Венгриянинг Ботаника ва экология институти ҳамда Сегед университетининг бир гуруҳ олимлари СамДУ га ташриф буюрган эди. Сафар давомида икки давлат олимлари томонидан замонавий тадқиқотларга старт берилди. Инқирозга учраган яйловларни тиклашга қаратилган янгича услуб ва ёндашувдаги тадқиқотларни амалга ошириш бошланди.

    Бунда яйловларнинг ўзини ўзи қайта тиклаш имкониятларини аниқлаш мақсадида тупроқ уруғ заҳираси ва уларнинг унувчанлиги устида илк тадқиқотлар олиб борилди.  Дала тадқиқотлари Навоий вилояти ҳудудидаги Қизилқум чўли қумли яйловларида бир ҳафта давомида амалга оширилди ва қимматли илмий материаллар ва маълумотлар тўпланди.

    Ушбу тадқиқотларга Венгрия томонидан Ботаника ва экология институти Экологик тадқиқотлар маркази раҳбари Орсоля Валко ва СамДУ томонидан Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлот Ражабовлар раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, мазкур дала экспедициясида Ботаника ва экология институти профессори Балазс Деак, катта илмий ходимлар Андрас Kelemen, Река Kiss, ва кичик илмий ходим Katalin Лукасс ҳамда Сегед университети профессорлари Csaba Тўлгеси ва Золтан Батор, СамДУ тадқиқотчиси ва Сегед университетининг докторанти Абдубакир Қўшбоқовлар иштирок этди.

    Эслатиб ўтамиз, мазкур тадқиқотлар ҳозирда Сегед университетида докторантурада таҳсил олаётган СамДУ тадқиқотчиси Абдубакир Қўшбоқовнинг диссертация иши доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур тадқиқотлар кейинги 3 йил мобайнида давом эттирилади. Маълумот учун, Сегед университети рейтинги бўйича Венгрияда 2-ўринни ва дунёда 587-ўринни эгаллайди.    

    Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон яйловларининг тупроқ таркибидаги уруғ заҳирасини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар илгари амалга оширилмаган. Бугунги кунда мамлакатимизда инқирозга учраган яйловлар катта майдонларни эгаллаганлигини инобатга олсак, ушбу тадқиқот натижалари яйловларни қайта тиклашнинг самарали ва барқарор усулларини ишлаб чиқишда катта имконият яратади.

    Шунингдек, венгриялик олимлар билан ҳамкорликда нуфузли халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этилади.

    Қизилқум чўли яйловларидан тўпланган дала материаллари асосида тупроқ таркибидаги уруғларни ажратиб олиш ва уларнинг унувчанлигини аниқлаш бўйича Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти иқтидорли талабалари учун лаборатория шароитида маҳорат дарслари ўтказилди. Талабалар томонидан тадқиқотларни амалга ошириш ва унда иштирок этишга катта қизиқиш билдирилди. 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.