Мамлакатимиз бўйлаб 8 март хотин-қизлар байрами кенг нишонланаётган шу кунларда сизлар билан учрашиб турганимдан, байрам билан муборакбод этаётганлигимдан мамнунман.

Хотин-қизлар байрами ҳаммамиз учун қадрли ва азиздир. Чунки аёлларимизсиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Сизлар борсизки, умримизни ҳар бир куни гўзал, фарахбахш. Сиз борсизки, жамиятнинг ҳар бир бўғинида нафосат бор, меҳр бор, муҳаббат бор, эзгулик бор.

Инсон зоти ўзини дунёга келтирган, улғайтирган, жонидан жон, қонидан қон берган Оналар олдида бош эгиб таъзим қилиши керак.

Айниқса, ўзбек онаси деган шарафли номга сазовор бўлган азиз опа-сингилларимизни, муҳтарама аёлларимизни бир қўли билан бешик тебратиб, бир қўли билан дунёни тебратиш маҳоратларига, жасоратларига тан бермасликни иложи йўқ.

Бугун бу ерга Самарқанд заминининг энг зиёли, энг оқила, олима аёллари ташриф буюрган.

Самарқанд давлат университетининг шонли тарихини, бугунги кунларини ёруғ келажагини Сиз олима аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Бугунги кунда Самарқанд давлат университетида 242 нафар аёл профессор-ўқитувчиларни фаолият кўрсатаётганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир. Фахр-ифтихор билан шуни таъкидламоқчиманки, уларни 132 нафари илмий даражага эга. Аёл олималаримиз орасида фан доктори, профессорлар, фан номзоди, доцентлар, шунингдек фалсафа фанлари бўйича докторлар бор.

Биргина 2023 йилнинг январидан 2024 йил мартигача 36 нафар аёл фалсафа докторлиги ва 1 фан нафари докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.

СамДУ нинг олима аёлларидан 52 нафарини Scopus базасига кирувчи журналларда мақоласи эълон қилинганлиги жуда катта, қийин меҳнатнинг самарасидир. Шу ўринда олима аёлларимиз нафақат илм-фаннинг, балки оила, рўзғор деб аталмиш машаққатларини ҳам ўз зиммасига олаётганликларини алоҳида таъкидлашни истардим.

Олима аёлларнинг сафи кенгайиши мамлакатни янада юксалишидан, илм-маърифатли авлодлар етишиб чиқишидан далолатдир. Шу ўринда турли даражадаги раҳбарлар, эркакларимиз, йигитлар кўпроқ масъулиятни, машаққатни ўз зиммаларига олсалар аёлларни юкини камайтирсалар янада яхши бўлар эди, деб ўйлайман.

Бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг таянч докторантларини 182 нафарини хотин-қизлар ташкил этаётганлиги қувонарли ҳодисадир. Уларни сонини янада ошириш борасида ҳаракатларни кучайтиришимиз керак.

Чет тилларини яхши биладиган, замонавий технологияларни чуқур ўзлаштириб олган бугунги кун аёли олдида дунё бир қадамдир. Буни қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди.

30 га яқин аёл ўқитувчиларимиз ва 20 га яқин талаба қизларимиз хорижий университетларда стажировка ўташди, халқаро танлов ва лойиҳаларда иштирок этишди.

Бугун университетда таҳсил олаётган 20322 нафар талаба ва магистрантларнинг 11217 нафарини яъни 55,2 фоизини қизлар ташкил этади. Улар орасида бакалавриат 20 нафар, магистратурада эса 4 нафар талаба қиз Президент ва давлат стипендиантлари соҳиби бўлди.

Талаба қизларимиз нафақат гуманитар фанлар, балки аниқ фанлар бўйича ҳам катта натижаларга эришаётганлигини алоҳида таъкидлашни истайман. Муҳандислик физикаси институти талабалари Озода Инаятулло ва Нафиса Раҳмоновалар стратосферага ультразамонавий наносунъий йўлдош учирганини жуда катта воқеа сифатида эътироф этмоқчиман.

Хотин-қиз ўқитувчи ва талабалар орасида давлат мукофоти совриндори, жаҳон ва Осиё чемпионлари, халқаро мукофотга эга бўлганлар ҳам бор. Жаҳон тарихи кафедраси мудири Шоҳиста Ҳамроқулова ва фалсафа кафедраси доценти Маҳбуба Эргашовалар «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. Диффиренциал тенгламалар кафедраси докторанти Умида Жўраева ва филология факультети талабаси Маҳбуба Халиловалар Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби бўлишган. Педагогика таълими факультети талабаси Нилуфар Полвонова қўл жанги бўйича, Навбаҳор Ҳамидова эса бокс бўйича Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлса, Сарвиноз Ҳусанова - дзюдо, Маржона Авазова эса қўл кураши бўйича Осиё чемпиони бўлишган. Мусиқа таълими йўналиши талабаси Диёра Жафарова «Ниҳол» мукофотини қўлга киритган.

Олима аёлларимизнинг заҳматли меҳнатлари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганлиги ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Самарқанд давлат университети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти Лейла Белялова BBC томонидан эълон қилинган “Дунёнинг нуфузли 100 аёли” рўйхатига киритилган.

Азиз аёлларимиз сизларни қанча қадрласак, эъзозласак, ҳурмат кўрсатсак, шунча кам. Мен Сизлар орқали бутун Ўзбекистон аёлларини чин қалбимдан табриклайман. Сизларга бахт ва омад, меҳр-муҳаббат тилайман. Юзингиздан табассум аримасин. Сиз борсизки, бу ҳаёт бор. Байрамингиз муборак бўлсин!