Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, “Дўстлик” ордени соҳиби Алишер Мардиев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими  раиси Шуҳрат Негматовлар йиғилганларни янги институтнинг очилиш маросими билан табриклади…

    Дастлаб  вилоятдаги меҳнат фахрийлари Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтини кўздан кечирди. Шундан сўнг СамДУ Биокимё институтида янгидан қад кўтарган маърузалар зали, оранжерия, виварий ҳамда молекуляр биотехнология ва замонавий ботаник тадқиқотлар илмий лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишди.

    - СамДУ Биокимё институти Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги байрами олдидан университет жамоасига муносиб совға бўлди, - дейди профессор Рустам Холмуродов. - Ушбу институтнинг асосий вазифаси илмий тадқиқот олиб бориш билан бирга талабаларга сифатли таълим бериш ҳисобланади. Бу кампусни бутунлай янгиладик, замонавий лабораториялар ташкил қилдик, айрим лаборатория жиҳозлари нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёда мавжуд эмас. Эндиликда ўқиш ҳам ўқитиш ҳам шунга монанд бўлиши керак. Профессор-ўқитувчилар ҳам талабаларимиз ҳам  ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Барчамизнинг олдимизда фақат бир мақсад турибди. У ҳам бўлса сифатли таълим бериш. Бунинг учун барча имкониятлар яратилган...

    - Самарқанд давлат университетида, кейинги йилларда ректор Рустам Холмуродов раҳбарлигида олиб борилаётган улкан ишлардан хабардорман, -дейди таниқли ҳуқуқшунос Алишер Мардиев. - СамДУ да ўтказилаётган халқаро анжуманлар, профессор-ўқитувчилар эришаётган ютуқлар, катта бунёдкорлик ишлари ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди. Бугун мен мутлақо янги СамДУ ни кашф этдим десам, муболаға қилмаган бўламан. Муҳандислик физикаси, Биокимё институтлари муҳташам биноларини кўриб ҳайратландим. Худди жаҳоннинг энг ривожланган давлатларидаги таълим даргоҳига бориб қолгандай  бўлдим. Мана қилса бўлар экан. Яратса бўлар экан.  Президентимиз Шавкат Мирзиёев бежизга Самарқанд давлат университетига ташриф буюрмади. Университетда жуда катта ўзгаришлар рўй берган, ажойиб илмий муҳит шаклланган. Ушбу яратилган имкониятлар бизнинг келажагимизни белгилайди. Бу ерда ишлайдиган илмий жамоага, ректор Рустам Холмуродовга  ўз миннатдирлигимни билдираман…

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.