Академик Ботирхон Валихўжаевнинг 3 жилддан иборат  «Танланган асарлар» китоби нашр этилди. Машҳур Навоийшунос олим 1953-2005 йилларда Самарқанд давлат университети филология факультетида ишлаган.

    Китобнинг 1-жилдида олимнинг «Мумтоз сиймолар» туркумида яратган бир қатор тадқиқот-асарлари жамланган. Жумладан, «Ҳусайний шеърияти» номли асарида Хуросон ҳукмдори (1469-1506), темурийзода Султон Ҳусайн Бойқаронинг нафақат илм-фан ва маданиятнинг улкан ҳомийси, балки хассос шоир, теран мушоҳадали адабиётшунос ҳам экани борасида сўз юритилса, муаллифнинг «Малик ул-калом – Мавлоно Лутфий» асари туркий адабиётнинг Алишер Навоийгача бўлган энг йирик вакили, беназир шоир Мавлоно Лутфий ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишлангандир.

    Маълумки, нақшбандиянинг улкан намояндаси Ҳожа Аҳрор Валий шахсияти узоқ йиллар, аниқроғи, шўро мафкураси ҳукм сурган даврда илм-маърифатнинг ашаддий душмани сифатида қораланиб келинди. Албатта, бундай муносабат мазкур авлиё зотга нисбатан жуда катта ноҳақлик эди. Ботирхон Валихўжаевнинг тўпламдан ўрин олган «Буюк маънавий муршид» рисоласи ана шу ноҳақлик, нохолис муносабат илдизларини очиб ташлаган, илмий далиллар билан фош қилган дастлабки мукаммал тадқиқот-асар сифатида дунёга келган эди.

    «Танланган асарлар»нинг 2-жилдида «Мумтоз сиймолар» туркумида яратган Низомиддин Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган тадқиқот асарлари ўрин олган. Мазкур асарларда туркий-ўзбек шеърияти забардаст намоёндаларининг халқимиз маданияти ва маънавияти шаклланишидаги буюк хизматлари, уларнинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижодий мероси ҳамда сермазмун ижтимоий фаолиятидаги ёрқин нуқталарга таянилган ҳолда теран таҳлилий хулосалар орқали очиб берилади.

    «Танланган асарлар»нинг 3-жилдидан олимнинг «Ўзбек эпик поэзияси тарихидан» ҳамда «Ўзбек адабиётшунослиги тарихи» номли иккита муҳим ва салмоқли тадқиқот-асари ўрин олган. Асарларнинг бирида ўзбек эпик поэзиясининг келиб чиқиш ва ривожланиш манбалари, унинг туркий, форс-тожик, ҳинд, араб халқлари ёзма адабиёти ҳамда халқ оғзаки ижоди билан муносабати, тараққиёт босқичлари ва шу жараёндаги ғоявий кураш каби масалалар борасида сўз юритилса, иккинчисида ўзбек адабиётшунослиги тарихи ишончли манбаълар, илмий далиллар асосида ёритиб берилади.

    Манба