Самарқанд давлат университети Биокимё, Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институтлари, география ва экология, интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети 2-курс иқтидорли талабалари ва уларнинг ота-оналари учун учрашув бўлиб ўтди.

    Ота-оналар дастлаб Самарқанд давлат университети фаолияти билан танишиб, яратилган шароитларни кўздан кечирди. Фарзандлари таҳсил олаётган институт ва факультетларда бўлиб, дарс жараёнларда иштирок этишди.

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ғояси асосида яратилган фильм ота-оналар эътиборига ҳавола қилинди. Фильмда оддий оиладан чиқиб, билим, таълим олиш орқали юқори натижаларга эришган қаҳрамонларнинг ҳаёт йўли акс эттирилган.  

    Самарқанд давлат университети биринчи проректорлари Аҳмаджон Солиев ва Рустам Йўлдошевлар сўзга чиқиб, ота-оналар билан мулоқот қилди.

    - Жиззах вилоятидан келдим. Неварам Лайлохон СамДУ Биокимё институтида ўқийди, - дейди Маъмур Мирзақулов. – Мазкур университетга биринчи марта келишим. Ҳозирги талабаларга ҳавасим келди. Наҳотки, шундай ҳашаматли биноларда ўқиса, замонавий лабораторияларда тадқиқотлар олиб борса? Жуда ҳам хурсандман. Ушбу шароитларни яратиб бергани учун Президентимиз миннатдорман.

    - Мен ҳам Самарқанд давлат университети филология факультетини битирганман. Неварам Севинч география ва экология факультетида ўқийди, - дейди Асқар Тўхтамуродов. – Узоқ йиллар мактабда ишладим. Неварам ҳам менга ўхшаб ўқитувчи бўлиш илинжида, бундан хурсандман. Ота-оналар йиғилиши биз учун манфаатли бўлди. Фарзандларимизнинг ўқиши фақат университетга эмас, балки биз учун янада муҳимроқ. Давлат болаларимизнинг ўқиши учун барча имкониятларни яратиб берган. Фарзандларимизнинг ўқиши ва изланиши учун биз масъулият билан ёндашишимиз лозим…

    - Бухоро вилоятидан келдим. Ўғлим СамДУ Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институтида ўқийди, - дейди Баҳодир Аҳмедов. - Ўғлим Аҳмаджоннинг иқтидорли гуруҳда ўқиши мени хурсанд қилди. Университет шароитлари билан танишиб, кўзим қувонди. Биз ўқиган даврда бундай имкониятлар бўлмаган. Йўл узоқ, Бухорода ўқисанг бўлар эди, деб кўп таъкидлаганман. Бугун шароитларни кўриб, фарзандим тўғри танлов қилганига амин бўлдим. Йиғилишда фильм намойиш этилди.  Фильм иштирокчиларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова ўз ҳаётини, бошидан кечган қийинчиликлари ва эришган ютуқларини гапириб берганида роса таъсирландим. Муҳаббат опа ҳам СамДУ ни битириб, бугун Ўзбекистондаги энг олий унвонга сазовор бўлиб турибди. Бизнинг фарзандларга ҳам эл ардоғида бўлиш насиб қилсин.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.