Деҳқон ва миришкорларимиз эрта баҳорда тупроқни экишга тайёрлаш учун жойнинг тупроқ ва иқлим шароитлари ҳисобга олган ҳолда қуйидаги агротехнологик ишларни ўтказишлари мақсадга мувофиқ. Тупроғи шўрланмаган, бегона ўтлардан тоза, шудгорнинг ижобий хусусиятлари сақланиб қолган майдонларда борона ва мола биргаликда ишлатилиб, ер чигит экишга ҳозирлик кўрилади. Дала бегона ўтлар билан ифлосланган бўлса 6-8 сантиметр чуқурликда культивация ёки 10-12 сантиметр чуқурликда чизеллаб, кейин борона ва мола қилиниб тупроқ экишга тайёрланади. Заҳира суви берилган ёки сифатсиз шудгорланган майдонларда 16-18 сантиметр чуқурликда чизель, борон ава мола юритилиб экилади.  Шўри ювилган тупроқларда тупроқнинг етилиш чуқурлигигача чизель қилиниб, кейин борона-мола қилиб экилади. Механик таркиби оғир бўлган тупроқларда чизеллашни 1-2 марта такрорлаши мумкин. Агар дала бегона ўтлар билан кучли ифлосланган бўлса ағдаргичи олиб ташланган плуг билан 16-18 сантиметр чуқурликда ҳайдалиб, кейин борона-мола юритилиб экиш тавсия этилади.

 

Мингжигит Абдурахимов

Самарқанд давлат университети

тупроқшунослик ва агротехнологиялар кафедраси профессори.