Ушбу жонзотнинг гўшти ўзининг кимёвий, морфо-биокимёвий ва технологик сифатлари, биологик қиймати билан бошқа ҳайвонлар гўштидан устунлик қилади. Бугунги кунда унинг 90 га яқин зотлари бўлиб, улардан гўшт ва мўйна етиштириш мақсадида фойдаланилади

    Унинг гўшти истеъмол қилинганида таркибидаги оқсилнинг 90 фоизи организм томонидан ўзлаштирилса, қорамол гўштида эса бу кўрсаткич 62 фоизни ташкил қилади. Биз сизга тасвирлаётган, яъни қуён гўшти парҳез маҳсулоти сифатида биринчи ўринда туради. Чунки, унинг таркибида минимал даражадаги холестирин мавжуд.

    Уни мунтазам истеъмол қилиш тери ва шиллиқ қаватларнинг ҳолатига ижобий таъсир этади. Қуён гўшти кексалар, болалар ҳатто эмизикли оналар истеъмоли учун ҳам тавсия этилади.

    Ушбу озуқа таркибида биологик тўйимли ва энергетик моддалардан тўлақонли енгил ҳазм бўлувчи оқсиллар (19 хил алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар), ёғлар (асосан тўйинмаган ёғ кислоталари), бир қатор биологик фаол моддалар, витаминлар (B витаминлари комплекси), темир, фосфор, кобальт, марганец, фтор, калий ҳамда бошқа минералларга бой бўлиб, таркиби жиҳатдан қолган ҳайвонлар гўштига нисбатан юқори ўринларда туради. Шунингдек, қуён гўштида натрийли тузлар кам миқдорда учрайди.

    Гўштнинг таркибидаги менирал моддалар организмнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарурдир. Улар суякларни мустаҳкамлайди ва тананинг табиий функцияларини бошқарадиган ҳужайралар ишини тартибга солади.

    Организмдаги темир танқислиги, анемия, сурункали чарчоқ ва қизил қон таначаларининг етарли даражада ишлаб чиқарилмаслиги каби муаммоларни олдини олиш учун қуён гўштини истеъмол қилиш тавсия этилади.

    Қуён гўшти аллергия чақирмайди. У кўплаб касалликлар, жумладан диабет ёки ошқозон-ичак муаммолари бор инсонлар, болалар ва кекса ёшдагилар учун энг керакли маҳсулот ҳисобланади.

 

Гулчеҳра Абдураззоқова,

Самарқанд давлат университети

Биокимё институти магистранти.

Даврон Ҳайитов,

Виварий илмий лабораторияси мудири.