Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида мансабдорлар ва мақтанчоқлар ҳақидаги психологик ҳолатларнинг ифодаси

Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида мамлакатдаги у ёки бу тоифага тааллуқли кишиларга ўз муносабатини билдирганда, асосан уларни контраст икки типга мансуб деб баҳолайди. Негадир, уларнинг барчаси бир хил даражадаги жоҳиллар ёки одиллар туркумига даҳлдор эканлиги, яъни ижобий ёки салбий характерли деб мутафаккирни тан олиши айрим шубҳаларни вужудга келтиради. Лекин инсониятнинг ижтимоий-тарихий тараққиётида ёмонлик билан яхшилик ўртасида узлуксиз кураш бориши шахснинг психологик хусусиятлари, сифатлари, фазилатлари таркиб топишида ҳам баҳолашнинг бу икки мезони фаол иштирок этади. Худди шу боис, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги аёвсиз курашда ҳам адолат ёки яхшилик ғалаба қилади, ўз-ўзидан ёмонлик (ёвузлик) мағлуб бўлади. Бу ижтимоий воқелик халқ ижодиётида марказий ўрин эгаллайди. Бу борада биз Навоийнинг шахсий қарашларига танқидий муносабат билдиришдан йироқмиз, бироқ шахсларнинг индивидуал-психологик хусусиятлари айнан бир-бирига идентик эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчимиз, холос.
Диёнатсиз садрлар (мансабдорлар) тўғрисида Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида фикр билдирганида, асосан, уларнинг психологик хусусиятларини тавсифланади ва охир оқибатда руҳий қиёфаси яратилади, муаллифнинг ўзига хос қарашлари яхлит муносабат мажмуасини вужудга келтиради. Бироқ қайси вазият ва ҳолатлар, воқелик ва шароитлар шахсда иллатларини юзага келтиради, деган саволга муаллиф образлар талқини орқали жавоб беради.
Навоий мансабдор шахсларнинг психологик оламини таҳлил қилганда, турлича томонлари юзасидан фикр юритади. Жумладан, “виждонсиз, ҳаром-харишдан тортинмайдиган, бедиёнат садрлар–ҳеч зарурати бўлмаган бидъатдир”. Муаллиф уларга нисбатан муносабатини билдиришда давом этиб: “Агар у нокас, илмсиз бўлса, бутун қилмиши – бузуқлик, фисқу фужурдир. Унинг базмидаги соз ва куй оҳанглари илм ва тақвога тутилган азанинг мотам фарёдидир”, деб таъкидлайди.
Мутафаккир уларнинг иллатлари тўғрисида мулоҳаза юритганида, характер-хусусиятига баҳо берганида, қуйидаги салбий хулқ-атвор, кучсиз иродага эгалик, ор-номусда тубанликларни тавсифлашга интилади:
1) олимлар тарафидан гулоб (гул шарбати) солиб келтирилган шишалар бўшагач, хизматкорлари бу идишларни май билан тўлдирадилар. Натижада майхўрлик давом этиб, тубанликгача боради;
2) улар учун келтирилган новватни ушатиб, садрлар ўз ичкиликларига газак қиладилар.
Мулоҳазалардан кўриниб турибдики, диёнатсиз мансабдорлар олимларнинг ақл-заковати юксак эканлигини тан олмас, уларга хизматкорлардек қарашади, лекин танқидий (ўзига нисбат), теран фикрлаш бундайларга бегонадир. Шунинг учун уларнинг асосий вазифалари, ҳолатларга масъуллиги ҳаёт ва фаолиятнинг бошқа жабҳаларига, нарсаларга ҳам жисмоний, ҳам руҳий кўчирилган. Ичкиликбозлик, меъёрни билмаслик, ўзини ирода эта олмаслик садрларнинг иллатлари бўлиб ҳисобланади.
Уларнинг фикрича, бунга ўхшаш давраларда “ярамаслик унда ғолиб, талабалар эса югурдаклик қиладилар. Уларнинг хизматкорлари хонақо учун ажратилган таомга, маҳрам болалари эса шайх ва мударрис маошига шерик”. У фикрни давом эттириб, шундай дейди: “базмига май келтиришга муҳтасиб рози ва унга май сузгувчи соқолли қози”.
Алишер Навоийнинг“Маҳбуб ул-қулуб” асарида юқоридаги диёнатсизликларни умумлаштириб шундай хулоса чиқаради: “мамлакатда шу каби маън қилинган нарсалар ривож топаверса, ислом ва шариатга ҳурмат бўлармиди?” деган ижтимоий муаммони мухокамага қўяди. Муаллиф ўзи илгари сурган ғояга ўзи жавоб беришга ҳаракат қилиши билан қаноат қилибгина қолмасдан, муайян тавсиялар ҳам ишлаб чиқади. Улар қуйидагиларда кўзга ташланади: биринчидан, “садр-олимларига дастёр, шайхларига хизматкор, сайидларига кўмакчи ва фуқаро хизматига ҳамма тайёр бўлмоғи керак. Иккинчидан, улар зулм риштасини узгувчи, вақф ерларининг бузилганини тузувчи ва зироат – дехқончиликни авж олдиришга саъй–ҳаракат кўргизувчи бўлмоғи керак”.
Навоийнинг мулоҳазаларини таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, жазолаш билан гуруҳий, ижтимоий хусусият, касб этувчи иллатларни бартараб қилиш имкониятини қуйи бўлганлиги туфайли кишиларга ҳатто мансабдорларга таъсир ўтказишнинг бошқа шаклларини татбиқ этиш юзасидан жамиятга ва унинг бошқарувчисига таклиф берилади. Бизнингча, Навоий мансабдорга танбеҳ бериш, психологик маслаҳат (консультация)ни амалга ошириш, ҳакимлар томонидан психокоррекция ишларини йўлга қўйиш, улар билан машғулот (тренинг) ўтказиш ижобий натижаларни рўёбга чиқариш тўғрисида фикр юритган бўлса, ажаб эмас.
Маълумки, зиндонбанд қилиш, осиш, бошини чопиш орқали мамлакатда тартиб-интизом ўрнатиш, шахслараро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш мумкин эмас. Навоий ана шунга иқрор бўлганлиги сабабли садрларга жамоатчилик фикри ёрдами билан таъсир ўтказиш юқори самара бериши ҳақидаги илмий фараз (тахмин)ларини илгари суради. Шу билан бирга реориентация (ҳаётга қайтадан йўналтириш)ни турмушга тадбиқ этиш имкони мавжуд эканлигига ишонч ҳис-туйғуси вужудга келади, демак унинг учун халқпарварлик (миллатпарварлик) устувор аҳамият касб этишидан дарак беради. Алишер Навоий юқоридаги фикрларни илгари суриши билан турмушда кескин ислоҳотларни амалга ошириши ўта мураккаб муаммо эканлигини тўғри (адекват) тасаввур қилганлиги учун дастлабки қарашлардан мутлақо воз кечмайди. Шунинг учун садрларга даҳлдор маснавийни фуқаролар ҳукмига ҳавола қилади:
Садр бузмас фақат майхўр, палидни,
У бузғай ҳожани, ҳатто сайидни.
Ўзи айёру маккордир саросар,
Сўзи кўп ялтироқ, тўн зебу зевар.
Тўртликда мансабдорларни хақиқий психологик қиёфасини, характерологик хусусиятларини очиб ташлашга хамиша тайёр эканлигини англатади, шу билан бирга, халқимизнинг доно ҳикматларига тўлиқ (мансаб кишини бузади; садоқатини синаш учун унга амал бериб кўр ва h.k) риоя қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Навоий ўз ижодида индивидуал тарбиянинг ижтимоий асослари ҳамда уларнинг инсон руҳий оламидаги объектив ва субъектив хусусиятларини тўғридан-тўғри таҳлил қилишни эмас, балки шахснинг ижтимоий фаолияти, индивидуал хислати орқали кўзга ташланадиган белгиларни бадиий умумлаштиради. Шу боис шахс характерининг тадрижи шахснинг актив фаолияти жараёнида кузатиладиган ҳатти-ҳаракатларига боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Энг муҳими авоий томонидан бадиий тасвирга олинган мансабдор шахслар фаолиятидаги салбий иллатлар, характер-хусусиятлар адекват(мос) асосли бўлиб, бу иллатлар ҳар қандай даврда ва жамиятда кузатилади. Зеро, бу каби характернинг таркиб топиши муайян психологик қонуниятлар таъсирида юзага келади. Ана шу нуқтаи назардан қаралганда, Навоий мероси нафақат бадиий жиҳатдан, балки психологик, когнитологик жиҳатдан ҳам тадқиқ этилмоғи лозим.
Мухтасам Сулаймонов
Самарқанд давлат университети
психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси