Кимдир (учинчи қисм)

3
... Соат бонг чалди. Ирғиб ўрнимдан турдим. Қаҳвамни ичиб, ишга отландим. Ҳаво булутли эди. Кечаси ёмғир ёққан бўлса керак, ер ҳўл, дарахтларнинг олтинранг барглари сувга бўккан, шалпайганча шохларда маъюс осилиб турарди. Ҳавода ўткир совуқнинг шашти бор, юпқа плаш изғирин исканжасидан ҳимоя қилолмасди. Эртадан қишлик кийимларга ўтиш керакмикин, деб ўйлаб қолдим. Ишхонага борсам, ҳали ҳеч ким келмаган экан. Қоровулдан калитни олиб, хонага кирдим. Ичкари нимқоронғу эди. Пардани нари суриб, чироқни ёқдим. Столим устида кеча чала қолган ҳисобот тугатилишини кутиб ётар, унинг ёнида эса ташкилотга келган хатлар дастаси турарди. Бўлим мудирининг ёрдамчиси бўлганим учун хатлар билан танишиб, ижросини таъминлаш менинг вазифам эди. Кеча вақт бўлмагани учун уларни кўриб чиқолмагандим. Ўтириб, хат саралашга тушдим. Солиқдан келган огоҳлантириш хати ва қўшни ташкилотлардан келган майда хатлардан кейин, манзили ёзилмаган конверт чиқди. Конвертни очдим. Таниш ёзувда ёзилган хат:
"Салом, биродар!
Сенга қамоқхонанинг совуқ ва зах ҳавосидан саломлар келтирдим. Ҳойнаҳой, у ерларни ҳали бирон марта ҳам кўрмаган бўлсанг керак. Лекин кимдир сен туфайли ўша ерда яшашга, маҳкумликдан азоб чекишга мажбурлигини унутиб қўймадингми ўзи?! Бир пайтлар жон дўстим деб қўлтиғидан олган дўстингнинг олдига бориб қулоғига сен билан дўст бўлишдан қўрқиши кераклигини айтиб келдим. Сенга сабр тилаб
Кимдир"
Бутун танамни титроқ босди. Пешонамдан совуқ тер чиқа бошлади. Aхир Замир ҳақида ҳеч кимга гапирмаганман-ку, бу кимса қаёқдан билди?! Оёқларим зир-зир титрар, нафас олишим тезлашиб, юрак уришим ўзимга ҳам эшитила бошлади.
" Бу одам ким ўзи? Нега менга бунақа хатлар ёзяпти? Ҳеч ким билмаган сирларни қаёқдан билади у? Aсл мақсади нима?"
Минг хил саволлар миямда чарх ура бошлади. Нима қилишни билмай қолдим. "Ёки милицияданмикин?" Бу фикр хаёлимга келиши билан инкори ҳам ярқ этиб чиқди.
"Йўқ, милиция бунақа майдалашиб ўтирмайди. Менга қарши бирорта далил бўлса бўлди, шартта олиб кетади...шошма, мен нималар деяпман ўзи?! Йўқ, мени ҳеч қанақа милиция қамаёлмайди. Хўш, энди нима қилиш керак? Миямда биринчи навбатда бу хатни ёзган одамни топиш фикри пайдо бўлди. Аммо хатнинг манзилсиз экани йўлимни тўсиб турарди. Бунақа манзили йўқ номаларни почта қабул қилмайди. Демак, номаълум хат почта орқали етказилмаган. Қоровулнинг олдига чиқдим. Иккаламиз камера ёзувларини бирма-бир кўриб чиқдик. Аммо кечадан бери бўлимга бегона одам кирмаган бўлиб чиқди. Менинг столимга ҳам ҳеч ким яқинлашмаган эди. Қўшни ҳамкасбларимдан сўраб ҳам тайинли жавоб ололмадим. Уларга хат қанақа эканлигини кўрсатганим йўғу, лекин шахсиятимга алоқадор деб қўя қолдим. Бир ҳамкасбим менга ИИБ га бориб, хатда қолган бармоқ изи орқали ким ёзганини аниқлаш мумкин, деб қолди. Унинг амакваччаси ИИБ ходими эди. У "амакивачча" билан гаплашиб бериб, хатни олиб, унга учрашим кераклигини айтди. Бордим. Фақат столим устига ташлаб кетилган хатни эмас, уйимга келган биринчи хатни олиб бордим. Қоғозни экспертизага олишди. Унчалик узоқ давом этмаган текширувлардан кейин "амакивачча" мени хонасига бошлаб кирди. Вазиятни тушунтирдим. Хотиржам аммо ҳайратланган кишининг қиёфасида уйимга ташлаб кетилган номаълум мактуб воқеасини айтиб бердим. У вазиятни "жиддий" деб топмади, шекилли, мени лоқайд алфозда тинглади.
— Хуллас, сизга хатни ким ёзгани керак, шундайми?
— Ҳа.
— Лекин, уни қайсидир танишингиз ҳазиллашиб ёки сизни синаш учун ёзган бўлиши ҳам мумкин-ку, тўғрими? Балки ўша хат умуман сизга тегишли эмасдир, адашиб келиб қолгандир уйингизга.
— Балким...-дедим елкамни қисиб.
— Биз-ку текшир-текширдан қочмаймиз, лекин бу масалани унчалик жиддий деб ўйламайман. Вақти келса ойдинлашади ким ёзгани ҳам, нега ёзгани ҳам.
— Тўғри, лекин бармоқ излари...
— Бармоқ изларини текширдик. Қоғозда сизнинг бармоқ изларингиздан бошқа бегона из чиқмади.
ИИБ идорасидан бўшашиб чиқдим. Ишхонага умуман оёғим тортмасди. Тўғри уйга қайтдим. Бошим ғувилларди. Дори ичиб, жойимга ётдим. Ухлашга ҳаракат қилсам ҳам, таҳликали ўйлар атрофимда айланиб ухлашимга қўймасди.
"Замир...у билан бўлган ишни ҳеч ким билмасдику. Бу сирни гўримга олиб кетаман деб юрардим. Демак, мендан бошқа яна кимдир билар экан-да?! У ким бўлиши мумкин? Ёки Замирнинг ўзи одам ёллаб, мени айбимга иқрор қилмоқчи бўляптимикин? Aгар шундай бўлса чучварани хом санабди. Мен ҳеч қачон бундай қилмайман. Мени қамаш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Қани, менга қарши бирор далил топиб кўришсин-чи?! "
Институтни битирган йилим бир масъулияти чекланган жамиятда бош ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишга кирдим. Бош ҳисобчининг ёши мендан анча катта, икки-уч йилда нафақага кетадиган эди. Икки йилча шу кишига ёрдамчилик қилиб, касбнинг сир-асрорларини ўрганиб олдим. Бош ҳисобчи нафақага кетди-ю намунали ходим бўлганим учун ўрнига мени қўйишди. Рисоладагидек ишлай бошладим.
(давоми бор...)
Ирода Бекмурадова,
Самарқанд давлат университети
Филология факультети талабаси