Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида буюк мутафаккир ва шоир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан шу мавзудаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда филология факультети профессор-ўқитувчилари Алишер Навоий меросининг илмий ва бадиий аҳамияти, буюк мутафаккир ижодининг жаҳон адабиёти ва тилшунослигида ўрганилиши, шоир асарларини ўрганишнинг қардош халқлар меросини тадқиқ этишдаги аҳамияти, Навоийнинг тилшуносликка оид қарашлари мавзуларида маъруза қилдилар.

    Алишер Раззоқов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент:

    - Кишилик тарихида ўзининг беназир шахсияти, умуминсоний ғояларга йўғрилган ижоди билан ўчмас из қолдирган Низомиддин Мир Алишер Навоий учун ҳам инсон шаъни, қадр-қиммати асосий бош мезонлардан бири ҳисобланган. Алишер Навоий нафақат ўзининг асарлари, яъни маънавий мероси билан, балки ўзининг давлат бошқарувидаги ва жамиятдаги мавқеи билан ҳам инсонларга ҳар томонлама хизмат қилиш, унинг учун олий қадрият ҳисобланган. Бу ҳақида унинг ўз асарларидан тортиб унга замондош бўлган тарихчиларнинг асарларида ҳам бир қатор қизиқарли маълумотлар келтирилган. Жумладан, Алишер Навоий ўз молиявий ишларининг сарҳисоби ҳисобланган «Вақфия» асарида ўз ҳисобидан кишилар фойдаланиши учун қурилган масжид, мадраса, шифохона, кўприк, работ сингари иншоотларнинг рўйхатини келтирган. Манбаларда айтилишича, Навоий қурдирган «Халосия» хонақоҳида ҳар куни мингдан ортиқ фақир мискинлар зиёфат қилинган, кийим-бош улашилган. Эътиборли жиҳати шуки, Алишер Навоий таъсис қилган мадрасалардаги ўқиш-ўқитиш тизимининг баъзи ўзига хос жиҳатлари, олимлар ва талабарга тўланадиган нафақа ва маошлар ҳақида унинг «Вақфия» асарида маълумот берилган. Унда айтилишича, мадрасадаги ҳар бир дарс ҳалқаси (поток)да ўн биттадан толиби илм таҳсил олган, улар ўзлаштиришларига қараб уч табақага – аъло, васат (ўрта) ва адно (қуйи)га бўлинган ва шу мезон асосида уларга нафақа (стипендия) тайинланган. Бу айни вақтдаги университет тизимига жуда ўхшайди.

    Маҳфуза Давронова, филология фанлари доктори, доцент:

    - Ҳеч қайси бир ижод ўзидан олдинги анъаналарга айланган асарларни ўрганмасдан, ундан озиқланмасдан туриб такомилга ета олмайди. Айниқса, сўз – буюк мумтоз шоири ҳазрат Навоий хусусида кетганда, бу фикрга яна бир бор амин бўлиш мумкин бўлади. Унинг асарларига бўлган муносабат эса бир неча асрлардан буён издошлик ҳамда ҳамнафаслик даражасидадир. Ижодкор қайси бир даврда яшамасин, албатта қайта-қайта Алишер Навоий асарларига мурожаат этаверади. Алишер Навоий ижоди шундай бир мусаффо булоқки, ундан ижодкорлар нафақат ҳузур, роҳат топишади, балки ўз номини ўчмасликка, абадийликка ҳам мухрлашига сабаб бўлади. Фикримизга биргина озар шоири Фузулийнинг ижоди ҳам мисол бўла олади. ХХ аср адабиёти хусусида сўз кетганда ҳам мана шу кайфият, мана шу ҳамоҳанглик кўзга яққол ташланади. Эркин Воҳидов ўзининг “Шоиру шеъру шуур” асарида қуйидаги фикрларни таъкидлайди: “Биз бугун Алишер Навоий номисиз ўзбек маданиятини тасаввур қилолмаймиз. Унинг нурли шеърияти, ёруғ сиймоси руҳимизга сингиб кетган. Шоирнинг юксак бадиият билан музайян бўлган, чуқур инсонпарвар ғоялар билан йўғрилган ижоди асрлар оша бизни ҳануз ўзига ром қилади, кўнгилларимизни завқу шафқ ҳамда ифтихор туйғулари билан, онгимизни эзгулик фикрати билан бойитади, бизни адолат учун, инсон қалбининг мангу эрки учун курашмоққа чорлайди”. Эркин Воҳидов тўғри таъкидлаганидек, Алишер Навоий шеъриятида буюк қудрат, қандайдир илоҳий мўъжиза яширинган. Шу боис ҳар доим ижодкорлар унинг асарларига мурожаат этар экан, бу илоҳий қудратни ҳис этиб туришади. Унинг сўз ганжаси олдида эса, сўз, фикр айтмоқликка куч топа олиш зарур бўлади.

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси,

Шавкат Акрамов олган суратлар.