Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ташаббуси билан 2022 йилда Самарқанд Туркология мактаби қайта тикланган эди.

    СамДУ Туркология илмий тадиқот институти олимлари томонидан фан ҳамда тадқиқотларга қўшилаётган ҳисса дунё туркология марказларида эътироф этилмоқда.

    Яқинда қардош Туркия Республикасининг Истанбул университети ҳузуридаги машҳур Туркология институти томонидан таниқли турколог-олим, СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори Жўлибой Элтазаровга бу илмий марказда 1925 йилдан бери нашр этилиб келаётган ''Türkiyat Mecmuası'' (“Туркология Журналиʼʼ) “Таҳририят ҳайъати аъзоси” сифатида ушбу обрўли илмий нашрнинг фаолиятига таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида ҳамкорлик қилиш хусусида таклиф келди.

    Жўлибой Элтазаров туркология, ўзбек тилшунослиги, Турк Дунёси тадқиқотлари соҳаларига доир 20 китоб, дарслик ва монографиялар ва 200 дан зиёд мақолаларнинг муаллифи. Кейинги йилларда у турк ва жаҳон илмий нашрларида туркологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган 20 дан ортиқ мақолалари турли тилларда эълон қилинган. Самарқандлик олим ана шу хизматлари учун ''Türkiyat Mecmuası''нинг таҳрир ҳайъати аъзолигига муносиб кўрилди.

    “Улуғ Отатуркнинг ташаббуси билан ташкил этилган Истанбул университети ҳузуридаги Туркология институтининг ''Türkiyat Mecmuası'' журнали таҳрир ҳайъати аъзоси бўлиш мамлакатимиз ҳамда Самарқанд давлат университетидаги туркология тадқиқотларига берилган юксак баҳо сифатида қабул қиламан ҳамда бу табаррук илмий нашрнинг фаолиятида фаол иштирок этиш учун бутун куч-ғайратларимни сарфлайман”, деб ёзди Жўлибой Элтазаров ўзининг жавоб мактубида.

    Эслатиб ўтамиз, профессор Жўлибой Элтазаров 2020 йилдан бери Türk Dil Kurumu (“Туркия Тил академияси”) мухбир аъзосидир ва олим 2023 йилда TurkSOY тарафидан халқаро Чингиз Айтматов медали билан тақдирланган эди.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.