Флешбек

    Ўтган йили китоблар дўконига борганимда Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Пуанкаре» китобига кўзим тушди. Китоб муқовасиданоқ ўзгача дизайн, албатта, мени ўзига жалб этмасдан қолмади ва асарнинг мазмуни билан қизиқиб китобни сотиб олдим. Бу ҳикоя ҳақиқатан ҳам мен излаган асар эди. Ҳозиргача ўзбек адабиётидаги энг севимли асаринг қайси дейишса, албатта, «Пуанкаре» деб жавоб бераман.

    Асар ҳақида

    Абдуқаюм Йўлдошевнинг ушбу асари бир умр ўзи учун яшашни орзу қилган, энди бунга вақт келганда эса умрининг ниҳояси етиб қолган бечора математик ҳақида. Асарни ўқиш давомида Пуанкаре аслида нима эканлига жавоб оламиз.

    Сюжет

    Асар ўттиз беш йил олдин қаҳрамоннинг талабалигида олинган портфель таърифи билан бошланади. Вақт ҳар нарсага ўз таъсирини ўтказгандек, портфель ҳам анча эскириб, униқиб қолган эди. Жўшқин талабалик даврида қилинган қаҳрамонимизнинг орзулари ҳам портфель мисоли эскириб қолган эди.

    Асар қаҳрамони университетда талабаларга матетематикадан дарс беради. Оиласидаги  муҳит, университетдаги талабаларнинг билимсиз, бетгачопар, лоқайдлиги бечора домланинг тилини дудуқ, қаддини букиб қўйган эди. Камига, ёшлигида дўстининг қилган хиёнати туфайли йўқолган қўлёзмалари унинг юрак бағрини эзарди. Мана шуларни ўйлаган қаҳрамонимиз аста-секин ўзининг хотираларини бирин-бирин эслай бошлайди.

    Институтни битириш арафасида асар қаҳрамони Пуанкаре гипотезасининг шайдосига айланади. Бу гипотеза кўпгина машҳур олимларни ўйлантирган, аммо ечими топилмаган эди. Бироқ ҳали ёш ва романтик бўлган қаҳрамонимиз бу гипотезани ечишга астойдил ҳаракат қилмоқчи бўлади, ҳатто номзодлик ишига мавзу қилиб олмоқчи бўлганида илмий раҳбари уни бу фикрдан қайтаради. Шунда ўз ниятидан қайтмаган қаҳрамонимиз диссертация мавзусини раҳбар айтгандек қилиб, гипотеза ечимини ўзи топишга ҳаракат қилади.

    Етти фарзандли хонадоннинг тўнғичи бўлган қаҳрамоннинг ота-онаси уни уйлантириш пайига тушиб қолади. Келин ҳам нақд, отасининг дўстининг қизига қарз ҳавола қилиб тўйни ҳам бошлаб юборишади. Биргина гапини нотўғри тушуниш оқибатида қайнанаси куёвини ёмон кўриб қолади. Шунда унинг бошига қарзлардан қутулиш, оила , бола-чақа ташвиши тушади ва унинг олий мақсади бўлган Пуанкаре ечимсиз қолиб кетаверади.

    У ҳар доим талабаларга маърузага кирар экан, бу жумбоқни ечиш учун ўзига шерик излайди, лекин ҳар доим уриниши натижасиз бўлиб чиқаверади. Бироқ, бир куни у шундай шерикни топади. Бу ёш йигит у кутганидан ҳам кўра ақлли, зеҳнли бўлиб чиқади, қаҳрамонимиз йигитчага Пуанкаре учун 1 миллион доллар қўйилганини, агар гипотезани исботлай олишса, ҳамма пулни унга беришини айтади. Талаба йигит бунга рози бўлади. Аммо бироз вақтдан сўнг талаба йигит ҳам, оиласида тўнғичи экани ва уйланаётганини айтиб, домласига тўйига таклифнома бериб кетади.

    Бу орада Пуанкаре гипотезасини Перелман исмли математик олим исботлайди. Буни эшитиб қаҳрамон қулоқларига ишонмайди, жинни бўлиб қолади. Шунда у ўзини овутиш учун хиёнаткор дўст ҳақидаги ёлғонини тўқийди.

    Таҳлил

    Абдуқаюм Йўлдошевнинг ,,Пуанкареъʼ ҳикояси ўзбек халқининг азалий фожеасини кўрсатиб бергандек. Ўзбек халқи болажон халқ. Боласи улғайгач уйлантириш, узатиш ташвишига тушади. Невара кўриб яйрагиси келади. Бу истагини амалга оширади. Кейин фарзанди ҳам фарзанд кўради, у ҳам болам катта бўлсин дейди, энди ўзи учун меҳнат қилмоқчи бўлганда эса умрининг ниҳояси яқинлигини сезади. Бу жараён чархпалакдек айланиб давом этади. Бир умр меҳнат қилиб, энди ўзи учун яшамоқчи бўлган қаҳрамоннинг тақдири ҳам фожеавий якун топади. У Пуанкареси учун курашади, меҳнат қилади, бироқ ҳаёт синовлари уни олға юришга қўймади.

    Асар орқали эндигина мустақилликка эришган палламизда халқимизнинг ночорлиги, оилага иккинчи одам аралашиши оқибатида бир оила тинчлигига путур етиши, инсон қадри каби бир нечта фожеалар очиб берилган.

    Маълумки, инсон яшаши учун моддий таъминот зарур. Унинг фикрлаши учун эса маънавий томондан бут бўлиши керак бўлади. Агар бу икки нарса тугал бўлмаса инсон ҳаёти тўкис бўлмайди. Яъни инсоннинг яшаш учун пули бўлсаю, лекин маънавияти бўлмаса, ундай инсоннинг оиласи ҳам, ўзи ҳам тинч бўлмайди. Лекин фақатгина маънавият билан ҳам қорин тўймайди. Демак, Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» асарида айтилганидек, инсонда моддий ва маънавий мувозанат бўлиши зарур. Асар қаҳрамони университетдан ташқари учта жойда ишлайди. Лекин оиласини таъминлаб беролмайди. Ана шунда қаҳрамонимизда моддий томондан мувозанати бузилганини кўрамиз.

    Халқимизда “Эр-хотиннинг ўртасига фақат эсини еган тушади” деган мақол бор.  Бу мақолнинг қанчалик тўғри эканига асар давомида амин бўламиз. Жумладан,  қайнона аралашуви туфайли ёш оиланинг осойишталигига путур етади.

    Асардаги асл мазмун қаҳрамонимизнинг мана шу жумлаларидан намоён бўлади: Мен ҳам инсонман. Ўзим учун озгина яшай, ўзимнинг ёшлик орзу-ниятларим учун озгинагина ишлай. Армон билан ўтиб кетмай дунёдан!

    Асар орқали вақтнинг қанчалар қадрли эканини гипотезани исботлашга улгурмаган қаҳрамон мисолида тушунамиз. У ҳам вақтида, ёшлигида Пуанкарени ечишга бор вақтини сарфалаганда эди, балки Перелман эмас, у биринчи бўларди.

    Хулоса

    Асардан хулоса қиладиган бўлсак, ўз мақсадларимиз учун вақтида ҳаракат қилайлик,  кейин кеч бўлмасин. Муаллиф айтгандек, ҳаётда ечилмаган Пуанкарелар кўп. Фақат буни ўз вақтида ечишни бошлаш керак. Зеро, Перелманлардан олдин  бунга улгуриб қолайлик, ёшлигимиздан фойдаланиб қўйган мақсадларимиз томон олға борайлик.

    Қизиқарли фактлар

    Пуанкаре гипотезаси - ҳар бир оддий боғланган ихчам уч ўлчовли коллектор чегарасиз, уч ўлчовли сферага гомеоморф эканлиги ҳақидаги исботланган математик фараздир. 1904 йилда математик Анри Пуанкаре томонидан ишлаб чиқилган гипотеза Григорий Перелман томонидан 2002-2003 йиллардаги қатор мақолаларида исботланган. 2006 йилда математик биргаликда яшашнинг исботини тасдиқлаганидан сўнг, Пуанкаре гипотезаси ҳозирги пайтда (2022) биринчи ва энг муҳим бўлди.

    Пуанкаре гипотезасини исботлаган Перелман ўзига таклиф этилган кўпгина мукофотлардан, жумладан ечим учун бериладиган бир миллион доллардан ҳам воз кечган.

    Иқтибослар

    Ҳаётнинг ўзи сонлардан иборатлиги қанчалик рост бўлса, ёш билан тил эшилишининг бир-бирига тўғри мутаносиблиги шунчалик ҳақиқат. Зеро, мен ҳалига довур кам гапирадиган мўйсафидни кўрмадим…

    Биз афсоналар ва ўтрикларнинг юмшоққина, иссиққина қучоғида яшаймиз. Биз ўзимиз шуни истаймиз, бошқаси керак эмас, бошқаси бизга ёқмайди, нотавон кўнглимизга ўтиришмайди. Биз ўзимиз тўқиб чиқарган ривоятларгада ишониб кун кечирамиз, зарурат туғилиб қолганда уйдирмаларимизни ялов қилиб кўтарамиз, “Ягона ҳақиқат!”, ҳимоя қиламиз, улар учун жангга кирамиз, жон олиб-жон берамиз, қаҳрамонлик кўрсатамиз. Мисоли ўрмонга адашиб кириб қолган отга беадад ҳайрат ва қўрқув билан термулиб қолган, сўнг, от қариб вафот этгач, уни илоҳ даражасига кўтарган, суякларига сиғина бошлаган гўл аборигенлар мисоли ҳаётимиздаги тимсол ва тушунчаларимизни аввал ўзимиз бўй – бастимизга мослаб яратиб оламизда, сўнг уларнинг ожиз бандиларига эвриламиз.

    Кимгадир ёқар лола… Кўнгилга буюриб бўлармиди. 

    Математиканинг барибир ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган ўз оҳанрабоси борда: бир пасда ўзига тортиб олади-қўяди. Айниқса уч ўлчовли Евклид фазосида эришилган ечимлардан сўнг яримевклидли фазо геометрияси очилмаган қўриқ бўлиб турарди ўзиям.

    Вақт, вақт, вақт… У бунчалар тез ўтади? Қаёққа бунчалар шошади? Бу қаттол шиддат инсон умрини тушга, рўйога айлантириб қўймайдими? Ухладингу, уйғондинг. Қисқагина давом этган тушингда эса бутун умрингни кўрдинг. Бунчалар шафқатсизсан, вақт…

    Умуман, менимча, кўп ҳолларда сўзларнинг ўзидан кўра уларнинг айтилиш оҳанги, ифода муҳимроқ. Сўз шакл бўлса, оҳанг – моҳият. Ҳамма гап моҳиятда, ахир. Шундай эмасми? Ахир шоир ҳам ўзининг севгилисига қараб, “Эҳ, қани энди дунёда яна бирон қиз сени мен каби ёмон кўрсайди”, дейди, “яхши кўрсайди” демайди. Илло ўша қиз ошиғига “ёмон кўраман” деб туриб аслида “яхши кўраман” деган, гап оҳанги билан айтган. Шоир буни тушунган. 

    Бу дунёда эркак киши учун энг оғири – ўзини оқлаш. Айниқса, қилмаган гуноҳи учун. 

    Цинган кўнгилни чегалаб бўлмас экан.

    Умуман олганда эса, математикани билмайдиган одам бошқа фанниям тушунмайди. Айниқса бунақа одам ўзининг жоҳиллигини билмай, унга даво изламай ўтиб кетиши ёмон.

    Шоирлар алдайдилар. Нима эмиш, қандайдир бир мавзуни ёзмоқчи бўлиб юрсангу, уни сендан олдин кимдир қоғозга тушириб қўйса, бундан хурсанд бўлишинг керак экан. Бекор гап! Эҳтимол адабиётда шундайдир, аммо аниқ фанларда эмас.

    Табиатда бўшлиқ бўлмайди. У албатта нима биландир тўлдирилади. Қанчалик тан олмасликка уринмайин, қанчалик қаршилик кўрсатмайин, жон-жаҳдим билан инкор этмайин, бироқ барибир табиат қонунлари қошида ожизлигимни ғира-шира бўлсада идрок этиб турардим: онг – шуурни, тафаккурни бирданига икки томонга йўналтириб бўлмайди, икки кемага осилган ғарқ бўлади. Инчунун, ё илм, ё моддият! Унисидан эллик, бунисидан эллик фоиз олиб яшаб бўлмайди. Бунинг самараси чала туғилган болага ўхшаб қолиши ҳақиқатга яқинроқ. Инчунун, тирикчилик ғуборига тўлган мияни ярқиратиб тозалаб ташламоқ, унинг йўналишини олдинга ўзанга қайтармоқ имконим хорижидаги иш эмасми…

 

Машҳура Камолова,

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси.