ФАКУЛЬТЕТ ХАҚИДА

1927-йилда Ўзбек давлат университети (ҳозирги СамДУ) ташкил этилган вақтдан бошлаб, физика-математика факултети ҳам фаолиятини бошлаган эди. Биринчи марта Самарқандда физиклар тайёрлаш ишига Россиядан таклиф этилган олим проф.А.М.Титов раҳбарлик қилиб, 1933 йилда А.Ю.Педдер ва Н.П.Кузнесовлар билан биргаликда «Умумий физика», 1935-йилда «Оптика ва назарий физика» кафедраларни ташкил этган эди.

1933-йилда проф.А.М.Титов раҳбарлигида биринчи марта Қуёш энергиясидан фойдаланиш (Гелиофизика) бўйича илмий ишлар олиб боришди ва унинг раҳбарлигида 1935-йилда К.Т.Абдирашидов, А.Г.Кочневлар, 1936-йилда А.Н.Текучёв, С.У.Султонов, Мусо Мўминовлар номзодлик диссертасиясини ҳимоя қилдилар.

Физика фанининг ривожида проф. Мусо Мўминовнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак. У 1944-йилда Ўзбек Давлат университетига ректорлик қилиш билан бирга «Назарий физика» кафедраси мудири лавозимини ҳам бажарди ва «Умумий физика», «Оптика» кафедраларини ташкил этди. 1951-йилда М.Мўминов, Ҳ.Ҳайдаров билан бирга биринчи марта ўзбек тилида «Молекуляр физикадан» лаборатория ва ўқув қўлланмаларини яратди.

1961-йил августда физика-математика факултети таркибидан физика факултети алоҳида ажралиб чиқди ва физика фани ривожида янги давр бошланган эди. 1959-йилда А.Қ.Отахўжаев (кейинчалик ЎзФА академиги) Оптика кафедрасига мудир бўлиб тайинланиши, СамДУда Оптиклар мактабининг шаклланишига олиб келди.

Факултетда узоқ йиллар давомида олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида ҳозирги кунда 4 та илмий мактаб яратилди. 1.Оптика (Асосчиси ва илмий раҳбари академик А.Қ.Отахўжаев), 2. Ядро физикаси (Асосчиси проф. Мусо Мўминов), 3. Магнетизм (Асосчиси ва илмий раҳбари проф.О.Қувондиқов), 4. Космос физикаси ва астрофизика (Асосчиси ва илмий раҳбари проф.Б.Махмудов).

Бундан ташқари, Оптиклар илмий мактаби таркибида 2 та алоҳида йўналиш ажралиб чиқди ва ривожлантирилди. Ночизиқли оптика йўналиши (Илмий раҳбари проф.Л.М.Собиров) ва Молекуляр люминесенсия йўналиши (Илмий раҳбари проф.Н.Низомов).

Ҳозирда физика факултетида 5 та мутахассислик кафедралари фаолият кўрсатмоқда: Оптика (кафедра мудири PhD .Ғ.Шарифов), Умумий физика (кафедра мудири в.б.  дотс.З.Шодиев), Назарий физика ва квант электроника (кафедра мудири проф.Н.Эшқобилов), Қаттиқ жисмлар физикаси (кафедра мудири дотс.С.Ахроров), Ядро физикаси ва Астрономия (кафедра мудири дотс.Р.М.Эшбўриев).

Факултетда 4 таълим йўналиши (физика, астрономия, физика ва астрономия ўқитиш методикаси, биотиббиёт) бўйича 600 дан кўпроқ талабалар ва 2 магистратура мутахассисликлари (Физика (йўналишлар бўйича), (Атом ядроси ва элементар зарралар физикаси, тезлаштирувчи техника) бўйича 80 нафардан ортиқ малакали магистр мутахассислар тайёрланмоқда.

Факултетда илмий салоҳият бугинги кунда 74%ни ташкил қилган, кафедраларда 1 нафар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, 17 нафар фан докторлари, профессорлар, 35 нафар фан номзодлари, доцентлар ҳамда 16 нафар катта ўқитувчи, ассистентлар билан биргаликда 5 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар ҳам ёшларга таҳсил беришмоқда.

МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ

Бакалавриат йўналиши малака талаблари

5110200     Физика ва астрономия ўқитиш методикаси

5141500     Биотиббиёт физикаси

5140200     Физика

5140400     Астрономия

Магистратура йўналиши малака талаблари

5А140201    Назарий физика
5А140202    Физика (йўналишлар бўйича)
5А140203    Гелиофизика ва қуёш энергиясидан фойдаланиш 
5А140204    Конденсацияланган муҳитлар физикаси ва материалшунослик (турлари бўйича)
5А140205    Атом ядроси ва элементар заррачалар физикаси, тезлаштирувчи техника
5А140401    Астрономия (тадқиқот йўналиши бўйича)


Факултет тюторлари