Жамиятда зиёли аёлларнинг кўпайиши соғлом фикрли, салоҳиятли ёш авлод тарбияланишида муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд давлат университети ана шундай олима аёллар етиштирувчи олий даргоҳ ҳисобланади. Суҳбатдошимиз - СамДУ генетика ва биотехнология кафедраси мудири, биология фанлари номзоди, доцент Гавҳар Душанова.

          Тадқиқотчининг асосий илмий иши Самарканд вилояти аҳолиси, яъни турли миллат вакиллари турмуши натижасида дунёга келган авлод генларидаги иммун тизимини ўрганишга қаратилган.

         - Нима учун илм-фан йўлини танлагансиз?

         - Илм соҳасидан кетишимга асосий сабабчи оилам, деб биламан. Отам биолог-иммунолог эдилар. Оиламиздаги муҳит ушбу соҳани давом эттиришимга йўл очган. Мактабни битирганимдан кейин Самарқанд давлат университети биология факультетига ўқишга кирдим ва илмий фаолиятимни бошладим. Ўша пайтларда иммунология энди ривожланаётган соҳалардан эди ва бу жараён ҳали-ҳалигача давом этиб келмоқда. Ҳозирги кунда организмда иммунитет кўрсаткичларини бошқарувчи генларни ўрганмоқдаман.

         Маълумки, Самарқанд вилояти аҳолиси миллий таркиби жиҳатидан турли-туман. Уларнинг генлар тизимидаги ўзгаришлари, шаклланишидаги ўзаро таъсирини ўрганишга ҳаракат қиляпман. Асосий илмий ишим Самарканд вилояти аҳолиси, яъни турли миллат вакиллари турмуши натижасида дунёга келган авлоднинг генларидаги иммун тизимини ўрганишга қаратилган. Тадқиқотларим асосида 1 монография, 1 ўқув қўлланма ва 30 дан зиёд илмий мақолалар чоп эттирдим. Ушбу тадқиқот ишлари Самарқанд вилояти аҳолисида пандемия даврида COVID-19 га қарши иммунитет, адаптация имкониятлари ҳосил бўлишини ўрганишга бағишланган. Бу борада Россия иммунология институти ва ЎзРФА иммунология ва инсон геномикаси илмий текшириш институти билан ҳамкорликда фаолият олиб боряпмиз. Илмий тадқиқот ишларим юзасидан Жанубий Кореянинг Сеул, Россиянинг Москва, Туркиянинг Истанбул, Козоғистоннинг Олмаота шаҳарларида тажриба алмашиб қайтганман.

         - Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?

         - Биринчиси – оила. У аёлни қўллаб-қувватловчи, кези келганда тиргак бўлувчи устун. Мен асосий мотивациямни оиламдан оламан. Иккинчиси – шахсий “мен”нинг мавжуд бўлиши. Бу дегани, аёл фақат рўзғор, иш, фарзанд туғиш учун яшамаслиги керак. Ҳамма қатори унда ҳам “мен” деган тушунча бўлиши лозим. Кўп ҳолларда бугунги ўзбек аёллари, оналарида бу қараш йўқ. Учинчиси – атрофдагилар, яъни яқинлари, дўстлари ва ҳамкасбларининг қўллаб-қувватлаши. Бу инсоннинг ўзига бўлган ишончини орттиради.

         - Фарзанд тарбияси масаласида асосий масъулият онанинг зиммасида бўлади. Бу борада ўзингизни қандай она деб биласиз?

         - Болаларим тарбиясида ҳамиша уларни тушунишга, шахсий фикрларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб келганман. Тўғри, баъзан илм қиламиз деб, балки вақт ажратолмагандирман. Ўз ўрнида қизларим ҳам буни тўғри қабул қила олган. Аммо мен ҳамиша яхши она бўлишга ҳаракат қиламан. Қизларим менинг борлиғим. 

         - Армонингиз борми?

         - Армоним дунёни кўриш. Турли давлатларга сайёҳат қилиш. Зиммамдаги вазифалар, масъулиятлар сабаб бунга вақт тополмаяпман.

         - Сиз севган китоб?

         - Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, Пауло Коельонинг “Вероника решает умереть”, Эрнест Хемингуейнинг ”Чол ва денгиз” асарлари.

         - Аёлга уни тушунишлари қанчалик муҳим?

         - Аёл тушунилиши шарт. Бу қанчалик муҳим аҳамиятга эгалигини фақат аёллар билади. Уни, аввало, турмуш ўртоғи, ота-онаси, қайнота-қайнонаси, ҳатто фарзандлари ҳам тушуниши керак.

         - Бу ҳаётдан излаганларингизни топа олдингизми?

         - Бу борада бирор нарса дейиш қийин. Мен ҳамон изланиш жараёнидаман.

         - Ҳаётни расмда тасвирлаб бериш керак бўлса, сизнинг расмингизда қандай ранглар бўлади?

         - Яшил, оқ ва кулранг.

         - Ҳаётда нимадан қўрқасиз?

         - Яқинларимни йўқотишдан.

         - Илм-фан йўлидан кетиш умидида бўлган хотин-қизларга, ёш аёл тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?

         - Аввало, таъкидлашим жоизки, илм йўлига кирди, деган гапнинг ўзи аёл учун катта нарса. Илмли аёл бутун оиласининг билимли, зиёли бўлишида жуда катта потенциални яратади. Юрагида фанга заррача қизиқиш ва интилиш бўлса, уни албатта ривожлантириш керак. Лекин бу йўлнинг машаққати оғир бўлади. Олима бўлишни истаган аёл руҳан бу оғирликни оила ва шахсий ҳаёт юки билан баравар кўтариб юришга тайёр бўлиши керак. Аёл қийин вазиятда кимгадир суянишга, қўллаб-қувватлашларига, тушунишларига ҳамиша муҳтож бўлади. Бу борада энг катта ёрдам берадиган инсон унинг турмуш ўртоғидир. Мен йигитларимизга ўз рафиқаларининг ўқиши, уларнинг илм йўлидаги фаолиятини қўллаб-қувватлашини илтимос қилган бўлар эдим. Зеро, фарзанд тарбиясида онанинг илмли, зиёли бўлиши келажак авлод интеллектини шакллантириши, уни чиройли тарбия билан камол топишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими

Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.

Шавкат Акрамов олган сурат.