ЕР ТАРИХИНИНГ КЎЗГУСИ: ШАРОФ РАШИДОВ НОМИДАГИ САМДУ ГЕОЛОГИЯ ВА ПАЛЕОНТОЛОГИЯ МУЗЕЙИ

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети География ва экология факультети ҳузурида фаолият юритаётган “Геология ва палеонтология” музейи нафақат илм-фан маскани, балки Ер сайёрасининг миллиард йиллик тарихини ўзида мужассам этган ноёб хазинадир.

Музейда нафақат Ўзбекистон заминининг бой геологик тарихи, балки дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган тарихий-геологик экспонатлар ҳам жамланган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида илмий аҳамиятга эга. Бу ерда фақат цивилизациялар эмас, балки ҳаётнинг илк куртаклари ва сайёрамизнинг геологик шаклланиш жараёнлари ҳам ўз аксини топган.

Музей 1938-йилда геология соҳасининг фидойи олимлари — В.П. Смирнов, Л.В. Азарова, Я.А. Левен, В.Н. Приображенский ва Н.А. Лосев ташаббуси билан ташкил этилган. Шу даврдан бошлаб музей илмий-тадқиқот базасига айланган ҳамда Ер шарининг турли ҳудудларидан келтирилган экспонатлар билан бойитиб борилган. Тарихий синовлар ва кўчиришлар жараёнида айрим қимматбаҳо коллекциялар йўқотилган бўлса-да, бугунги кунда сақланиб қолган 5000 дан ортиқ ноёб экспонатлар ушбу масканни Ўрта Осиёдаги энг бой палеонтологик хазиналардан бирига айлантирган.

Музей учта кўргазма залидан иборат. Биринчи кўргазма зали ҳамда иккинчи залнинг бир қисмидаги витриналарда магматик, метаморфик ва чўкинди тоғ жинсларидан намуналар сақланади. Палеонтология бўлимида эса Ер тараққиётининг турли даврларида денгиз ва қуруқликда яшаган ҳайвонлар ҳамда ўсимликларнинг тошқотган қолдиқлари намойиш этилган. Шунингдек, қадимги геологик эраларни акс эттирувчи деворий суратлар ҳам мавжуд.

Музейда жами 35 та витрина мавжуд. Уларда киновар минерали, Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган безакбоп мармар турлари, шунингдек молибденит, висмут ва волфрамит кристалларини ўзида сақлаган ноёб намуналар намойиш этилган.

Музей фондида:

  • 1000 дан ортиқ палеонтологик, яъни Ер қатламларида сақланиб, тошга айланган ҳайвон ва ўсимлик қолдиқлари;

  • тарихий геологияга оид 500 дан ортиқ, Ернинг пайдо бўлишидан то ҳозирги давргача ер пўстининг ривожланишини акс эттирувчи экспонатлар;

  • минералогияга оид 2000 дан ортиқ магматик, органик ва метаморфик тоғ жинслари намуналари мавжуд.

Афсуски, музей бир неча маротаба кўчирилгани сабабли кўплаб қимматбаҳо коллекциялар йўқолган.

Экспонатлар орасида Италия, Испания, Франция, Австрия, Ҳиндистон, Мўғулистон ва бошқа давлатлардан келтирилган турли хил тошқотган ҳайвон ва ўсимлик қолдиқлари ҳам мавжуд. Шунингдек, Ўрта Осиёда фақат Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган безакбоп мармарнинг бир неча турлари ҳам сақланади.

Бугунги кунда музей йирик илмий-лаборатория маркази сифатида фаолият юритмоқда. Бу ерда ёш олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда, талабалар эса геология, геоморфология, умумий ер билими, Ўзбекистон табиий географияси каби фанларни амалиёт билан уйғун ҳолда чуқур ўрганмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда музейлар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар музейлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Хусусан:

  • 2020-йилдаги ПҚ-4740-сонли қарор билан геология соҳасини ривожлантириш ва илмий марказлаштириш тизими такомиллаштирилди;

  • 2022-йилда қабул қилинган ЎРҚ-782-сонли қонун асосида палеонтологик топилмаларни давлат мулки сифатида муҳофаза қилиш механизмлари кучайтирилди;

  • ПҚ-3920-сонли қарор доирасида музей экспонатларини рақамлаштириш ва 3D моделлаштириш ишлари йўлга қўйилмоқда.

Самарқанд давлат университети Геология ва палеонтология музейи — ўтмиш ва келажакни боғловчи олтин кўприкдир. Уни асраб-авайлаш, янги топилмалар билан бойитиш ҳамда келажак авлодга тўлақонли етказиш нафақат университет, балки бутун жамиятнинг устувор вазифасидир. Зеро, бу ерда сақланаётган ҳар бир тош ва ҳар бир қолдиқ — инсоният ва табиат тарихининг бебаҳо гувоҳидир.