Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институт директори Тошпўлот Ражабов тадбирни кириш сўзи билан очди.

    Учрашув аввалида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ташаббуси ва ғояси асосида яратилган фильм ота-оналар эътиборига ҳавола этилди. Ўз ҳаётини қийинчиликлар билан бошлаган, лекин билим, таълим олиш орқали ҳаётда юқори ва юксак натижаларга эришган қаҳрамонларнинг ҳаёт йўли ва уларнинг талабаларга ҳамда ота-оналарга қаратилган тавсиялари мужассамлашган ушбу фильм тадбир иштирокчиларига катта таассурот қолдирди.

    Шундан сўнг, Тошпўлот Ражабов томонидан институтнинг ташкил этилиши, унинг олдидаги асосий мақсадлари, яратилган шароитлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва истиқболдаги режалар бўйича батафсил маълумотлар берилди. Айниқса, йигит-қизларнинг нуфузли хорижий ҳамкор университетларда магистратура ва докторантурада таҳсил олиши учун кенг имкониятлар мавжудлиги ота-оналарга етказилди. Бунинг учун талабалар мутахассислик фанлари билан биргаликда хорижий тилларни чуқур ўрганиши ва бу жараёнда ота-оналарнинг ҳам масуълияти катта эканлиги тушунтирилди.

    Учрашув давомида талабаларнинг пухта билим эгаллаши ва бу жараёнда уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида тузилган Академик ҳалоллик келишуви ота-оналарга таништирилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳамкорлик ота-оналар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва уч томонлама келишув имзоланди. 

    Институтда аъло баҳоларга ўқиётган, интилувчан ва изланувчан талабаларнинг ота-оналарига институт раҳбариятининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.

    Тадбирда СамДУ ёшлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Ислом Рустамов, университет Ахборот хизмати раҳабри Фаррух Ҳамроевлар иштирок этди.

    Тадбир якунида талабаларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, институтнинг ушбу саъй-ҳаракатлари, фарзандларининг сифатли таълим олиш учун қилинаётган амалий ишлари ва ташаббуслари учун миннатдорлик билдишди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.