2022 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигини қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Бу ҳақида вазир Абдуқодир Тошқулов маълумот берди.
2022 йилда: Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 32 фоизга етказиш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари сонини 25 тадан, жами олийгоҳлар сонини 160 тадан оширамиз.
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти, Андижон давлат чет тиллар институти фаолияти йўлга қўйилса, Навоий давлат кончилик институти негизида Навоий политехника университети ташкил этилади.
Келгуси йилларда:
- олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ жорий этилади ва бунинг натижасида:
мамлакат олий таълим тизими жаҳон таълим маконига тўлиқ интеграция қилинади;
- халқаро академик ва илмий мобиллик ҳуқуқий асосга эга бўлиб, кескин кенгаяди;
- дипломлар, академик ва илмий даражалар “конвертацияси” учун кенг имкониятлар яратилади;
- таълим дастурларини халқаро миқёсда уйғунлаштириш имкониятлари кенгаяди;
- мамлакат олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда тенгма-тенг иштирок этиши имкониятлари янада ошади;
- таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш имкониятлари кенгаяди;
- халқаро академик ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш кўлами кенгаяди;
- қўшма дастурлар асосида ўқитиш имкониятлари кенгаяди.
Олий таълим тизимида “Маъмурий”, “Ўқув”, “Илмий” ва “Молиявий” жараёнларни бошқариш тўлиқ электронлаштирилади.
Таълим жараёнига тегишли бўлган жараёнларни тўлиқ электронлаштириш орқали талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг асосий фаолияти ўқув жараёнига қаратилади. Ўқув жараёнини қоғозда тартибга солиш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
- Дарс жадвалидан тортиб рейтинг дафтарчагача талаба ва унинг ота-онасининг телефонида бўлиши керак, биз бу ишни бошладик ва келгуси 2022 йилда якунига етказамиp, - дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов.
Шунингдек, барча олий таълим муассасаларининг ахборот-кутубхоналарини бирлаштирган ҳолда Ягона рақамли кутубхона тизимини жорий этамиз. Бунинг учун мавжуд барча ўқув ва илмий адабиётларни рақамлаштириш, электрон, аудиокитоблар яратиш орқали кутубхона базасини бойитамиз.
Талабаларга ўз олий таълим муассасасида мавжуд бўлмаган китобларни бошқа олийгоҳда мавжудлигини кўриш ва ушбу китобни буюртма қилиш имкониятини яратамиз.
Кейинчалик "Рақамли кутубхона" тизимини халқаро илмий кутубхона тизимларига интеграция қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, илмий салоҳият соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан вазирнинг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов маълумот берди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Сарвар Бузрукхонов Президентимизнинг Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш тўғрисидаги қарори ҳақида батафсил тушунтиришлар берди.