туфайли юртимиз талаба ва ўқувчилари ҳамда уларнинг устозлари оғир меҳнатдан қутулди, куз ойларида ҳам мактаб ва олийгоҳлар фарзандларимизнинг қувноқ кулгуларига тўлди.

    2024 йилнинг 1 феврали Ўзбекистон тарихига таълим тизими ривожидаги туб бурилиш даври сифатида кирди, десак адашмаймиз. Чунки шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги ўта муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунини имзолади. Ушбу ҳужжат мамлакат келажаги ҳақидаги чинакам ғамхўрликнинг ва таълим давлат тараққиёти стратегиясида ҳал қилувчи ўринни эгаллашининг ёрқин ифодасидир.

    Яшириб не қилдик, авваллари ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа ижтимоий соҳа вакиллари ўз касбий фаолияти, ўқувчи ва талабалар ўқиш билан шуғулланмай, бутун куз фасли давомида пахта теримига жалб этилар эди. Куз бошланиши билан профессор-ўқитувчи ва талабалар ёппасига пахта теримига қувиб солинар, оғир шароитларда кеч кузга қадар даладан қайтмас эди. Устига-устак, ҳали мактабларда ўқийдиган мурғак болакайлар ҳам шу оғир юмушга жалб этилар, таълим бериш сифати, ёшларнинг соғлом бўлиб улғайиши масаласи ҳеч кимнинг эсига келмас эди. Юрт келажаги, шу орқали унинг хавфсизлигига рахна солувчи бундай хатти-ҳаракат собиқ шўролар тузумининг сарқити бўлиб, 70 йилдан зиёд вақт мобайнида бунга чек қўйишга ҳеч кимнинг журъати етмади. Хайриятки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси туфайли юртимиз талаба ва ўқувчилари ҳамда уларнинг устозлари оғир меҳнатдан қутулди, куз ойларида ҳам мактаб ва олийгоҳлар фарзандларимизнинг қувноқ кулгуларига тўлди.

    Дарҳақиқат, мамлакатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли қисқа вақт ичида шундай муҳим натижаларга эришилди. Замонавий, ҳар томонлама тараққий этган Янги Ўзбекистонни барпо этиш замирида ана шу аниқ мақсад ва истиқболли сиёсат мужассам. Бугун ҳар бир ислоҳот ва янгиланишдан асосий мақсад жамият фаровонлиги ва фуқаролар манфаатларига қаратилган. Жамиятнинг юксалиши, келгусида турли соҳаларда етакчилик қила оладиган шахс ва мутахассисларни камол топтириш кўп жиҳатдан устозлар ва уларнинг меҳнатига боғлиқ. Кейинги йилларда юртимизда ўқитувчилик касбининг мавқеини оширишга қаттиқ киришилди. Номи юқорида зикр этилган янги қонуннинг асосий мақсади педагогларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, улар меҳнатига адолатли ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойилларини белгилашдан иборат. Мазкур ҳужжат нафақат таълим соҳасида янги қоидаларни жорий этади, балки ўқитувчиларнинг янада самарали фаолият юритиши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратади.

    Педагогларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини эътироф этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қонуннинг муҳим жиҳатларидандир. Унда ўқитувчиларнинг келажак авлодни шакллантиришдаги ўрни муҳимлиги эътироф этилгани, шубҳасиз, ўқитувчиларнинг жамият олдидаги обрў-эътибори ва мавқеини юксалтиришга хизмат қилади. Сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кўпайгани, устама тўловлар жорий этилгани, ўқув юкламалари таълим стандартларининг юқори талаблари асосида оптималлаштирилгани инкор этиб бўлмайдиган муваффақиятдир. Бу чора-тадбирлар нафақат педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, балки мамлакатимизда таълим сифатини оширишга қаратилган. Мазкур қонун нафақат мамлакатимиз таълим тизими учун юксак талабларни белгилаб қўйгани, балки таълим соҳаси бўйича ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши билан янада аҳамиятли. Унинг қабул қилиниши таълимни янги босқичга кўтаради, бунда ўқитувчиларнинг касбий ва меҳнат ҳуқуқлари алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигидан келиб чиққан ҳолда, мазкур қонун педагогларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг касбий фаолиятига аралашишдан ҳимоя қилишни ҳам кафолатлайди. Эндиликда ўқувчиларнинг, талабаларнинг билимини тўғри баҳолашга таъсир ўтказиш, шунингдек, уларнинг ўқув жараёнига аралашиш тақиқланади. Иш берувчилар ўқитувчиларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, масалан, ободонлаштириш ёки қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қила олмайди. Энг муҳими, қонун ўқитувчиларни ҳисоботлар тузиш ва касбий мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган маълумотларни тақдим этиш талабидан ҳимоя қилади. Қонунда ўқитувчиларни ўзларининг розилигисиз товар ва хизматлар сотиб олишга мажбурлаш, уларнинг маошидан ушбу товар ва хизматлар учун маблағларни ушлаб қолишга йўл қўйилмаслиги аниқ таькидланган.

    Таълимни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ўқитувчиларни ўқув қуроллари, бошланғич ўқув материаллари билан давлат ҳисобидан таъминлайди. Булар таълимнинг юқори савиясини таъминлаш, педагоглар меҳнатини енгиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлардир. Қонунда ўқитувчиларни сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларга жалб қилиш имконияти ҳам кўзда тутилган. Бироқ, бу фақат уларнинг розилиги, тузилган шартнома ва қўшимча ҳақ эвазига содир бўлади. Бу уларнинг касбий вақтини ҳурмат қилиш, муҳим жамоат ишларида онгли равишда иштирок этиши нинг ёрқин намунасидир. Педагогнинг меҳнат фаолиятига маъмурий мажбурлашнинг ҳар қандай шакллари, шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишини алоҳида таъкидлаш жуда муҳим. Умуман, “Педагоглар мақоми тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, ота-онадек мўътабар устозларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва уларнинг жамиятдаги ўрни муҳимлигини эътироф этиш истагининг тасдиғидир. Мазкур қонунни, ҳеч иккиланмасдан, таълимга сармоя киритиш, етук шахсларни тайёрлаш ва чинакамига илмли инсонлар жамиятини барпо этиш орқали Ўзбекистоннинг келажакда гуллаб-яшнашига пойдевор бўладиган илғор ҳаракат, деб ҳисоблаймиз.

 

Мавлон БОБОХОНОВ,

Шароф Рашидов номидаги

Самарқанд давлат университети

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бошқармаси бошлиғи.