаккур тарзида инновация” номли монаграфияси Германиянинг Ламберт нашриётида, қолган икки монографияси эса Ўзбекистонда нашр этилган. Қолаверса, унинг бир ўқув ва 2 ўқув-услубий қўлланмалари чоп этилган.
Гулноза Султанова яқинда “Когнитив конструктивизм тафаккур тарзи креативлигининг интеллектуал асоси сифатида” мавзусида диссертациясини ҳимоя қилиб, фалсафа фанлари доктори илмий даражасини қўлга киритди. Илмий маслаҳатчиси профессор Шуҳрат Қўшоқов.
- Аёл ва жамият тушунчаси қайсидир маънода эскиргандай таассурот қолдириши мумкин. Лекин, аслида жамият оилалар асосига қурилишини ҳеч ким инкор этолмайди. Бас, шундай экан жамиятни ҳам аёл ва хотин-қизларга бўлган адолатисиз тасавур қилиб бўлмайди, - дейди доцент Гулноза Султанова. - Бугун жамиятда хотин-қиз юристларга, олимларга бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари, улар учун жамиятнинг масъулиятини янада ошириш борасида жуда кўп иш қилиниши керак. Менинг назаримда, аёллар ҳуқуқини, муаммоларини, дардини тушуниш учун, ҳис этиш учун ҳам аёл ҳуқуқшунослар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши керак бўлган вақт аллақачон етиб келди. Балким, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини бузилиши ва поймол бўлишига доир масалаларга ҳуқуқий баҳо беришда аёл ҳуқуқшуносларининг иштироки шартдир. Аёл ўз изтиробларини кечмишларини, қийинчиликларини ҳамма вақт ҳам ошкор қилавермайди. Бунда миллий менталитет деган тушунча кўп ўринларда устун келаверади. Агар ушбу жараёнларни аёл ҳуқуқшунос ўрганадиган, кўрадиган, таҳлил қиладиган бўлса, бу ўз-ўзидан жамиятдаги иллатларни камайишига, оилаларнинг мустаҳкамлигига олиб келади. Менинг назаримда оила ва никоҳ тушунчалари бўйича профессионал юристларга, адвокатларга ва ўз навбатида психологларга, файласуфларга эҳтиёж жуда катта бўлиб бораверади. Минг афсуски, жуда кўп ҳолатларда хотин-қизларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайди, зўравонлик қурбонига айланади. Моддий ва маънавий жиҳатдан жуда катта ёқотишларга дуч келади, оилалар барбод бўлади, болалар етим қолади. Бундай ҳолатлар эса, жамиятга ҳам маълум бир маънода зиён етказади. Шунингдек, таълим даргоҳларида ҳам, ўқиш, ўрганиш, жараёнларида ҳам, хотин-қизларга алоҳида муносабат, алоҳида эътибор, алоҳида енгилликлар лозим. Бунинг учун эса, хотин-қизлар орасидан жуда кўплаб олий маълумотлилар етиб чиқиши керак, деб ўйлайман.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.