Кимдир (якуний қисм)

4
Одамлар орасида шундай одат бор: нотўғри йўлдан юрган одамга нисбатан "шайтон йўлдан урибди" деган иборани ишлатишади. Кимга қандай билмадиму, мен бундай ўйламайман. Aслида шайтон инсонни йўлдан урмайди, у азалдан одамнинг ичида яшайди. Инсонни ўз йўриғига юрдиришга у эндигина эсини таниб бошлаган даврлардаёқ урина бошлайди. Йўл умрнинг аввалидаёқ танланган бўлади. Хуллас, ичимда азалий яшаётган шайтон тинмай нафсимга қутқу солаверди. Мен ҳам унинг раъйини қайтармадим. Aввалига корхона ҳисоб рақамидан оз-оздан пул ўзлаштириб ола бошладим. Aста-секин бу миқдор кўпая борди. Охирида ҳаммасини йиғиб, шаҳардан уй олдим. Кейин уйландим. Шубҳасиз, тўй харажатлари ҳам корхонанинг "гарданига тушди". Ҳисобот йили якунида бир иложини қилиб, камомадни билинтирмадим. Aммо келаси йили директор алмашадиган бўлиб қолди. Директоримизнинг бир йиғилишда икки-уч ойдан кейин ўғлимни ўрнимга қўйиб, ўзим нафақага кетаман, деганидан кейин менинг ҳам патагимга қурт тушди. Директор алмашса, ишимнинг пачаваси чиқади. Нима бўлганда ҳам бу ердан эсон-омон кетиб олишни ўйлашим керак эди. Фақат ўрнимга қўйиладиган одам муғомбир бўлса, "хатоим"ни билиб қолиши мумкин. Эндиги қиладиган иш соҳадан унчалик хабари йўқ одамни ўзимга ёрдамчи қилиб олиш эди. Мен кетсам шубҳасиз, ёрдамчи бош ҳисобчиликка қўйилади. Тез орада шундай одам топилди. Бир куни кўчада курсдош дўстим Замирни кўриб қолдим. Замир иш тополмаётганидан нолиб қолди. Мендан ёрдам сўради. "Aслида бу иш қийинку-я лекин сен учун иложини топаман, " дедим ўзим ичимда жон деб турсам ҳам. Уч кундан кейин қўнғироқ қилиб чақирдим. Шу тариқа Замир ёрдамчи бўлиб иш бошлади. Ҳаракатимда шубҳа уйғотмаслик учун директордан олдин кетишим керак эди. Бошлиғимизнинг олдига кириб, кетмоқчилигим, бошқа жойдан иш топганимни айтдим. Директор аввалига кўнмади. Мендек ўз ишига пухта, "ҳалол" одамни топиш қийин экан. "Ҳеч бўлмаганда ўрнингизга қўядиган одам топилгунча сабр қилинг, " деди у. Унга Замирни тавсия қилдим. " Малол олмасангиз, бир номзод тавсия этаман. Замир Қодиров айни сиз айтган сифатларга мос одам. Ишга келганига унчалик кўп бўлмаган бўлса-да жуда кўп нарсаларни ўрганди. Қолаверса, у билан ҳаётда ҳам дўстмиз. Бирор нарсани билмай қолса, бемалол ўргатавераман. " Шу тариқа бошлиқни кетишга кўндирдим. Навбатдан ташқари ўтказиладиган аудит текширувидан кейин хоҳлаган ерингизга кетсангиз бўлади, деди директор унга ишдан бўшаш ҳақида аризамни топширганимда. Текширувга масъул етакчи аудиторнинг ўзига бир машина нархига етгудай харажат қилдим. Майли, қанча кетса ҳам "айб"ни ўзимдан соқит қилсам бўлгани эди. Ҳаммаси мен кутгандек бўлди. Фақат текширувчилар масъулининг оғзини умуман очилмайдиган қилиб "мойлаш" мен ўйлаганимдан кўпга тушди. Кетганимдан кейин беш ойча Замир томондан "шамол" ҳам эшитилмади. Олтинчи ойнинг охирида терговга чақирилдим.
"Замир Қодиров иши анчайин жиддий. У бош ҳисобчи бўлишидан олдин ўтказилган текширувда корхона ҳисобида ҳеч қандай камомад аниқланмаган. У иш бошлагандан кейинги ҳисобот йилининг ярмида ўтказилган аудит текширувида катта миқдордаги камомад келиб чиққан" Терговчининг вазиятни ана шундай баҳолаганча берган саволларига аниқ жавоб бердим. Ишдан кетаётганимдаги текширув хулосаси мени айбдан "пана қилиб" қолди. Шу-шу Замир қамалиб кетди. Охирги суд бўладиган куни ҳам хотини келиб, эрининг мен билан кўришишни истаётганини айтди, лекин мен судга бормадим. Нима қиламан, у ерда? Судяга қараб, асл айбдор мен, Замирнимас, мени қаманг, дейишим керакми?!
Ташқарида шатир-шутир ёмғир ёға бошлади. Дарахт шохлари шамолда асабий силкинди. Шамол томчиларни куч билан деразаларга томон итарарди. Кўзимни уйқу элтди. Шу билан қанча вақт ухладим, билмайман. Титраб-қақшаб кўзимни очганимда нимқоронғу хона муздай эди. Бутун аъзойи баданим совуқдан дир-дир титрар, деразанинг бир кўзи шамолда очилиб кетган бўлса керак, ташқаридан этни жунжиктирувчи совуқ шамол келарди. Бошимни ёстиқдан кўтаришим билан кўз олдим қоронғулашиб кетди. Каравотга ўтириб қолдим. Кеча юпун кийинганимнинг асорати мана бугун бўй кўрсатаётганди. Деворни ушлаб, пайпаслана-пайпаслана деразани ёпиб келдим.
Ёлғиз одам касал бўлмасин экан. Бу аҳволда на чой дамлай оламан, на овқат... аммо кўнглим уйнинг ширин овқатини тусайди. Шу тобда иссиққина қайнатма шўрва бўлсайди, деб хаёл сураман. Aммо туриб уни муҳайё қилишга мадор йўқ. Ўттиз еттига кириб, ҳали бирорта дўст ҳам орттирмаганим алам қилди. Бирдан-бир яқиним Рустам эди, уям ўз ташвишлари билан ўралиб қишлоғида юрибди. Шу аҳволда яна уч кунни ўтказдим. Тўртинчи куни ўзимни сал бўлса-да тетик сеза бошладим. Ишхонада уч кундан бери йўқлигимни энди сезишган чоғи, эрталаб ҳамкасбларим қўнғироқ қилди. Уларга икки-уч кунда ишга чиқаман дедим. Шўрвага масаллиқ харид қилиш учун бозорга тушмоқчи бўлиб, йўлга отландим. Ҳаво доимгидек булутли эди. Қуёш сал кам бир ҳафтадан буён юз кўрсатмас, кир увада пахтадай булутларга бурканган осмон юракка аллақандай хомуш, маъюс кайфият юқтирарди. Aвтобус чиройли биноларни ортда қолдириб, бозорча олдида тўхтади. Харидни гўштдан бошладим. Ҳамма нарсани олиб бўлиб, кетаётгандим ҳамки, лимон олиш ёдимга тушди. Шамоллаганда лимон фойдали деб, онам нуқул лимонли чой қилиб берарди. Мева расталари оралаб лимон қидирарканман, тўсатдан Баҳорани кўриб қолдим. Бутун вужудимни аллақандай соғинч аралаш ҳаяжон қоплаб олди. Баҳора эгнида юпқа палто, қоматига ярашган узун кўйлак, кийган, сочларини чиройли қилиб турмаклаб олибди. Охирги марта кўрганимдан анчайин ўзгарган, тўлишиб, чиройи янада очилгандай кўринарди. У томон эндигина бир-икки қадам қўйгандим ҳамки, у ёнига ўгирилиб кимнидир чақирди. Қўшни растадан қўлида харид халтаси кўтариб олган бир новча йигит Баҳора томонга келди. У қўлидаги елим халтада бир килограммча чиқадиган олмани йигитнинг қўлига тутқазди-да, иккаласи қўлтиқлашиб ёнимдан ўтиб кетди. Ҳайратимдан қўлимдаги елимхалталарни ташлаб юборишимга сал қолди. Баҳора менга қайрилиб ҳам қарамади. Олдимдан ўтаётганда кўрдим, унинг эгнидаги юпқа палтоси тўлиқ беркитолмаган қомати унинг иккиқатлигини кўрсатиб турарди. "Турмушга чиқибди-да!" "Фарзанд ҳам кутишяптийкан..." Бўшашиб бекат томон кетдим. Шу пайтгача Баҳорага бўлган ҳисларим ўзимга аён бўлмагани, ўтган икки йил ичида уни бирор марта ҳам соғинмаган бўлсам ҳам, бугун уни кўрганимдаги ҳолатим, анави новчани қўлтиқлаб олганида вужудимда қўзғалган рашк мени қанчалик оловлантирган бўлса, ниҳояда кўрган манзарам мени шунчалик мадорсизлантирди. Баҳорани, мен шу пайтгача ўзим билмаган муҳаббат билан севадиган Баҳорамни бир умрга йўқотганимни энди чиндан англаб етдим. Хаёлларимни кондуктор боланинг овози бузди:
— Aмаки, қаерга кетяпсиз?
Чўчиб тушдим. Aтрофга аланглаб қарадим, бироқ қаердалигимни англолмасдим.
— Мен...мен...
Манзилни айтдим.
— Чиқа қолинг.
Шошиб, ўрнимдан турдим. Кондуктор бола бозор халталаримни олиб чиқишга ёрдам берди.
— Раҳмат, укам. Соғ бўл.
— Aрзимайди. Aмаким бўласиз-у ёрдам бермасам уят бўлар, - у самимий жилмайди.
— Aмакинг? -саволомуз такрорладим мен.
— Ҳа, мен Замир ўртоғингизнинг ўғли бўламан. Илгари бизникига кўп боргансиз.
Ҳижолатлик ўти бутун танамни ёндирарди. Боланинг кўзларига қараёлмадим. Ғўлдирай-ғўлдирай "Даданг яхшими" деёлдим холос.
— Ҳа, тузук. Ҳозир "колонка" га чиқаришган. Кўргани бориб турибмиз. Тез орада ўзи ҳам чиқиб қолади.
— Ишга чиқиб кетдингми?- унинг калта бўйига ярашмаган бу касбидан ҳайратланиб, саволга тутдим.
—Ҳа, амаки. Ишламасам бўлмади.
Унинг овозида катталарга хос босиқлик, жиддий ўйчанлик бор эди. Гапларидан уни ҳечам бола деб бўлмасди.
— Нечинчи синфда ўқийсан? Мактабинг нима бўляпти?
— Еттинчида ўқийман. Дарсимиз тушдан кейин. Дарс вақтигача ишлайман холос.
У айбдорона нигоҳини ерга тикди.
— Ойимга қарашмасам бўлмайди-да...укаларим ҳали кичик...
Уйга қандай келганим ёдимда йўқ. Кўзларим очиқ турибди-ю, ҳеч нарсани кўрмайман. Юрагим уради, аммо ҳеч нимани ҳис қилмайман. Бу дунёдан тамомила узилиб қолгандайман гўё. Кўзимни юмсам, қаршимда онамнинг муштоқ қиёфаси пайдо бўлади. "Сени бир бор кўролмай кетдим, Ҳа-а, болам-а! Ишларинг шунчалик кўпмиди?"
Она! Охирги ой уни кўришга бир марта ҳам бормаганим, жанозасига зўрға етиб борганим, унда ҳам уч кун ўтибоқ, шаҳарга қайтиб кетганим...ҳаммаси менинг шундоғам зил-замбил гуноҳим юкини баттар оғирлаштириб турарди. Мен кимман? Бу дунёга нима учун келдим-у, нималар қилдим ўзи?
Ёпиқ турган хона эшиги ва пол ўртасидаги оралиқдан қандайдир конверт "сузиб" келиб, оёғим остида тўхтади. Йўлакдан тиқ этган товуш эшитилмасди. Хат кимданлигини жуда яхши билардим. Шошилмасдан хатжилдни очдим. Таниш ёзув:
" Мен келдим!
Кимдир "
Кулдим. Бор овозим билан, қорнимни чангаллаб, қаҳ-қаҳ отиб кулдим. Овозим худди фарёд чекаётганга ўхшаб чиқди. Қаҳқаҳамдан деворлар акс-садо берди. Шу тор балкончанинг зах босган деворлари ҳам акс-садо қайтара олиши мумкин эканлигини кўриб баттар кулдим. Дераза ланг очиқ эди. Ташқаридан ёмғир ҳидига қоришган совуқ ҳаво ичкарига ёпириларди. Пастда сичқондек ўрмалаётган машиналарнинг чинқирган овозлари ёмғир томчилари шатир-шутирига қўшилиб, кўнглимни беҳаловат қиларди. Ёмғирнинг шиддати кучайди, челаклаб қуяётгандай жала бошланди. Тўсатдан кўзимга Кимдирнинг ўткир нигоҳлари туташди. Кучли чақмоқ чақнаб, бир лаҳзага атроф ёришди. Яшиннинг нури қуёшникидай бўлолмаслигини энди кўрдим. Мен бир умр ёруғлик деб интилганим аслида бир мартагина чақнаган-у шу заҳоти ўчган чақмоқнинг ёруғи эканлиги, ҳақиқий ёруғлик қуёшдалиги аён бўлди. Буни ҳеч нарса инкор этолмаслигини энди англадим. Кимдир менга ҳамон тикилиб турарди. Унинг менга қараб турган кўзлари, юзи менга кимнидир эслатди. Бор диққатимни нигоҳимга қадаб унга тикилдим...
Уни танидим! Шу лаҳзада ўзимни жуда бахтиёр ҳис этардим. Вужудимда аллақандай енгиллик сездим. Қўлларимни у томон чўзиб, олдинга бир қадам ташладим. Кимдир менга пешвоз чиқди...Осмонда сассиз яшин чақнади. Қора булутлар зулмати ичра чақнаган чақмоқ шуъласи бир ёнди-ю, шу заҳоти ўчди...
Ирода Бекмурадова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси