Ушбу стипендия дастури доирасида 2026/2027-ўқув йилида бакалавриат, магистратура, докторантура бўйича 200 та таълим гранти тақдим этилмоқда.

Грантлар қуйидаги таълим босқичларида ўқиш учун ажратилмоқда:
Бакалавриат;
Бакалавриат билан бирлаштирилган магистратура даражаси. Бунда ҳужжатлар бакалавриат таълим йўналиши бўйича топширилади, унга магистратура (One time master – OTM) ҳам киради, ўқиш муддати таълим йўналишига қараб 5 ёки 6 йил;
Магистратура;
Докторантура (PhD);
Қисқа муддатли курслар.

Таълим босқичлари кесимида квоталар (грант ўринлари сони) республикамиз иқтисодиётида кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, шунингдек, абитуриентларнинг аризалари сони ва сифатини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Ўзбекистон томонидан мувофиқлаштирувчи – Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

Аризаларни топшириш учун ҳавола:
https://apply.stipendiumhungaricum.hu/

Дастлабки босқичда ҳужжатлар Венгрия томонидан синчковлик билан ўрганилиб, танлов талабларига жавоб бермайдиган барча ҳужжатлар рўйхатдан чиқариб ташланади.

“Short list” (сараланганлар рўйхати)ни Венгрия томони тегишли венгр олий таълим муассасалари билан маслаҳатлашганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига баҳолаш учун юборади ва Вазирлик номзодларни 1 дан 170-рақамгача (асосий рўйхат) ва ундан кейин 170 дан 340-рақамгача (захира) кетма-кетликда баҳолаб беради. Ҳужжат топширганларнинг жами сонидан келиб чиқиб, номзодни ўқишга қабул қилиш бўйича якуний қарор Венгрия томонидан қабул қилинади. Бунда номзод имтиҳон топширган Венгрия университетининг қарори инобатга олинади.

Лозим бўлганда, Ўзбекистон томонидан Вазирлик, ўқишга қабул қилаётган Венгрия университети ёки координаторлар номзодни онлайн интервьюга таклиф қилишлари мумкин.

Номзодларнинг рўйхатдаги жойлашуви қатъий равишда ажратилган квоталар доирасида белгиланади.

Рўйхатда кетма-кетлик бўйича жойлаштириш (баҳолаш) тартиби Ўзбекистонда кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Муҳандислик-техника, шунингдек, тиббиёт, фармацевтика, биотехнология, кимё, геология, физика, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, энергетика, муқобил энергия манбалари ва бошқа шу каби йўналишларга ҳужжат топширганларга устуворлик берилади.

Олий таълим муассасасида иш тажрибаси, чет тилларини билиш аҳамиятга эга бўлади. Имтиёз ўқишни 2026-йилда тугатмоқчи бўлганларга эмас, балки 2026-йилнинг 15-январига қадар у ёки бу босқични тамомлаганларга берилади.

Ўз касбий фаолиятини республикада, айниқса, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида, республика илмий марказларида ва шу каби муассасаларда давом эттирмоқчи бўлган номзодлар қўллаб-қувватланади.

Венгрия ҳукумати томонидан эълон қилинган “Stipendium Hungaricum” (http://stipendiumhungaricum.hu/) грант дастурига ҳужжат топширишнинг сўнгги муддати – 2026-йил 15-январ (шу куни ҳам) соат 14:00 (Марказий Европа вақти).

“Аризалар қабули тўғрисида эълон” (“Call for Applications” – ҳужжатларни топшириш тартиби) билан танишиб чиқишингизни сўраймиз. У Stipendium Hungaricum – https://apply.stipendiumhungaricum.hu/ веб-сайтида келтирилган.

Батафсил маълумот –– stipendiumhungaricum.hu