“Ана шу сувратим қарисаю, мен мангу ёшлигимча қолаверсам! Бунинг uchun... Бунинг учун мен оламдаги бор нарсани беришга тайёрман. Ҳа, ҳеч нарсамни аямас эдим. Бунинг учун ҳатто жонимни ҳам бераман!”

    Одатда, бирор бир асар ҳақидаги муҳим бир факт, қизиқарли маълумот ҳам менда шу асарни ўқиб чиқишга туртки бўлиши мумкин. Оскар Уайлднинг “Дориан Грей портрети” асари ҳақидаги бир мақолада келтирилган қизиқарли маълумот диққатимни тортиб, асарни мутолаа қилишга ундаган. Мақолада тахминан шундай жумлалар бор эди: “...yozuvchining бу асари бир инсон билан тузилган гарови натижасида бор-йўғи уч ҳафта ичида ёзиб тугатилган. Гаров ўйнаган киши ёзувчини умрида ҳеч қачон роман ёза олмаслигини айтган эди...” Асар шу қисқа вақт ичида ёзиб тамом қилинган бўлсада, ҳақиқатан у кишини мушоҳадага чорлайди, асарни ўқиган ҳар бир китобхон ўзини Дорианнинг ўрнига қўйиб, тафтиш қилиб кўради, портрет қаршисида ўз саволларига жавоб излайди.

    Асар ҳақида

    “Дориан Грей портрети” асари Оскар Уайлднинг роман жанридаги ягона асари бўлиб, жуда оз фурсат – уч ҳафта ичида ёзилган. Роман ёзилиб, нашр қилингандан кейин норозичиликларга ҳам сабаб бўлган. Шунга қарамай, китобхонлар бу асарни жуда илиқлик билан қарши олади. “Дориан Грей портрети” романи жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида экранлаштирилган.

    Сюжет

    Роман воқеалари ривожида рассом Безил Холлуорд ёш ва соҳибжамол йигит – Дориан Грейнинг портретини маҳорат билан чизади. Рассом Безилнинг яқин дўсти бўлган лорд Генри Уоттон суҳбатлардан бирида бу портретни Гровенорга кўргазмага юбориш кераклигини айтади. Аммо Безил унинг таклифини эътиборсиз қолдириб, кўргазмага қўйиш нияти йўқ эканлигини билдиради. Генри эса унинг жавобидан ҳайратланиб, сабабини сўраганида, Безил шундай сўзларни айтади: “Рассом ишлаган сувратида қаршисида ўтирган одамнинг эмас, ўз-ўзининг қиёфасини очиб беради. Бу портрет менинг юрак сирларимни ошкор этиб қўймаса, деб қўрқаман. Шунинг учун уни кўргазмага қўйиш ниятида эмасман”. Рассом Безилнинг бу жавоби эса нафақат дўсти Генрини, балки китобхонни ҳам қизиқтириб қўяди. Рассом санъат асарини якунлаб, портретни Дорианга тақдим этади. Сурат билан Дориан ўртасида деярли фарқ йўқ бўлиб, у расмга қараганда илк бор ўзининг жамолидан ҳайратга тушади: “Ана шу сувратим қарисаю, мен мангу ёшлигимча қолаверсам! Бунинг uchun... Бунинг учун мен оламдаги бор нарсани беришга тайёрман. Ҳа, ҳеч нарсамни аямас эдим. Бунинг учун ҳатто жонимни ҳам бераман!” Хўш, Дорианнинг бундай фикрга келишига сабаб нима бўлди?! Аввало, рассом Безил портретга бутун қалбини бериб ишлов берган эди. Бундан ташқари асар битгунига қадар Дориан билан Генрининг ўзаро суҳбати, ёшлик ҳақидаги муҳокамаларидан сўнг, йигит умрининг охиригача портрет қарисада, аммо ўзи навқиронлигича қолишни хоҳлаб қолади.

    Асар воқеаларида Дориан Генри билан танишганидан кейин, Генри ўз ғоялари билан Дорианни ҳам ўз домига тортиб бораверади.  Дориан актриса Сибила Вейн билан учрашиб, унга унаштирилади. Аммо театрда бўлган бир саҳнада яхши роль ижро этмагани учун Сибилага аччиқ гапириб, уни ташлаб кетади. Қиз эса бунга чидаёлмай ўз жонига қасд қилади. Ана шундан кейин илк бор Дориан Грейнинг портретида ўзгариш юз беради: “Шу хира шуълада сувратда унинг юзида қандайдир ўзгариш содир бўлгандай кўринди. Унинг чеҳрасидаги ифода нечукдир бошқача эди – қимтиб олган лабларида шавқатсизлик сезилиб турарди. Бу – ғалати эди”. Шу тариқа Дорианнинг хулқидаги ўзгаришлар суратда намоён бўлиб бораверади.

    Таҳлил

    Асарнинг бошланғич қисмида Дориан Грей аслида ёш бўлишига қарамасдан туйғулари соф йигит сифатида тасвирланади. Аммо у рассом Безилнинг дўсти Генри Уоттон билан танишганидан сўнг фикрлари, дунёқараши бутунлай ўзгара бошлайди. Бутун хулқ-атворидаги ўзгаришлар вақт ўтиб, суратда акс этиб боради. Буни қарангки, ҳақиқатдан Дориан навқиронлиги ўзида сақланиб қолиб, бор қусур ва камчиликлар портретда ақл бовар қилмас даражада намоён бўлади. Дориан портретни яширишга уринади. Айнан мана шу сурат Дорианни қотиллик қилишига ҳам сабабчи бўлади. Ҳатто барча бўлаётган воқеаларнинг сабабкори дея рассом Безилнинг ҳам ҳаётига зомин бўлади. Бу воқеаларга Дорианнинг ёшлиги сабабми, у оқни қорадан вақтида ажратолмади. Безил берган яхши тавсияларга амал қилмасдан Генрининг разил ғояларига берилиб кетди. Асар мазмунидан англашиладики, ҳаёт доим ҳам бир текисда кетмайди, баъзида билиб-билмай қилинган хатоларни такрорлаш каттадан катта гуноҳ ишларни, ёвузликларни келтириб чиқариши мумкин. Буни биз бош қаҳрамон Дориан образи мисолида кўрамиз. Айниқса, асардаги асосий деталлардан бири – портрет орқали китобхон ҳам ўз ҳаётига назар ташлаб кўради, худди Дориан суратга боққанда ўз камчиликларини кўргани каби! Асар инсонни виждон билан яшашга, яхши ишлар билан умр кечиришга ундайди.

    Хулоса

    Асар сўнгида портретда Дориан Грейнинг навқиронлиги барқ уриб турган ҳолати ўзининг аслига қайтиши, Дорианнинг эса юзига ажинлар тушган, қариган чол тусидаги жасади топиб олиниш тасвири бор. Бу эса ёшликнинг ўткинчи эканлигини, бу дунёда инсон яхши хулқ-атвори билангина ном қолдириши мумкинлигини кўрсатиб беради. Хулоса шуки, ҳар бир инсон ўз «портрет»ига ҳар сафар боққанида фақат савоб ишлари, эзгу амаллари порлаб туриши керак эканлиги асарнинг туб моҳиятини ташкил этади.

    Иқтибослар

    – Бахтнинг чинакам сири – гўзалликни изламоқдадир.

    – Энг оддий, энг арзимас буюм ҳам уни одамлардан яшира бошлашинг биланоқ бирдан кишини лол қолдирадиган даражада қизиқарли бўлиб қолади.

    – Меҳр билан чизилган ҳар қандай портрет, сирасини айтганда, рассом қаршисида сувратга тушмоқ учун ўтирган одамнинг эмас, рассомнинг ўз портретидир.

    – Ҳаётдаги энг мароқли нарса – ўзингнинг қалбинг ва дўстларингнинг эҳтиросидир.

    – Яшашдан мақсад – ўзлигини намоён этишдир. Биз ўз моҳиятимизни тўла-тўкис намоён этиш мақсади билан яшаймиз.

    – Дунёдаги энг улуғ ҳодисалар инсон миясида содир бўлувчи voqealardir... дунёдаги энг буюк гуноҳи азимлари ҳам мияда, фақат мияда туғилади.

    – Қалб дардини ҳамиша сезгилар билан даволамоқ керак, сезгиларга эса қалб даво бўлади.

    – Ҳаётимиздаги бирдан бир қимматли нарса ёшликдир.

    –  Баъзи одамлар ўзларига жуда зарур бўлган нарсаларни бажону дил бошқаларга бериб юбораверадилар. Олийжанобликнинг энг юксак намунаси деса арзийди буни!

 

Чамангул Сайдаззамова,

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси.