Ёввойи табиат турли-туман ғаройиботларга тўла. Ҳайвонлар ичида инсон ақлини ҳайратда қолдирадиган турлар талайгина. Шундай ғайриоддий организмлардан бири бу пашшалардир. Пашшалар деганда кўпчиликнинг хаёлига касалликларни тарқатувчи организмлар келсада, аслида улар орасида инсон ва табиат тучун фойдали турлари ҳам бор. Ер юзида пашшаларнинг 200 га яқин оиласи бўлиб, 150 мингдан ортиқ тури мавжуд. 

    Пашшалар орасида ўзига хос ўринга эга бўлганларидан бири Асилидлар яъни қароқчи пашшалар оиласи ҳисобланади. Ер юзида бу оиланинг 7000 тури учраши аниқланган. Улар ўз ўлжасини ҳавода ҳужум қилиб тутади. Шу сабабдан ҳам улар қароқчи пашшалар номини олган. Баъзан улар ўз ўлжаларини чалғитиш учун асалари ва ариларга тақлид қилишади. Бу пашшалар тажовузкорлигидан ташқари ебтўймаслиги билан ҳам ажралиб туради. Улар бир кунда ўз вазнидан 3-4 баробар кўп ва ўзи яшайдиган майдондаги бошқа йиртқич ҳашоратларга нисбатан 1-2 баробар ортиқ зараркунанда ҳашоратни истеъмол қилади. Бу пашшалар Ер юзининг Антарктидадан бошқа барча қитъаларида тарқалган. Одатда уларни ҳар қандай қуёш яхши тушадиган жойдан топиш мумкин. Қароқчи пашшалар иссиқни жуда яхши кўради.

    Бизнинг юртимизда учрайдиган қароқчи пашшалар ичида энг йириги бу Сатанас гигас ҳисобланиб, танасининг узунлиги 5 сантиметрга етади. Сатанас гигас лотин тилидан таржима қилинганда “Катта” маъносини англатади. Бу ном пашшанинг жуда йириклиги ва ўта тажовузкорлиги боис берилган. У ҳаётининг асосий вақтини ҳавода ўтказади, бир неча соатда бор йўғи 3-4 дақиқа дам олади.  Агар олдингиздан вертолётдек шиддат билан қандайдир ҳашорат учиб ўтсаю, бу ниначи бўлмаса, билингки, бу Сатанас гигас пашшасидир. Аммо бу ҳодисанинг эҳтимоли кам, чунки сўнги вақтларда мамлакатимизда бу пашшанинг камайиб кетган ва шу сабабли Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган.

 

Собитхон Маманов

Биокимё институти 2-босқич магистранти.