Самарқанд давлат университети оптика ва спектроскопия кафедраси ўқитувчиси Ўткир Холиқулов “Аминокислоталар ва уларнинг эритмаларидаги молекулалараро таъсирларнинг тебраниш спектрларида намоён бўлиши” мавзусида тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари СамДУ Муҳандислик физикаси институти профессори Абдувоҳид Жумабоев.

    Ўткир Холиқуловнинг 30 га яқин мақоласи Германия, АҚШ, Россия, Нидерландия, Саудия Арабистони, Украина каби давлатларнинг халқаро журналлари ва конференция тўпламларида эълон қилинган. Scopus ва Web of Science базасига кирувчи журналларда 6 мақоласи нашр қилинган. Ҳаммуалифликда бир ўқув ва уч услубий қўлланмаси чоп этилган.

    Ўткир Холиқулов ЭРАСМУС нинг «ИНМАСОМ» халқаро гранти, “Биологик объектларнинг наноўлчамли молекуляр кластерларини ўрганиш ва татбиқ қилишнниг спектроскопик ҳамда ноэмпирик таҳлил усулларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳа ва “Органик бўёқлар билан модификацияланган галоид перовскит квант нуқталарини синтез қилиш ва оптик хусусиятларини тадқиқ этиш” бўйича амалий лойиҳа иштирокчиси. Шунингдек, Муҳандислик физикаси институтидаги молекуляр спектроскопия илмий лабораторияси мудири.

    У жорий йилнинг 14 февраль санасида физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

    Ёш олимнинг тадқиқоти суюқ эритмалардаги молекуляр комплексларнинг ҳосил бўлиш механизми ва улардаги молекулалараро таъсирларнинг спектрал намоён бўлишини ўрганишга қаратилган. Бу тадқиқот асосида фармасевтика ва озиқ-овқат саноатида муҳим роль ўйнайдиган биологик объектларнинг спектрал хоссалари ўрганилди. Тадқиқотга оид 3 мақоласи Scopus ва Web of Science базасига кирувчи журналларда нашр этилди.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.