Бахтиёр Хўжаёров - Самарқанд давлат университети математик моделлаштириш кафедраси мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби. Олимнинг 100 дан зиёд мақоласи халқаро журнал ва конференция тўпламларида нашр этилган. 47 мақоласи Scopus базасига кирувчи журналларда эълон қилинган. h индекси 8. 

    8 монография ва 1 ўқув қўлланма муаллифи. Асосий илмий йўналиши аномал суюқликларнинг ва моддаларнинг биржинслимас ғовак муҳитларда сизиши ва кўчиши математик моделларини такомиллаштириш ва сонли тадқиқ қилиш масалаларига қаратилган.

    Бахтиёр Хўжаёров раҳбарлигида 3 фан доктори, 16 фан номзоди ва PhD  лар тайёрланган. Илмий ишлари натижалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон республикаларидаги нефть ва газ конларида кенг қўлланилган, катта иқтисодий ва технологик самара олинган. У Турк дунёси математиклари жамиятининг бошқарув Кенгаши аъзосидир.

    Олим Германия, Франция, Швейцария, Италия, Испания, Туркия, Малайзия мамлакатларида илмий сафарларда бўлган. Франциянинг Гренобл университетида 1,5 йил давомида ишлаган. Франция ташқи ишлар вазирлиги ва НАТО илмий грантларини олган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон республикасининг илмий грантлари асосида тадқиқотлар олиб бормоқда. Ҳозирда FZ -2020092877 фундаментал илмий гранти раҳбаридир.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.