Гидропоника - ўсимликни тупроқсиз, сувли муҳитда ўстириш усули ҳисобланади. Ушбу усулдан самарали фойдаланиш йўлларининг жорий этилиши 1800 йилларга бориб тақалади. Сўнгги пайтларда чорвачилик, паррандачилик соҳаларида яшил массали ем-хашакка бўлган талабни қисман қондиришнинг қулай усулларидан бири- гидропоника усули ҳисобланади.  Гидропоника усулида озуқа манбааси сифатида кўп қўлланиладиган маккажўхори, арпа, жўхори, жавдар, ва тритикале кабиларнинг яшил массасини етиштириш мумкин. Яшил масса кўпчилик қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун асосий серсув, озуқавийлик қиймати юқори бўлган озиқа рациони ҳисобланади. Гидропоника усулида етиштириладиган яшил массали озуқалар С, E, К ва B гуруҳи витаминларининг манбаи бўлиб хизмат қилади. Улар айниқса рибофлавин ва каротинга бой. Яшил озуқа таркибида эстрогеник моддалар мавжуд бўлиб, улар жинсий рефлексларнинг намоён бўлишига ёрдам беради, ҳайвонлар организмида репродуктив хусусиятларини оширади, сут маҳсулдорлиги ва тирик вазннинг ошишини таъминлайди.

    Гидропоника усулида етиштирилган озуқаларнинг озуқавий қиймати донли экинлар дони ва яшил ем-хашакдан кам эмас, айниқса маҳаллий буғдойни гидропоника усулида 7 кун мобайнида ўстириб, олинган гидропоник яшил буғдой билан товуқлар озуқа рациони бойитилганда, унинг умумий озуқавий қиймати 13,4 фоизга, таркибидаги кальций 34 фозига ошади. Шунингдек, ўзининг хоссалари ва хусусиятларига кўра гидропоника усулида етиштирилган озуқалар ферментлар фаоллигини ошириши, ҳазм қилиш тизимининг мотор функциясини ва ҳазм ширасининг секрециясини ошириши каби хусусиятлари билан алоҳида аҳамиятга эга.

    Гидропоника усули қуйидаги афзалликларга эга.

    Истиқболли ва камхаражат бўлган гидропоник озуқалардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини сифатли табиий озуқа захирасини бойитишни, ва тўйимли рацион билан озиқлантирилишини таъминлайди. Гидропоника усулида озуқа етиштириш тупроқли муҳитни талаб қилмайди. Шунинг учун ер майдонини тежаш имконини беради.  Олинган гидропоник озуқалар паррандачилик фермаларига рационни бойитиш учун етказиб берилади, натижада ҳар йили импорт қилинадиган озуқага сарфланадиган маблағ тежалади. Гидропоника усулида етиштириладиган озуқалар 7-8 кунда фойдаланишга тайёр бўлади. Етиштириш шароити ва тайёр бўлиши кам вақт талаб қилганлиги учун парвалишлаш нисбатан осон. Бир килограмм буғдойни етти кун давомида етиштириш учун икки литр сув сарфланади, бу эса сувни тежаш имконини беради. Тупроқсиз муҳитда ўстирилганлиги учун тупроқни бойитишга ва турли касалликлага қарши қўлланиладиган кимёвий воситалар ҳамда жараёнлардан воз кечилади, уларга сарфланадиган маблағ тежалади. Турли кимёвий воситалардан ҳамда ердан фойдаланилмаганлиги сабабли тупроқ ифлосланишининг олди олинади, экологик тоза маҳсулот етиштирилади.

    Гидропоника усулида етиштирилган озуқаларни йилнинг 4 фаслида ҳам етиштириш, узоқ муддат сақлаш, етиштирилган озуқалардан нафақат паррандачиликда, балки қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари жумладан, балиқчилик, беданачилик ва чорвачиликда ҳам фойдаланиш мумкин.

 

Муниса Абдисаломова

Самарқанд давлат университети

одам ва ҳайвонлар физиологияси ва биокимё кафедраси докторанти.