Давлат Камолиддинов - Самарқанд давлат университети математика факультети магистранти. Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендия соҳиби. Қорақалпоғистонда ўтказилган Бутунжаҳон II халқаро ал-Хоразмий номидаги математика фан олимпиадасида 30 мамлакатдан иштирок этган 372 нафар талаба орасида биринчи ўринни қўлга киритиб, олтин медалга сазовор бўлган. Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказилган халқаро «ОМОУС-2023» математика фан олимпиадасида кумуш медаль соҳиби.

    Малайзия билан ҳамкорликда ташкил этилган онлайн фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллаган. Бундан ташқари Қори Ниёзий номидаги математика фан олимпиадасида 2 маротаба 1-ўрин соҳиби бўлган.

    Айни вақтда Самарқанд давлат университети математик анализ кафедраси мудири, доцент Ғофуржон Ҳасанов раҳбарлигида “Буралишга эга эгри чизиқлар ва уларнинг татбиқлари” мавзусида изланишлар олиб бормоқда. Ўндан ортиқ мақоласи халқаро ва республика журналларида эълон қилинган.

    - Математика ўсиб келаётган ёш авлодни камол топтиришда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, математика тафаккурни кенгайтириш, ақлни чархлаш, мантиқий хулосалар чиқариш, равон фикр юритиш, мулоҳазаларни шакллантириш, кўникмаларни ҳосил қилишда муҳим омил ҳисобланади, - дейди Давлат Камолиддинов. - Математика ҳар қандай фан билан узвий боғлиқ. Ҳаётимизни математикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Математикани яхши билган, ўрганган киши ҳаётда ўз ўрнини тезроқ топади. Математик тафаккур ўқувчиларни ўйлаш, фикр юритишга йўллайди, уларда салбий хислатлардан сақланиш, яхши одатларни ўрганишга бўлган интилиш ва қизиқишларни оширади. Айниқса, ўз хатти-ҳаракатларини баҳолашга бўлган интилишлари ва ишонч, эътиқодлари шаклланади. Математикани ўрганиш ўқувчиларнинг ўз она тилларида хатосиз сўзлаш, фикрини аниқ, равшан ва лўнда қилиб баён эта билиш малакаларини ўзлаштиришларига ёрдам беради. Математикадан мисол ва масалалар ечиш орқали уларда сабр қаноатга, меҳнатга, мулоҳазали, оғир- вазмин каби хусусиятларга эга бўлишга ундайди. Математика баъзи бир муҳим ақлий фазилатларни ривожлантиришга имкон беради. Шунингдек, ушбу фан фикрлаш имкониятларини яхшилайди, диққатни жамлаш қобилияти ва фикрлаш тезлигини оширади. Математикани яхши ўзлаштирган ўқувчининг таҳлилий ва мантиқий фикрлаш даражаси юқори бўлади. У нафақат мисол ва масалалар ечишда, балки ҳаётдаги турли вазиятларда ҳам тезкорлик билан қарор қабул қилиш, муҳокама ва музокара олиб бориш, ишларни босқичма-босқич бажариш қобилиятларини ўзида шакллантиради.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.