Самарқанд давлат университети органик синтез ва биорганик кимё кафедраси докторанти Ғофир Ҳамидов Туркиянинг Афён Кожатепа университети профессори Ибраҳим Эрол илмий раҳбарлигида “Гидротермал усулда метакрилат асосидаги полимер нанокомпозитларни тайёрлаш ва биологик, термик хусусиятларни аниқлаш” мавзусида тадқиқот олиб бормоқда.

    Унинг 10 га яқин мақоласи АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Туркия каби давлатларнинг нуфузли журналлари ва конференция тўпламларида эълон қилинган. 6 мақоласи Scopus ва Web of Science базасига кирувчи журналларда нашр этилган. Турк тили бўйича халқаро С1 сертификатига эга.

    -  Туркиянинг Афён Кожатепа университетида тўққиз ойдан буён илмий тадқиқот олиб бормоқдаман, - дейди  Ғофур Ҳамидов. – Мавзу доирасида янги синтезланган кумуш (Ag) ва титан диоксид (TiО2) нано заррачали полимер композит синтезларини амалга оширдик. Соддароқ қилиб айтганда биз синтез қилган полимер пластиклар мева, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, тиббий идишлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга материал ҳисобланади. Яъни бошқа пластик идишларга қараганда антибактериал, антиконсер хусусиятига эга. Ўзида микроб ва бактерияларни сақланишига йўл қўймайди ва органик молекулаларни парчалайди. Турли хил вирусли касалликлар келиб чиқишини олдини олади. Тадқиқот натижасида 4 мақоламиз Scopus ва Web of Science базасида индексланди. Мазкур изланишларимиз ишлаб чиқариш учун жорий этилиши кутилмоқда…

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.