Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 2017 йилнинг 31 августда Қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш куни муносабати билан Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси мажмуига ташриф буюрганларида у ерда ташкил этилган музейни ҳам томоша қилиш пайтида уни давлат музейига айлантириш ва вилоятларда ҳам ана шундай музейларни ташкил этиш ҳақида кўрсатма бердилар.

    Ана шу кўрсатмага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг 22 ноябрь куни  «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди.

    Қарор ижроси юзасидан Самарқанд давлат университети тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейини ташкил этиш ишлари бошланди.

    Музей фаолиятини олиб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан 4 та штат бирлиги ажратилди. 2018 йилнинг 1 мартидан унинг биринчи директори этиб филология фанлари доктори, профессор Каримов Суюн Амирович тайинланди.

    Музейга 2019 йил 3 сентябрдан Муқимов Музаффар Гадаевич директорлик қилмоқда.

    Музей 2018 йилнинг 29 август куни – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида очилди. Маросимда Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, СамДУ ректори, сенатор Рустам Ибрагимович Халмурадов, Республика Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, профессор Баҳтиёр Ваҳобович Ҳасанов, Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Норбекович Нормуродов, вилоят нуронийлари вакиллари – Тошбўри Қиличев, Абдушукур Муҳаммадқулов, Салоҳиддин Бобомуродов, Ўктам Қаршиев, шунингдек университет раҳбарияти, нуроний-оқсоқоллари – Мавлон Жўрақулов, Муслиҳиддин Муҳиддинов, Али Абдулқосимов, вилоят маданият бошқармаси, «Маҳалла» жамғармаси, музей-қўриқхона ва бошқа жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.

    Тадбир республика, вилоят матбуотида ёритилди ва телевидение орқали намойиш этилди.

    Музей СамДУ география факультети биносининг бир қисмини эгаллаган. Манзили: Университет хиёбони, 15. Музей тўрт хонани қамраб олган: 106 кв.м. экспозициялар зали, 50 кв.м. маъмурият, архивлар сақланадиган хона, 40 кв.м. йўлакчалардан иборат бўлиб, жами 196 кв.м. майдонни эгаллайди. Музейда бугунги кунда экспозицияга қўйилган ва архивда мавжуд 3989 та турли хил ҳужжатлар, суратлар, экспонатлар сақланмоқда. Музей 4 блок, 8 бўлимдан иборат бўлиб, 1 та залга тақсимланган.

    1-БЛОК.

    1-бўлим. Мавзу: Ўрта Осиё (Туркистон)нинг чор Россияси томонидан босиб олиниши ва маҳаллий халқнинг бунга қарши кураши, Самарқанднинг босиб олиниши (1868-1900).

    Бўлим мазмуни: Ўрта Осиё  хонликларига подшо Россиясининг ҳужуми. Подшо Россиясининг Туркистон ўлкасидаги мустамлакачилик сиёсати ва унинг оқибатлари. Подшо Россияси мустамлакачилигига қарши ўлкада озодлик курашлари. Мардикорликга олиш.

    2-бўлим. Мавзу: Миллий ўйғониш ҳаракати, унинг намоён бўлиши ва амалий йўналишлари  (1901-1917). 

Бўлим мазмуни: Мустамлакачилик сиёсати. Мухторият учун кураш. Маърифатпарварлик ҳаракати. Мустабид совет режимининг ўрнатилиши.

    2-БЛОК.

    3-бўлим. Мавзу: Туркистон Мухторият  ҳукумати  ва унинг  тугатилиши ва вилоятда большевиклар ҳокимиятининг ўрнатилиши. Совет давлатида қатағон сиёсатининг бошланиши (1917-1929 й.й.).

Бўлим мазмуни: 1917 йил Февраль инқилобининг рўй бериши. Туркистон Мухторият ҳукуматининг тузилиши ва тугатилиши. Самарқанд вилоятида Туркистон Мухториятига бўлган муносабат. Туркистонда  большевикларнинг ҳукумат тепасига келиши. «Шўрои ислом», «Миллий иттиҳод», «Миллий истиқлол», ва «Нашри маориф» сингари ташкилот ва жамиятларнинг вужудга келиши. Совет давлатининг ғайримиллий сиёсати. Самарқанд вилоятида большевиклар зулми ва ҳақсизликларга жавобан қаршилик ҳаракатининг бошланиши. Бу ҳаракатнинг тор-мор келтирилиши. «Қулоқлаштириш» ва жамоалаштириш кампанияларининг авж олиши. Вилоятда тузилган ижтимоий ташкилот ва жамият аъзоларининг таъқиб этилиши ва қамоққа олина бошлаши. Қишлоқ районларида «қулоқ» қилинган оилаларнинг Шимолий Украина, Шимолий Кавказ, Сибир, Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг шароити оғир ҳудудларига кўчирилиши. 

    4-бўлим. Мавзу. Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши  (1929-1936 й.й.).  

Бўлим мазмуни: ГПУ органлари томонидан Ўз.ССРда «ўн саккизлар гуруҳи», «иноғомовчилик», «қосимовчилик», «миллий истиқлолчилар», «наркомпрос иши» ва «ботир гапчилар» ва шу каби сиёсий уйдирмаларнинг тўқилиши. ХХ асрнинг 30-йиллари бошида уламолар, руҳонийлар ва диндорларга  нисбатан таъқибнинг  кучайиши. 1937-39 йилги «катта қирғин йиллари», Самарқандда давлат арбобларининг ва зиёлилар қатламининг, хотин-қизларнинг қатағон қилиниши. «Эски» зиёлиларга қарши курашнинг авж олиши.

    3 – БЛОК.

    5-бўлим. Мавзу: Совет давлатининг коллективлаштириш ва «қулоқлаштириш» компанияси ва унинг фожиали оқибатлари. 1937-1938 йиллардаги «Катта қирғин» (1930-1938 й.й.).

    Бўлим мазмуни: Ўзбекистон ССРда қулоқлаштириш компанияси ва унинг оқибатлари. СССРнинг турли ҳудудларига сургун қилинганлар қисмати. Самарқанд, Каттақўрғон ва Хатирчи туманларида қулоқ қилинганлар учун меҳнат посёлкаларининг ташкил этилиши.

    Вилоятдаги давлат ва партия, фан ва маданият арбоблари, шунингдек, бошқа соҳа вакилларининг оммавий равишда қатағон қилиниб, уларга тегишли мол-мулкнинг давлат фойдасига мусодара этилиши. «Халқ душманлари» ҳисобланган кишилар оила аъзоларининг қамоққа олиниши, болаларининг эса республика ва республикадан ташқаридаги етимхоналарга юборилиши. Давлат аппаратлари, саноат корхоналари, ўқув муассасаларида «халқ душмани», «жосус», «аксилиниқлобчи» унсурларни ахтариш васвасаси.

    6 -бўлим. Мавзу: 1940-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар.

    Бўлим мазмуни: 1941-1945 йиллардаги уруш арафасида ва урушнинг дастлабки йилларида совет давлати сиёсатидан норози кишиларнинг душман фойдасига хизмат қилиши мумкинлиги учун уларни таъқиб ва қатағон қилиш. Урушдан кейинги йилларда миллатчилик ва космополитизимга қарши кураш каби кампанияларнинг бошланиши. Ижодкор, фан ва маданият арбобларига нисбатан қатағонлар.

Этник қатағонлар. 30-йиллар охирида узоқ Шарқдан корейс миллати вакилларининг, 40-йилларнинг бошларида Қрим ва Кавказдан қримтатар, месхети турклари, ингуш, қорачой ва бошқа туркий халқларнинг, шунингдек, поляк ва немис миллатига мансуб аҳолининг Ўзбекистонга, хусусан Самарқанд вилоятига сургун қилиниши.

    4-БЛОК.

    7-бўлим. Мавзу: 1980-йиллардаги  қатағонлар, «Пахта иши» кампанияси.

Бўлим мазмуни: Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ марказ томонидан ўзбек халқига нисбатан олиб борилган оммавий қатағон – «Пахта иши»  сиёсий кампанияси. Самарқанд вилояти бўйича бу кампаниянинг ноҳақ қурбонлари. 1990 йилларда совет давлати сиёсий найрангларнинг фош этилиши. «Пахта иши» бўйича ноҳақ жавобгарликка тортилиб, бошқа республикалардаги қамоқхоналарда сақланган кўплаб фуқароларимизнинг Ўзбекистонга келтирилиши ва улар «жиноий ишлари»нинг қайта кўрилиши; бегуноҳ қурбонларнинг оқланиши.

    8-бўлим. Мавзу: Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар (1991 йилдан кейинги давр).

    Бўлим мазмуни: 1990-йилларда  совет тузуми сиёсий найрангларнинг фош этилиши, адолатнинг тикланиши.

    Тарихий адолатни тиклаш масаласининг давлатимиз ижтимоий-сиёсий ва маданий сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиши ва бу борада амалга оширилган улкан ишлар. Ўтган асрнинг 30–80-йилларида мамлакатимизда амалга оширилган сиёсий қатағон қурбонларининг оқланиши ва улар хотирасининг абадийлаштирилиши.

    Совет даврида бадном этилган давлат арбоблари ва саркардалар (Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур ва б.) ҳақида тарихий хақиқатни қарор топтиришга қаратилган амалий ишлар.

    Совет даврида номлари тақиқланган, бадном этилган ислом дини ва фалсафасининг буюк намояндалари (Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Ахрори Валий ва б.) хотирасининг тикланиши ва ардоқланиши.

    Наврўз, Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг умумхалқ байрами сифатида қайта тикланиши; Совет даврида феодал адабиёти намунаси сифатида қораланган асарлар («Авесто» китоби, «Алпомиш» эпоси) ва шоир-адиблар (Аҳмад Яссавий, Бурҳониддин Рабғузий, Суфи Оллоёр ва б.) ижодининг халққа қайтарилиши.

    Совет даврида оёқости қилинган ва қаровсиз аҳволда қолиб келган диний-маърифий обидалар, табаррук зиёратгоҳларнинг қайта тиклаб-таъмирланиши, эътиқод эркинлигини таъминлаш йўлидаги ишлар. Мустақил Ўзбекистонда ёшларнинг баркамол авлод бўлиб етишишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, таълим, спорт, маданият, санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар. Ёшларимизнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари. Миллий армиямизнинг ташкил этилиши ва ҳарбий ислоҳотлар. Самарқанд вилояти бўйича бу борада амалга оширилган ишлар.