Top.Mail.Ru
×
Menu
Close Menu

ВУЛҚОНЛАР

    Ер пўстидаги ёриқлар, каналлар орқали лава, иссиқ газ, сув буғлари ва жинс бўлакларини чиқариб турадиган геологик тузилмага вулқон дейилади.

    Сайёрамизнинг 50 дан 350 km.gacha етадиган чуқурликларида суюқ модда - магма ҳосил бўлади. Ер пўстининг ёриқ зоналари бўйлаб магма кўтарилиб чиқиб, Ер юзасига лава шаклида қуйилади.

    Вулқонлар уч туркумга: майдонли, ёриқли ва марказий вулқонларга ажратилади.

    Майдонли туркумидаги вулқонлар. Ҳозирги вақтда бундай вулқонлар учрамайди ёки улар мавжуд эмас. Бундай вулқонлар ер пўсти, ҳали унчалик қалин бўлмаган вақтларида вужудга келган. Майдонли вулқонлар архей ва протерозой ераларида ернинг протопусти ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлган.

    Дарзлик туркумидаги вулқонлари. Улар Ер юзасига йирик ер ёриқлари бўйлаб отилиб чиқиб. Вулқон аппарати очилиб қолган ёриқ шаклида бўлади. Дарзликлардан чиқадиган асосий магма - базальт маҳсулотлари суюқ бўлиб, Ер бетига бир текисда уйилиб, бора - бора қалқонсимон шаклни олади.

    Ҳозирги вақтда дарзлик вулканизми Исландияда (Лаки вулқони), Камчаткада (Толбачи вулқони), Янги Зелендиянинг Бипа оролида ривожланган.

    Марказий туркумдаги вулқонлар. Бу эффузив магматизмнинг энг кенг тарқалган туркумидир. Марказий вулқонлар доимо бир каналдан отилиб туради. Улар конус шаклида, ёнбағри 30-400 ли қияликка эга бўлади. Марказий вулқон кратерларининг диаметри кўпинча 500 - 2000 метр бўлиб, баъзан 25 - 75 km.gacha (Африкада), чуқурлиги эса бир неча 100 метрга боради. Ҳозирги вақтда Ер шарида ривожланган, ҳаракатдаги ва сўнган вулқонларнинг кўпчилиги марказий туркумдаги вулқонлардир.            

    Вулқон маҳсулотлари. Вулқоннинг қаттиқ маҳсулотлари - чақиқ жинслари қаттиқ маҳсулотларни ташкил этади.  Чақиқ жинсларга; шиша заррачалари – туффитлар, майда қумлар (туф- қумтош), ёнғоқдек келадиган шағал ва лапиллалар - вулқон брекчияси, вулқон шағаллари  - вулқон конгломерати, вулқон бомбалари каби жинслар киради.

    Суюқ вулқон маҳсулотларига - турли таркибли лавалар киради. Лаванинг кимёвий таркиби асосан кремнезем, алюминий, темир, кальций, магний, натрий, калий оксидидан иборат.

    Лаваларнинг кимёвий таркибига асосланган ҳолда Гавай, Стромболи, Везувий, Мон-Пеле, Кракатау ва бошқа хил вулқонлар ажратилган. Гавай оролларидаги Мауна-Лоа ва Килауэа вулқонлар типик қалсонсимон вулқонлардир. Улар секин отиладилар, ҳалокатли даражада портлашлар рўй бермайди, вулқон ён бағриларин оқиш бурчаги 5° дан ошмайди, лавалари таркибида газлар миқдори унча кўп бўлмай, портлагандан сўнг базальтли жинслар вужудга келади. Мауна-Лоа вулқони денгиз юзасидан 4168 метр баландликда жойлашган бўлиб, Тинч океаннинг 5000 метр чуқурлигидан кўтарилган. Демак, бу вулқоннинг умумий баландлиги 9168 метр. Мауна-Лоа вулқони 1832 йилда пайдо бўлган ва тахминан 40 маротаба уйғониб ҳаракатга келган.

    Стромболи вулқони «ёввош» вулқонлар хилига кирса ҳам унинг ичидан «снарядлар» каби отилиб чиқан лавалар 1000, 2000 ва ҳатто 3000 метр келадиган баландликларгача кўтарилганлиги маълум. Оддий портлашлар юз берганда эса вулқон массаларининг баландликлари 200—300 метрдан ошмайди. Шунинг учун ҳам отилиб чиқадан массалар вулқон кратери атрофида катта майдонни эгаллаган амфитеатрларни вужудга келтиради.

    Малайя архипелагида 128 вулқон борлиги маълум. Шулардан бири 1927 йилда пайдо булган Анак Кракатау вулқонидир. Аслида бу вулқон 1883 йилда отилган бўлиб, шу вақтгача ҳаракатда. Бу вулқоннинг баландлиги 800 метр, узунлиги 9 км., кенглиги 5 км., газ ва чангсимон моддалари 11 км. баландликкача кўтарилиб, портлаш даврида эса 200 км. масофагача эшитилган.

    Вулқон отилишдан ҳосил бўлган шакллар хилма-хилдир. Масалан: Маар типидаги вулқон кратерининг атрофи туф ёки вулқон кулидан иборат бўлади. Вулқон кратерининг диаметри 250 метрдан 1 km.gacha бўлиб, унинг шакли воронкага ўхшаш, крат ери кўпинча сув билан тўлиб кўл ҳосил бўлади. Газ ва буғнинг жуда кўп тўпланиб қолиши натижасида баъзан жуда кучли портлаш юз бериб, вулқон тепасида катта ботиқлик-калдералар вужудга келиши мумкин. Улар айлана шаклда бўлиб, четлари тик, ички деворлари вертикал бўлиши мумкин. Уларнинг ўртасида, кейин пайдо бўлган ёш конуслар бўлиши мумкин. Калдераларнинг диаметри 10-15 km.gacha ва ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Кейинчалик калдералар катта кўлга айланади.

    Вулқонларнинг географик тарқалиши. Ҳозирги вақтда маълум бўлган ҳаракатдаги Вулқонлар  800 дан ортиқдир. 1974 йилларда океанларни текширишлар натижасида вулқонларни қуруқлик ва океан остида маълум бир йўналишда жойлашганлиги аниқланди. Улар асосан икки йўналишда бўлиб, биринчиси Тинч океан ҳалқаси деб аталади, бу ерда маълум бўлган барча ҳаракатдаги Вулқонларнинг 60%  жойлашган. Тинч океаннинг ғарбидан Камчатка ярим оролидан бошланган бу вулқон ҳалқаси Курил ороллари орқали жануби-ғарбга давом этади. Япония, Филлипин, Янги Гвинеядан ўтиб, Янги Зелландиягача чўзилиб боради. Тинч океаннинг шарқидан Америка материгининг жанубидаги Оловли Ер оролидан шимол томонга Анд, Кордилера тоғларининг ёнидан ўтади ва шимолда Алеут ороллари ва Аляска орқали яна Камчатка ярим оролига туташади. Иккинчи йирик вулқон ҳалқаси ёш тоғлар ўлкасида жойлашган, яъни ғарбда Ўрта денгиздаги Апеннин ярим ороли орқали Кавказ ва Кичик Осиёга ўтиб боради ва Ўрта Италиядаги Везувий, Этна Вулқонлари, Липари оролларидаги ва Эгей денгизидаги Вулқонлар  (Санторин) ва Кавказ тоғларидаги супган Элбрус, Казбек, Арарат, Ерондаги Демавенит Вулқонлар  киради.

    Ўрта денгиз халқаси шарққа томон давом этиб, Тибет тоғи, Ҳиндикуш тоғ тизмалари орқали Малайя архипелагига бориб туташади. Малайя архипелаги ва ундан жанубдаги ҳаракатланувчи Вулқонларга Суматрада ИИ та, Явада 15 та, Кичик Зонд оролларида 3 та вулқон киради, улар Тинч океан ҳалқасига бориб қўшилади.

    Балчиқли вулқонлар.  Бизга маълум бўлган вулқонлар  ичида балчиқ вулқонлар  ҳам бор. Уларнинг маҳсулоти суюқ балчиқ аралаш сув ва газдан иборат бўлади. Балчиқ вулқонлар  Ситсилия, Янги Зелландия  оролларида, Марказий Америкада,  Апшерон Таман ва Керч ярим оролларида ва бошқа ерларда учрайди. Балчиқ вулқонлар ер қатламлари ичидаги газ ва буғларнинг турли ғовак қатламлардан ўтиб, улар орасидаги гилли жинсларни юмшатиб, ёпишқоқ балчиққа айлантириши натижасида вужудга келади.

    Вулқон бомбаси - вулқондан пластик ёки суюқ ҳолатда отилиб чиқиб, ҳавода учиб кетаётган пайтда турли ; шаклларда (ноксимон, дуксимон, тухумсимон, шарсимон, лентасимон ва ҳ. к.) қотган лава парчаси. Вулқон бомбаси узунлиги бир неча sm.dan 5-7 метргача етади. Вулқон бомбаси майдаланиб вулқон қумлари ёки кукунларига айланади. Ўзбекистонда Томди. Қурама, Чотқол тоғларида палеозой эрасининг силур, девон давридаги вулқон тоғ жинсларида катталиги 15 sm.dan 1,5 m.gacha вулқон бомбалари учрайди.

 

Жамшид Жўраев
Самарқанд давлат университети
география ва экология факультети докторанти