Дайкон-япон турпи сўнгги йилларда жаҳоннинг кўпчилик мамалакатларида кенг тарқалиб бормоқда. Ўзбекистон учун бу нисбатан янги сабзавот экинидир. У тезпишарлиги туфайли эртанги ва бошоқлилардан сўнг такрорий экин сифатида экилади.

    Япония дайкон турпи ватани ҳисобланиб, тахминларга кўра у хитойнинг лобо турпидан келиб чиққан.

    Дайкон илдизмевалари, асосан, кам коллорияли карбон сувлар манъбаи ҳисобланади. Қувват бериш қиймати жиҳатидан бодринг, помидор ва бошқа айрим сабзавотлардан устун туради.

    Дайкон илдизмевалари ўзида қанд, оқсил, минерал моддалар, юқори фаол фермент, тенги йўқ аминокислота, витамин, антиоксидант, фитонцид ва бошқа биологик фаол моддаларни сақлайди.

    Шифобахшлик ва парҳезлик ҳоссаси, таъмини юқори бўлишлиги дайконни асосий қийматини белгилайди. Унинг илдизмевлари серсув. Ёш барглари ва уруғ палла давридаги ўсимталари таомга ишлатилади. Дайкон илдизмеваларининг пюреси қўшимча сут ўсимликли озиқаларни тайёрлашда яхши қўшилма ҳисобланади.

    Дайкон илдизмевалари оғир металларни бошқа ўсимликларга нисбатан 2-4 марта кам тўплайди. Дайкон ўзининг биокимёвий таркибига кўра юқори шифобахшлик ва парҳезлик хусусиятларига эгадир. Дайкон жигар ва буйракларни “санитари” ҳисобланади. Жигар ва буйраклардаги тошларни барча сабзавотлардан фақат турп, дайкон ва ерқалампир (хрен) эрита олади. Аммо, турп ва ерқалампири  таркибида тахир юрак ва ошқозон-ичак шиллиқ пардалари фаолиятига салбий таъсир қилувчи аччиқ маза берувчи турп ёғи кўп бўлади, дайкон эса, бундай таъсирга эга эмас.

    Дайкон-С, В1, В2, РР витаминларининг манбаидир. У организмни турли хилдаги касалликлардан тозаланиши ва олдини олишга ёрдам берувчи кўп миқдордаги парҳез толаларни ўзида сақлайди.

    Дайкон кам коллорияли карбонсувлар манбаи бўлганлиги учун қанд (диабет) ва семириш касалликларидан қийналадиган шахсларга зарур озиқадир. У сийдик ва сафро ҳайдаш хусусиятига эга бўлиши билан бирга онкологик касалликлар ривожланишига тўсқинлик қилади. Шунингдек, шамоллаш касалликлари, безгак, камқонлик, мускул ва бўғинлардаги оғриқни даволашда ҳам фойдаланилади.

 

Баҳром Холмирзаев,

Самарқанд давлат университети

Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти доценти.