Самарқанд давлат университетида “Бул юрак доғиндадур” мавзусида маънавий-маърифий анжуман ўтказилди. Мазкур тадбир ёзувчи ва шоир, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Абдуманноп Эгамбердиев таваллудининг 95 йиллигига бағишланди. Маросимни Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Рустам Йўлдошев кириш сўзи билан очди.

    Анжуманда филология фанлари доктори Усмон Қобилов “Илм-маърифат ва ижодни англаш саодати”, доцент Собиржон Тоҳиров “Аъруз шеърияти туҳфаси”, БухДУ ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири Ҳусниддин Эшонқулов “Абдуманноп Эгамбердининг арузий шеърлари” номли маърузалари билан иштирок этди.

    - Таниқли олим, моҳир ёзувчи ва шоир Абдуманноп Эгамбердиевнинг  ҳаёт йўли, илму ижод ва миллат маърифати олдидаги беминнат хизматлари  эътиборга лойиқдир, - дейди СамДУ доценти Усмон Қобилов. – Олимнинг фаолияти дунё миқёсида олиб қаралганда ҳам мамлакатимиз маданияти тарихида ўчмас из қолдирган. У давлат арбоби, илм-фан фидойиси, моҳир педагог, бадиий ижод шайдоси бўлиб тарихга кирди. Маълумки, бадиий адабиёт ривожида фақат соҳа вакиллари эмас, балки турли жабҳаларда фаолият кўрсатаётган шахслар тажрибалари ҳам муҳим ўрин тутади. Бу тажриба жаҳон адабиётида ҳам, миллий адабиётларда ҳам кузатиладиган ҳодисадир ва гоҳо шундай сиймолар, яратган асарлар адабий жараён манзааларини ҳам белгилаб беради. Ўзбек илм-фани ва адабиёти тарихида ҳам шундай шахслар кўплаб учрайди. Улардан бири олим ва ижодкор Абдуманноп Эгамберди бўлиб, у илм-фан билан машҳурлик сари қадам ташламаган даврларидаёқ, бадиий ижод, шеъриятга меҳр кўрсатган…

    Анжуманда Абдуманноп Эгамбердиевнинг фарзанди, Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев ҳам онлайн иштирок этиб, отаси ҳақидаги хотираларини улашди.

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати.

    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.